Мозори Шарифда оломон БМТ биносига ҳужум қилиб, бир неча инсон ҳалок бўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Мозори Шарифдаги Ҳазрат Али мақбарасида жума намозини ўқиб чиққан оломон БМТ қароргоҳига ҳужум қилган.

Шимолий Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрида ғазабнок оломон БМТ биносига ҳужум қилиб, ўт қўйиши оқибатида камида 8 киши нобуд бўлган.

Юзлаб инсонлар Ҳазрати Али мақбарасидаги масжидда жума намозидан чиқиб, Америкалик насроний руҳонийнинг Қуръонни ёқиш таҳдидига қарши тинч намойиш бошлашади. Аммо тез орада намойиш зўравонлик тусини олади.

"Америкага ўлим!", "Исроилга ўлим!", дея қичқирган оломон БМТ қароргоҳига қараб юришади ва ҳужум қилишади.

Шоҳидларга кўра, одамларнинг қўлида қуроллар бўлган. Кейин бинога ўт қўйишган.

БМТ бир неча нафар ходими ҳалок этилганини тасдиқлаган. Қурбонлар орасида хорижийлар ҳам, афғонистонлик ходимлар ҳам борлиги айтилмоқда.

Маҳаллий журналистларга кўра, ғазабнок одамлар айрим хорижийларнинг бошини танасидан жуда қилган. Лекин бу хабарлар мустақил манбалардан тасдиқланганича йўқ.

Америкалик насроний руҳоний Терри Жонс Қуръонни ёқаман, дея таҳдид қилганидан бери мусулмон дунёсида, хусусан, Афғонистонда ҳам норозиликлар юзага келганди.

Аммо шундоққина Ўзбекистонга чегарадош Балх вилояти маркази - Мозори Шариф мамлакатнинг энг тинч шаҳарларидан бири саналарди.

БМТдаги манбаларга кўра, шаҳарда ҳозир тартиб тикланган. БМТ махсус вакили Мозори Шарифга жўнаб кетган.