Ўзбекистонликнинг қулликка тушгани эҳтимолидан хавотирланган яқинлари кўмак сўрамоқдалар

Россияга иш излаб кетган ўзбекистонлик Эсон Бобоевнинг аҳволидан хавотирланган қариндошлари инсон ҳақлари гуруҳлари ва Россия расмийларидан ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Яқинлари Эсон Бобоевнинг оиласига пул юбора олмаётгани, ҳатто телефон қўнғироқлари қилмаётганидан у қулликда ушлаб турилипти, дея хавотир билдирмоқдалар.

Сурхондарёнинг Олтинсой туманилик 43 ёшли Эсон Бобоев 2008 йилда Россияга меҳнат муҳожирлигига кетган, ҳатто отасининг дафн маросимига ҳам кела олмаган.

Даставвал оиласига пул юбориб, телефон қўнғироқлари қилиб турган Эсон Бобоев 2011 йил бошланганидан буён рафиқасига атиги бир марта қўнғироқ қилган, ҳозир Ўзбекистонга юборишга ҳам, ўзи қайтиб кетиши учун ҳам пули йўқлигини айтган.

"Нима учун пул жўната олмаётганини ҳам билмаймиз, қулликка сотилиб кетган-кетмаганини ҳам билмаймиз. "Ишлаётган бўлсангиз, болаларга уч-тўрт сўм пул юборинг, дедик, пулим йўқ, деди. Ишлаб пул топа олмаётган бўлсангиз, уйга йиғиштирилиб келинг, десак, ҳатто боришга ҳам пулим йўқ деди", деб айтади рафиқаси Саида Жўраева.

Эсон Бобоевнинг тоғаваччаси Акмал Соатов 2008 йилда бирга Россияга отланишган, аммо Россиядаги молиявий инқироз туфайли яхши даромад топа олмаганидан Ўзбекистонга қайтишга қарор қилган.

Акмал Соатов қариндошининг қулликда ушлаб турилган бўлиши мумкинлигидан хавотирланади.

Акмал Соатовнинг айтишича, Эсон Соатов ўзининг Тула вилоятида туманлардан бирида ёғоч кесиш цехида ишлаётганини айтган, унинг ҳужжатларини тортиб олиб қўйиб, маошсиз ишлашга мажбур қилаётган бўлишлари мумкин.

Шундан кейин яқинлари Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш "Эзгулик" жамиятига, Россия Бош вазири Владимир Путин, Россия Ички ишлар вазири Рашид Нургалиевга мурожаат қилганлар, Эсон Бобоевни ватанига қайтаришда ёрдам беришни сўраганлар.

Би-би-си яқинларидан Эсон Бобоевнинг Россиядаги мобил телефони рақамларини олиб қўнғироқ қилди, аммо бу телефон қўнғироқларига ҳозирча ҳеч ким жавоб бўлмади.

Меҳнат муҳожирлигига Россияга борган инсонларнинг қулликка тушиб қолишлари ҳоллари кўп учрайди, замонавий қуллика тушиб қолишга ўзбекистонликларнинг ўзларининг ватандошлари ҳам сабабчи бўлган ҳоллар бўлган, россиялик бир неча қулфуруш маҳкамаларга ҳам тортилганлар.