Human Rights Watch: 'Ўзбекистон элчининг овозини ўчира олмайди'

Image caption "Хьюман Райтс Вотч" вакили ўтган йиллар давомида Ўзбекистонда "фундаментализм"да айбланиб, минглаб инсонларнинг қамоққа ташланганликларини айтади

"Хьюман Райтс Вотч" халқаро инсон ҳақларини сақлаш ташкилотининг Тошкентдаги бўлими раҳбари Стив Свердлов Ўзбекистонда фаолият олиб боришларига расман рухсат берилмаган бўлса ҳам, у ердаги ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар беришда давом этишларини айтган.

Стив Свердловнинг "Нью Йорк Таймс" газетидаги чиқиши Ўзбек ҳукуматининг Тошкентдаги идораларини ёпиш қарорига муносабат ўлароқ янграйди.

"Ўтган йил охирларида Ўзбек ҳукумати мамлакатда фаолият олиб боришим учун аккредитация бермади ва энди эса, ваколатхонамизни ёпишга мажбур қилди. Ташкилотимизнинг 33 йиллик фаолияти давомида бунақаси бўлмаган," дейди Стив Свердлов.

- Ўзбек ҳукумати бирор бир расмий изоҳ келтирмаган бўлса ҳам, бу хусусда анча аввал қарор қилган кўринади. Бошқа томондан, уларнинг Ўзбекистондаги ҳуқуқбузарликлар борасида ҳеч кимнинг хабар бермаслигини исташлари ҳам йиллар давомида аён эди. Дейлик, ўтган олти йил давомида Тошкентдаги вакилларимизга виза берилмади ёки кечикиб берилди. Уларнинг аккредитация олишлари ҳам имконсиз бўлди, дея сўзларида давом этади у.

Халқаро ташкилот вакили Ўзбек ҳукумати нафақат уларнинг идорасини ёпишга урингани, балки маҳаллий инсон ҳақларини сақлаш ташкилотларининг фаолиятини ҳам яқиндан кузатиб боришини таъкидлайди.

Ички аҳвол

- Ўзбекистонда расман рўйхатдан ўтган ягона маҳаллий инсон ҳуқуқлари ташкилоти "Эзгулик" бўлса, улар ҳам мунтазам тазйиқ остидалар. Ўзбекистонлик фаоллар кундалик пўписалар, доимий кузатув хавфи остида, амалдаги уй қамоғи шароитида, чиқиш визаларини ололмай, фуқаровий ёки жиноий айбларга юз тутиш эҳтимолларига қарамай, ўз фаолиятларини олиб боришади, дейди муаллиф "Нью Йорк Таймс" газетидаги мақоласида.

Стив Свердлов ўз мақоласида, Ўзбекистонда "Ўндан ортиқ инсон ҳуқуқлари ходимлари, қатор сиёсий фаоллар ва журналистлар қамоқхонада эканликлари, улардан аксариятининг соғлиқлари ниҳоятда ёмон экани ва баъзи бирларининг қийноқларга солинганликларини" ҳам келтириб ўтади.

Муаллиф яна, "2004 йилдан буён ҳукумат деярли барча халқаро ноҳукумат ташкилотларини Ўзбекистондан чиқариб юборганлиги"ни ҳам айтади.

Стив Свердловга кўра, "Ўзбек ҳукумати аксарият халқаро ахборот агентликларининг Ўзбекистондан хабар беришларига тўсқинлик қилган, мамлакатда қолаётган саноқли мустақил журналистлар ҳам катта миқдордаги жарима ёки қамоқ жазоси билан якунланувчи "бўҳтон қилиш" таҳдиди остида фаолият олиб боришади.

Қийноқлар

Халқаро ташкилот вакили, яна, ўтган йиллар давомида Ўзбек ҳукумати "фундаментализм"да айблаб, минглаб кишиларни қамоққа ташлагани ва улардан аксариятини қийноққа солганлиги ҳақида ҳам ёзади.

Минглаб мактаб ўқувчиларини йилига икки ойлаб пахта-йиғим теримига жалб этилиши ҳақида ҳам тўхталиб ўтади.

Мақолада ёзилишича, "Ўзбекистон ҳибсхоналари ва қамоқхоналарида қийноқ ва номақбул муносабатда бўлиш ҳоллари кенг тарқалган".

Халқаро ташкилот вакилига кўра, ҳибсхоналардаги қийноқ ҳолларига қарши муҳим тўсиқ сифатида кўрилган ҳуқуқий текширув (habeas corpus) ишлари Ўзбекистонда на-да назарияда ва на-да амалиётда мавжуд.

Кўпчилик олиб борилишини истаган "ислоҳот"лардан бир йил ўтиб, Ўзбек ҳукумати мустақил ҳуқуқшунослар уюшмасидан бўлган қораловчиларга лицензия бериш ваколатини Адлия вазирлигига берди. Бунинг оқибатида эса, сиёсий қалтис ишларда маҳбусларни намоён этиб келган аксарият мустақил ҳуқуқшунослар бир четга чиқиб қолишди, дейди муаллиф.

Омиллар

Стив Свердлов бунга қисман Афғонистон билан чегарадошлиги ва табиий газ захиралари туфайли Ўзбекистон билан қайта сиёсий мулоқот йўлини тутаётган Ғарб давлатлари ҳам айбдор, дейди.

Унга кўра, Яқин Шарқдаги сўнгги ҳодисалар "дўстона автократ"ларни кўр-кўрона дастаклаш калта ўйланган ва аксилсамара берувчи иш эканлигини кўрсатган.

"АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи ўз мавқеъларини қайта кўриб чиқиб, Ўзбекистонга ўз халқига шафқатсиз муносабатда бўлиш ва халқаро матбуотнинг йўлига тўсқинлик қилиш қимматга тушишини очиқ билдириб қўйишлари лозим," дейди ўз мақоласи сўнггида "Хьюман Райтс Вотч" халқаро ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Стив Свердлов ўз мақоласининг сўнггида.