Дипломатни "эритган" панжобча қўшиқми ва ё дабдабали дастурхон?

Гийлоний ва Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ўзбекистон Бош вазири барча бошқа ишларини қўйиб, ўзини фақат Бош вазир Гийлонийга 'бағишлаган'...

Покистондаги The Express Tribune интернет саҳифаси Тошкентда Покистон Бош вазири Юсуф Ризо Гийлоний шарафига берилган зиёфат тафсилотларини ёзган.

The Express Tribuneга кўра, Гийлоний бошчилигида Ўзбекистонга борган Покистон расмийлари аввалига таниқли қўшиқчи Муножат Йўлчиева ижросида ўзбек мумтоз ашулаларидан тинглаганлар.

Кейин эса, ўзбекистонлик бошқа бир қўшиқчи машҳур панжобча қўшиқни бошлар экан, "покистонлик расмийларнинг юзларидан дипломатия ниқоблари тушиб, ҳаяжонда қичқиришни бошлашди", деб ёзади The Express Tribune.

Шунингдек, мақолада пешоварча зангори рангли кўйлак кийган ўзбек қўшиқчиси Мунира Мухамедова куйлашни бошлаши билан, ҳатто, Бош вазир Гийлонийнинг ҳам юзига табассум ёйилганини айтилади.

"Интерконтинентал" меҳмонхонасида 24 март куни берилган зиёфатга Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев мезбонлик қилган.

Зиёфат чоғи концертда мумтоз ва эстрада санъати қўшиқчиларининг чиқишлари тингланган. Турли ноз-неъматлар тўла дастурхонга бирин-кетин етти хил таом тортилган.

The Express Tribuneнинг ўзбек мулозимларидан биридан иқтибос келтиришича, таомлар учун энг сара маҳсулотлар шахсан Бош вазир Мирзиёевнинг кўрсатмаси билан Тошкент, Бухоро, Самарқанддан келтирилган.

Покистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммад Ваҳидул Ҳасаннинг айтишича, Бош вазир ва у билан бирга Тошкентга келган ҳайъатга алоҳида ҳурмат кўрсатилган.

Унга кўра, Ўзбекистон Бош вазири барча бошқа ишларини қўйиб, ўзини фақат Бош вазир Гийлонийга "бағишлаган".

Зиёфат ниҳоясида Бош вазир Гийлоний унутиб бўлмас кеча учун ижрочиларга миннатдорчилик билдираркан, у, айниқса, панжобча қўшиқ унга жуда ёққанини айтган, деб ёзади бу газета.

Гийлоний жанобларининг Ўзбекистонга сафари тафсилотлари ўта расмий хабарлар доирасида ёритилган.

Ўзбекистонга олий мартабали меҳмонларнинг келиши ва улар учун зиёфат чоғи уюштириладиган "кўнгилочар" дастурлар ҳақида одатда матбуот деярли ҳеч нарса ёзмайди.

Муҳожиротда бўлган санъаткорлардан бири бу каби зиёфатлар айрим ҳолатларда "хонлар саройидаги зиёфатлардан" ошиб тушишини айтади.

Ёшу қари санъаткорлар учун бу каби зиёфатларга чақирилганидан кейин келиш шарт қилиб қўйилган, дейди у.

"Сизнинг санъаткор сифатида Ўзбекистонда "гуллаб-яшнашингизнинг" гарови ҳам ана шу зиёфатларда хизматингизга боғлиқ бўлади," дейди ўз номини сир тутган, муқаддам сарой зиёфатларига чорланган санъаткорлардан бири.