Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Тошкентдаги маҳкама ҳуқуқ фаоли Абдулло Тожибой ўғлига қарийб 3 ярим миллион сўм жарима солди

Тошкентдаги Ҳамза туман маҳкамаси инсон ҳуқуқлари фаоли Абдулло Тожибой ўғлига "ўртача ойликнинг 70 баробари" миқдорида жарима солингани тўғрисида қарор чиқарган.

"Бу тахминан 3 ярим миллион сўмни ташкил қилади. Эртага суд қарорини оламан ва ўша судиянинг чиқарган қарорини бекор қилиш тўғрисидаги шикоят хатини ёзиб, мурожаат этаман", дейди инсон ҳуқуқлари фаоли.

Абдулло Тожибой ўғли душанба куни "Қуйлуқ" бозори яқинида мардикорлар билан учрашаётган маҳал қўлга олиниб, Ҳамза туман ички ишлар бўлимига олиб кетилган ва Маъмурий Кодекснинг 201 моддаси бўйича маҳкамага тортилган.

"Манга Маъмурий Кодекснинг 201 - моддасининг 1 - қисми қўйилди. Бу, яъни, митинглар қилиш, кўчада кўпчлик билан ҳаракат қилиш, кейин, йиғин ўтказиш айбловини қўйишди. У ерда, масалан, митинг ўтказганим йўқ. Мен уларнинг, ҳар битта сўраган одамнинг конституцион ва инсоний ҳуқуқлар борасидаги саволларига жавоб бердим. Бу митинг эмас", дейди Абдулло Тожибой ўғли.

Би-би-сига гапирган инсон ҳуқуқлари фаолининг айтишича, у "Қуйлуқ" бозори яқинидаги мардикорлар билан уларнинг шикоятлари асосида учрашган ва улар билан конституциявий ҳақ-ҳуқуқлари борасида суҳбат ўтказаётган бўлган.

Ҳуқуқ фаолига кўра, мардикорлар, асосан, доимий паспорт назоратидан шикоят қилишган. Аммо, Абдулло Тожибой ўғли мардикорларни бир кунлик иш билан таъминловчи биржа раҳбарияти хонасига чақирилган ва уни мардикорларни "қўзғолонга даъват этган"ликда айблашган.

Инсон ҳуқуқлари фаолига кўра, кейин у ерга шаҳар ички ишлар бўлимининг терроризмга қарши кураш бўлими ходимлари етиб келишган.

Абдулло Тожибой ўғлининг айтишича, маҳкама жараёнида унга ҳимоячи бериш ва айблов хулосаси билан танишиш борасидаги талаблари қондирилмаган.

Абдулло Тожибой ўғлига бундан олдин ҳам рухсат этилмаган пикетлари ўтказганликда айбдор топилиб, уч марта жарима солинган. Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, ҳозир жарималарнинг умумий миқдори 15 миллион сўмни ташкил этади.