Туркия-Ўзбекистон иқтисодий ва сиёсий алоқаларида "эримаётган музлар"

Image caption ЎзТВда турк ширкатларини "фош қилувчи" дастурлар кўпайган

Ўзбекистон телевизиони Туркия бизнес ширкатларининг мамлакатдаги "ноқонуний" фаолиятини фош этувчи кампаниясини давом эттирмоқда.

Шу кунлар ўзбек телевизионининг биринчи канали "Шаҳар бедарвоза эмас" номли махсус дастурни намойиш этган.

Кўрсатувда ўзбек тележурналистикасига хос бир шаклда "фош қилувчи" оҳанг устивор бўлиб, тасвирларда бир қараганда ҳайратга арзимайдиган манзара намоён бўлади.

Муаллифларга кўра, турк ҳайдовчилари ҳордиқ чиқарадиган бу жой фоҳишаларни жалб қиладиган маконга айланиб бораётган экан.

Кўрсатувни томоша қилган мустақил журналистлардан бири " ғирт кампаниявозлик асосида ишланган бу дастурда барча ёмонликларга балогардон турклар деган қараш уқтирилади. Гўё мамлакатда фоҳишабозлик балосига ҳам шу турклар сабабчи, яъни агар улар Ўзбекистонга келишмаса, фоҳишабозлик ҳам гум бўладигандай..." дейди.

Турк юк машинасидан тушиб келаётган аёл экранда пайдо бўлар ва уни муаллифлар "фоҳишага" деб атар экан, кўп ўтмай турк ҳайдовчилари ва ширкатлари "ноқонуний намозхона ташкил қилиш, диний адабиётлар ва ДВДлардан фойдаланиш"да айбланади.

Бу ерда ҳам намозхона ва ҳам исловатхонани бўлганидан даҳшатга тушади киши, қабилида хулоса қилишади муаллифлар.

" Ҳали ҳеч бир мамлакатнинг бизнес гуруҳлари, ширкатлари бундай бир оммавий ҳақорату масхараларга дучор этилмаганди", дейди ўзбекистонлик журналист.

Туркия ва Ўзбекистон муносабатлари ўтган аср 90- йилларнинг бошларида бир илиб, кейинроқ ўзбек мухолифат лидерларининг Туркияда қўним топиши билан совуган ва ўртада пайдо бўлган "музликлар" ҳозирга қадар турфа баҳоналар билан эригани йўқ.

"Аввал сиёсат..."

Image caption Turkuaz шу ой бошларида ёпилди

Туркиялик сиёсатчи Аҳад Андижонийнинг айтишича, ҳамма гап Тошкент ва Анқара ўртасидаги сиёсий муносабатлар билан боғлиқ. Яъни, токи бу муносабатларда ўзаро ишонч шаклланмас экан, Турк ширкатларининг Ўзбекистонда нормал иш юритишлари ҳар икки томон учун ҳам орзу бўлиб қолаверади.

" Муносабатлар ёмонлашуви тўқсонинчи йиллар охирларида бошланган. 1999 йил феврал портлашларида ҳам Ўзбекистон ҳукумати Туркия билан боғлиқликни кўрди. Турк мактаблари, лицейлари ёпилди. Турк иш одамларининг бир қисми мамлакатдан чиқарилди. Сўнгги воқеалар ортида эса Ўзбекистон ҳукуматининг айрим турк ширкатларини диний жамоалар ила алоқаси бор деган гумонлари билан боғлиқ", дейди сиёсатчи Аҳад Андижоний.

Шу ой бошларида Тошкентдаги йирик Turkuaz савдо маркази ёпилар экан, Ўзбекистон ҳукуматининг Press-uz.info интернет саҳифасидаги мақолага биноан, савдо марказининг ёпилишига мамлакат қонунларининг кўп маротаба бузилиши сабаб бўлгани айтилганди.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларидаги сўнгги аксилтурк чиқишлар ортида айрим кузатувчилар мамлакатдаги қудратлироқ арбобларнинг "очкўзлигини" кўришса, бошқалар ҳукуматнинг кейинги пайтлар ўз соясидан ҳам чўчиётгани ҳақида гапиришади.

"Нурчилар" аталмиш оқимга алоқадорлик айблари билан собиқ турк лицейларини тугатган ўнлаб ёшларнинг қамоққа ташланаётгани манзарасида, баъзи мулозимлар, турк иш доираларида айрим диний жамоалар билан алоқалардан қўрқиб кетишгани айтилади.

" Агар Ўзбекистон ўз бозорини Туркия учун бутунлай ёпиб қўйганида ҳам бундан Анқара сезиларли даражада зарар кўрмаган бўлур эди, аммо Тошкент учун бу фойдали бўлмайди," дейди Аҳад Андижоний.

Аммо Ўзбекистон ҳукуматини афтидан шу кунлар иқтисоддан ҳам кўра, сиёсат кўпроқ ташвишга солаётган кўринади.

Кузатувчилар дунёнинг энг ёпиқ мамлакатларидан бири деб танилган Ўзбекистонда бизнес юритиш ва сармоядорлик соҳаси ҳеч қачон шаффоф бўлмаганини урғулашади.

Ўзбекистонлик журналистнинг айтишича, араб дунёсидаги талотўплар, интернет ва аҳолининг энг сиёсий фаол қатлами деб кўриладиган диндорлар бугун расмий Тошкентни жиддий ташвишга солган. Ҳукуматнинг бу "қўрқуви" ўз доирасидаги уддабуронроқ ва қудратлироқ шахсларга жуда қўл келмоқда. Туркия ширкатлари диний жамоалар билан алоқадор деган баҳона билан мўмайроқ бизнесни тортиб олиш осонроқдир.

" Туркиядаги диний жамоалар, хусусан, "Нурчилар" билан алоқадор деб танилган ширкатлар, иш одамлари юздан ортиқ мамлакатларда, жумладан Марказий Осиёнинг барча давлатларида фаолият олиб боришади. Аммо ҳозирга қадар бу ширкатлар ва ё иш одамларининг маҳаллий ҳукуматга қарши ҳаракатларни рағбатлантирганига доир бирор исбот йўқ,"дейди Аҳад Андижоний.