Ҳисоб 1:2, Ўзбекистонга қарши ўртоқлик учрашувида бу гал Япония ғолиб чиқди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Сурат ЎФФ веб саҳифасидан олинди

Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоасининг япониялик рақибларига қарши Тошкентнинг "Жар" стадионида бўлиб ўтган иккинчи ва сўнгги ўртоқлик учрашуви шарқий осиёликлар фойдасига ҳал бўлди.

Қарийб саксон дақиқа бир текис кечган ўйинда ҳисоб фақат учрашув охирига келиб очилди.

Япониялик футболчилар орада қисқа фарқ билан кетма-кет икки бор мезбон ўзбекистонлик рақибларининг дарвозасини аниқ нишонга олишга муваффақ бўлишди.

Учрашувнинг 76-дақиқасида японлар ярим ҳимоячиси Кеиго Ҳигаши, орадан бор-йўғи 2 дақиқа ўтиб эса, ҳужумчиси Кенсуке Нагаи урган икки тўп уларни олдинга олиб чиқди.

Сўнгги дақиқаларга келиб, ўйин янада шиддатли тус оларкан, Отабек Валижонов ягона бўлса-да, жавоб тўпини киритишнинг уддасидан чиқди.

26 март куни Тошкентнинг "Пахтакор" стадионида бўлиб ўтган илк ўртоқлик учрашувида 1:0 ҳисоби билан ўзбекистонлик футболчиларнинг қўллари баланд келганди.

Икки мамлакат Олимпия миллий терма жамоалари бундан аввал ўртоқлик учрашувларида бир-бирларига қарши майдонга тушишмаган.

Хитойда бўлиб ўтган сўнгги Осиё Ўйинларидаги муваффақиятсиз иштироки ортидан Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси ҳозирда ўртоқлик учрашувларига зўр берган.

Ўзбекистонлик олимпиячилар ўз ҳозирликларини яхшилаб, 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларининг финал босқичига чиқишни мақсад қилишган.

Худди шу ниятда миллий терма жамоа яқинда Туркияда ҳам тўртта ўртоқлик учрашуви ўтказиб қайтганди.

Японияда 11 март куни юз берган ҳалокатли табиий офатлар режаланган ўртоқлик учрашувлари тақдирини савол остида қолдирган бўлса ҳам, Ўзбекистон томонининг барча молиявий сарф-харажатларини ўз зиммасига олиши ўйинларнинг Тошкентда бўлиб ўтишига замин яратганди.

Ўзбекистон Футбол Федерацияси эса, ҳар икки ўртоқлик учрашувига ҳам кириш чипталарини текин қилганди.

Ўзбекистонда бўлиб ўтган ҳар икки ўртоқлик учрашуви маҳаллий ишқибозларнинг ҳам катта қизиқишларига сабаб бўлган.

Юз берган табиий офатлар сабаб, япониялик ишқибозлар Тошкентга кела олмаган бўлишса-да, ўзбекистонлик минглаб мухлислар об-ҳавонинг ёмон эканига қарамай, ҳар икки миллий терма жамоага бирдек ишқибозлик қилиб, уларнинг ўрнини билдиришмаган.

Ўзбекистонлик футбол мутахассисларига кўра, томонлар кўрсатган ўйинлари ва эришган натижаларидан қониқиш ҳосил қилишган.

Япония Осиё қитъасидаги энг кучли футбол устунларидан бири саналади.

Миллий терма жамоа ўз тарихида уч бор Ёзги Олимпиада Ўйинларининг чорак финалига чиқиш ва бир бор бронза медали олишга ҳам муваффақ бўлган.

Ўзбекистон томони худди шу омилни назарда тутиб, бўлажак учрашувларда ўзларига осон бўлмаслиги, аммо ажойиб ўйин кўрсатиб, ўз ишқибозларини хурсанд қилиш ниятида эканини айтганди.

Биз ўзбекистонлик таниқли футбол шарҳловчиси Аброр Имомхўжаев билан боғланиб, ҳар икки ўртоқлик учрашувидан чиқарилажак хулоса қандай бўлиши билан қизиқдик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди