Узоқ масофага қатновчи такси йўловчисининг кўрган-кечирганлари

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Узоқ масофага таксида йўлга отланганларнинг бошдан кечирганлари ҳамиша бир достон...

Ўтган бир неча йил асносида Ўзбекистонда узоқроқ масофларга сафар қилувчилар қимматроқ бўлса ҳам такси хизматидан фойдаланишни афзал кўрадиган бўлишган.

Тожикистоннинг Турсунзода туманидан Ўзбекистоннинг Сариосиёсига ўтар экансиз, ҳайдовчилар сизни ураб олишади: "Тошкентгами , Самарқандгами?"

Сурхондарёнинг яқин туманларига борувчилар ҳайдовчиларни кўпда қизиқтирмайди.

Лекин узоққа жўнайдиганлар ҳамиша ҳам кўп эмас. Хуллас, ҳайдовчи сизга бўш машинага ўтиришни таклиф қилса , кўп ҳолларда бошқа йуловчилар етиб келишаётгани, бу ҳатто ҳакда телефон орқали ҳайдовчини огоҳлантиришганини хам айтишлари мумкин.

Лекин баъзида "келаётган" йуловчининг соатлаб дараги бўлмаслиги ҳам кузатилади. Бир гал тожикистонлик онахон билан киракаш "Нексия"га ўтириб 3 соатдан ортиқроқ машина тўлишини кутганмиз.

Охири, чегарадан ўтувчилар камайиб, Самарқандга жўнайдиган йўловчи чиқишига кўзи етмагач, "Деновдан ўзим миндириб юбораман, сизларга нима фаркқ бор", деди.

Шундай қилиб, биздан келишилган пулни олди-да, Деновдан қатнайдиган таксичиларга "бизни сотди-кетди" десам хато булмас.

Биздан олган пулнинг ярмини ўзи олиб, қолганини деновлик ҳайдовчига берди.

Ўртада бизнинг вақт йўқотганимиз қолди.. Шу-шу чегарадан Самарқандга қатнайдиган машиналарга чиқмайман. Машинадан машинага ўтиш бироз ноқулай бўлса ҳам Самарқандга Денов орқали отланаман.

Сариосиё чегара постидан Деновгача нари борса бир соатлик йўл. 5-6 ой муқаддам ёқилғи нархи кўтарилиб кетганда бу йуналишдаги йўлкира нархи 3 ярим мингдан 5 минг сўмга чиқиб кетди.

Ҳозирда Ўзбекистонда бензин ҳам, газ нархи ҳам яна ўз ҳолига келди аммо чегарадан Деновгача йўлкира нархи тушмади.

Ўзбекистоннинг Бомбейи, деб аталадиган Деновдан мамлакатнинг марказий шаҳарларига таксилар анча кўп қатнайди.

Лекин бу ерда ҳам йуловчи ҳуқуқлари ҳимоя қилинмаган. Аввало оддий кунларда Денов-Самарқанд йуналишидаги йўлкирадан Самарқанд-Денов йулкираси қарийб икки бараварга қимматрок бўлади. Ўша йўл, ўша машина, ўша ҳайдовчи...

Байрамлар олди талабалар уйларига қайтадиган кунларда, айниқса, пахта йиғим-теримидан сўнг йўлкира 3 баробарга ҳам қимматлашади. Ўтган якшанбада Сариосиёдаги ҳарбий қисмда қасамёд қилиш маросими бўлиб ўтди. Узоқ-яқиндан маросимга ота-оналар келишди. Шу куни Самарқандгача ҳар киши учун йўлкира нархи 50 минг сўмгача чиқди.

Гоҳо шундай бўладики, бир машинада бораётган йуловчиларга айтилган нарх бир-бириникидан қарийб икки бараварга фарқ килади.

Соддароқ ёки бу йўлга биринчи марта чиқатёганлиги билиниб турган ва ёки кўшни мамлакатдан ўтган киши табиийки бу ердаги нарх-навони билмайди, уларга бошқачарок йулкира нархи айтилади. Паст-баландни биладиган киши эса савдолашади, тортишади, шунда ҳайдовчилар ҳам пастлай бошлайдилар.

Баъзан бир машинада икки ва бошкасида яна икки йўловчи ўтириб машина тўлишини кутаётган бўлади. Агар улар бир машинада бўлганида аллақачонлар йўлда бўлишларини йўловчилар ҳам ҳайдовчиларнинг ўзлари ҳам билишади.

Лекин йуловчиларни машиналарга тақсимлаш, нархни белгилаш ва ошкор ёзиб қўйиш борасида ҳеч ким қайғурмайди.

Ҳайдовчиларга эса бозор иқтисоди деган гап уларни ҳимоя қилувчи концепциядек бўлиб туюлади.

Баъзан қайсидир йўловчига уйига олиб бориш қўйиш ҳақида ваъда берилгани учун бундан бехабар бошқа йўловчилар ҳам гадойтопмас узоқ кишлоқларга йўл-йўлакай "сафар" қиладилар. Ўртада 1-2 соат вақт йўқолади, янада чарчайсиз, ўзингизни алданган ҳис қиласиз...

Ҳайдовчи-"почтачи"га ишингиз тушмасин...

Ҳайдовчилар ораисда "почта" деган тушунча бор. Яъни кимдир ниманидир - пул ёки бирор омонат молни бошка бировга етказиш учун ҳайдовчига топширади. Бунинг эвазига ҳам ҳайдовчи албатта ҳақ олади.

Кўп ҳолларда йўловчилар ҳайдовчининг "почта" олаганидан хабарсиз. Январ ойида Самарқанддан қайтаётганимизда ҳайдовчи ўндан ортиқ "почта" олганини кейин билиб қолдик. У қишлоққа кирамиз - 1 ярим мингни топширади, бошқа бир жойда катта йўл ёқасида яна кимнидир кутиб қоламиз -пул топшириш учун, унга 2 минг доллар берилади, яна бошка бир туманда ҳайдовчимиз кимнингдир эшигини тақиллатади...Йўловчи эса додини кимга айтишини ҳам билмайди.

Бундан ташқари, ҳозиргина узоқ йўлдан келиб, дам олмасдан яна шу йўлга чиққан ҳайдовчига тушиб қолганингизни билсангиз, ваҳима босаверади. Чунки Денов-Самарқанд йўлида ҳалокатга йўлиққан машина ҳайдовчиларининг дам олмасдан ёки тезликни оширганликлари билан боғлиқлиги ҳаиқда кўп эшитасиз.

Ҳайдовчилар эса уларга ҳам осон эмаслигини таъкидлашади. Йўллар ўнқир чўнқир...

"Тошкентдан Қарши ёки Термизга "катталар" самолётда келишади, улар ҳам шу йўллардан ўтишганда таъмир ишлари бир нави бўлармиди" дейишади ҳайдовчилар.

Мен эса ҳар сафар Сариқамишда селдан бузилган кўприк ўтган баҳордан буён тузатилмаганидан машиналар сой ичидан ўтишга мажбур эканликларига эътибор беравераман.