Рустам Қосимжонов Тошкентда ўтган ўртоқлик матчини Анандга бой берди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Сурат ЎШФ веб саҳифасидан олинди

Ўзбекистонлик донгдор шахматчи Рустам Қосимжонов Тошкентда бўлиб ўтган ўртоқлик учрашувида ҳиндистонлик таниқли рақиби Вишванатан Анандга йирик ҳисоб билан енгилди.

Ўзбекистондан олинган хабарларга кўра, тезкор шахмат тизими бўйича ўтказилган тўрт партия беллашувдан Рустам Қосимжонов 0.5, Вишванатан Ананд эса, 3.5 ярим очко жамғаришга муваффақ бўлишган.

Дунёнинг номдор шахматчилари орасидаги ўртоқлик учрашуви Ўзбекистон Шахмат Федерацияси ва "Ўзбекистон Маданияти ва санъати форуми" жамғармаси томонидан уюштирилганди.

"Ўзбекистон Маданияти ва санъати форуми" жамғармаси Васийлар кенгашига эса, президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова раислик қилади.

Вишванатан Ананд шахмат оламида ҳар уч тасниф бўйича олий унвонни қўлга киритган дунёдаги ягона шахматчи ва 2007 йилдан буён амалдаги Жаҳон чемпиони ҳисобланади.

Ҳиндистонлик донгдор шахматчи ўз спорт турида олти бор Оскар мукофотини ҳам олишга муваффақ бўлган.

Рустам Қосимжонов Вишванатан Ананддан ўн ёш кичик бўлса-да, шахмат оламида 17-Жаҳон чемпиони саналади ва эришган ютуқлари бўйича дунёдаги манаман деган рақибларини ортда қолдирган.

У 2004-2005 йилларда Халқаро Шахмат Федерацияси таснифи бўйича энг олий унвон соҳиби бўлган. Ананд каби халқаро гроссмейстер мақомига эга.

Рустам Қосимжонов ўтган йили Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида бўлиб ўтган Осиё Ўйинлари чемпионлигини ҳам қўлга киритганди.

Шахмат бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг етакчиси ҳисобланади ва 2004 йилда Жаҳон чемпионатидаги ғалабаси ортидан Амир Темур ордени билан ҳам тақдирланган.

Якшанба кунги ўртоқлик учрашуви ортидан, яъни 28 ва 29 март кунлари таниқли шахматчилар ўзбекистонлик кучли ёш шахматчилар учун ўқув машғулотлари ҳам ўтказишади.