ОХҲТ Олий комиссари: 'Қирғизистондаги миллий низолар юзасидан халқаро тергов муҳимдир'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Миллий озчиликлар масаласи бўйича Олий комиссари Кнут Воллебек Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан учрашуви чоғида Қирғизистондаги июн қирғини юзасидан мустақил халқаро терговнинг ниҳоятда муҳимлигини яна бир бор таъкидлади.

2010 йилнинг июн ойида Қирғизистоннинг жанубий Ўш ва Жалол-Обод минтақаларида келиб чиққан қонли миллий низоларда минглаб кишилар қурбон бўлган, тан жароҳати олган ва минглаб бинолар вайрон бўлганди.

Этник зўравонликларда жабр кўрганларнинг аксарияти ўзбеклар экани айтилади.

Ўтган йили Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Парламент Ассамблеясида қилган нутқида жаноб Воллебек, "ғалаёнлар илдизини топиб, уни йўқ қилмай ва жавобгарларни маҳкамага тортмай туриб, Қирғизистонда узоқ муддатли барқарорлик ўрнатиш мумкин эмас"лигини айтганди.

Халқаро ташкилот вакилига кўра, Қирғизистон жанубида нималар юз берганини синчиклаб ўрганмай туриб, олдинга қадам босиб бўлмайди.

Кнут Воллебокнинг айтишича, бу нарсага фақат мустақил, халқаро ҳайъатнинг ёрдами билан эришилиши мумкин, холос.

Жаноб Воллебок Қирғизистон жанубидаги ўзбеклар қирғиз ҳарбийлари, фавқулодда хизматлари ва адлия тизимига ишончларини йўқотганлари, шу боис ҳам маҳаллий миқёсда ўтказилган текширув ишлари икки миллат аҳолиси орасида сулҳу мадорани қарор топтира олмаслигини ҳам урғулаганди.

Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоеванинг сўрови билан олиб борилган мустақил халқаро текширув натижалари эса, ҳали-ҳануз эълон қилинганича йўқ.

Тергов хулосаларининг шу кунларда ошкор қилиниши кутилган, аммо куни-кеча унинг яна бир ойга кечиктирилиши билдирилганди.

Бунга қирғизистонлик масъулларнинг хулосаларни ўрганиш учун кўпроқ вақт беришларини сўраб, қилган мурожаатлари сабаб бўлгани ҳам айтилганди.

Ўтган йилнинг сентябр ойида БМТнинг Тараққиёт саммитида сўзлаган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳам Қирғизистон жанубидаги сўнгги қонли ҳодисалар юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказишга чақирганди.

Ўзбекистон раҳбари фақат мустақил халқаро текширувгина қирғизлар билан ўзбеклар ўртасидаги ярашувга етакловчи йўл эканини, бундай текширувсиз қонли ҳодисалар яна такрорланиши мумкинлигини айтганди.

Ўзбекистон матбуотининг хабар беришича, жаноб Воллебек Ўзбекистоннинг июн воқеалари чоғида тутган мавқеига ҳам юқори баҳо берган.

Унга кўра, Ўзбек томонининг оғир-босиқ ёндашуви можароларнинг халқаро низоларга айланиб кетишининг олдини олган.

Июн қирғини пайтида Ўзбекистон Қирғизистон жанубидан қочиб ўтган юз мингга яқин қочқинларга ўз ҳудудидан вақтинчалик бошпана ҳам берганди.

ОХҲТ юқори мартабали мулозими Ўзбек расмийлари билан яна томонларни қизиқтирган қатор масалаларни ҳам муҳокама этган.