Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистонда сиёсий партиялар кенгроқ ваколатларга эришмоқдами?

Ўзбекистон Сенати сиёсий партияларнинг ваколатларини кенгайтирувчи конституцион ўзгаришларни тасдиқлади.

Эндиликда сиёсий партиялар Бош вазирликка номзодларни илгари суришлари ва бош вазирни лавозимидан олишлари мумкин бўлади.

Шу вақтгача Ўзбекистонда Бош вазирни тайинлаш ваколати фақатгина Президентга берилган эди.

Аммо жорий ўзгаришлар ҳам Президентнинг ташаббуси билан амалга ошмоқда.

Бу нимани англатади ва нима учун айнан ҳозир бунга қўл урилмоқда?

Шарҳловчи Камолиддин Раббимов фикрича, аслида бу жараёнлар 2000 йилларнинг бошларидан бери, яъни президент Ислом Каримовнинг "кучли давлатдан кучли жамиятга" концепциясини илгари сурганидан бери бошланган. Лекин бу амалда Ўзбеистонда ҳақиқатан ҳам ҳокимиятларнинг бўлиниши юз бераётганлигини англатмайди.

"Чунки Ўзбекистондаги муаммолар шу қадар чуқурки, фақатгина Президентнинг ўзи бу муаммоларни ҳал қилишга қодир эмаслигини жаноб Каримов тушуниб етди. 90- йилларда ҳокимият Ўзбекистонда мутлақ марказлашган бўлса, ҳозирда ҳокимият бўлиниши эмас, вазифалар бўлиниши жараёни юз бермоқда", деди шарҳловчи.

Жаноб раббимовга кўра, бу жараён Президентнинг яккаҳокимлигига путур ё муаммо туғдира оладиган даржага чиқмайдиган шаклда олиб борилмоқда ва жаноб Каримовнинг мамлакатдаги ҳар қандай институтларни назорат қилиш қобилияти пасаяётгани йўқ.

"Агарда ҳақиқий демократик ўзгартиришлар ҳақида гап кетганда Президентга ишончсизлик билдириш, унинг ҳокимиятини тергаб туриш йўллари борасида қонунчиликка ўзгартириш киритилган бўларди, лекин гап бу ҳақда кетмаяпти", деди Би-би-си билан суҳбатда шарҳловчи Камолиддин Раббимов.