Президент Ислом Каримов Нурсултон Назарбоевни қайта сайланиши билан табриклади

Ўзбекистон президенти қўшни қозоғистонлик ҳамкасбини яна бир бор президент этиб сайланиши билан табрикларкан, президентлик сайловлари натижалари қозоқ халқининг ўз раҳбарига бўлган юксак ишончи ва дастагидан далолат эканини айтган.

Ислом Каримов президент Нурсултон Назарбоевга табрик йўлланмасида узоқни кўра биладиган сиёсатчи ва раҳбарнинг бой тажрибаси бундан кейин ҳам Қозоғистоннинг манфаатларига хизмат қилишини урғулаган. Бундан ташқари, ҳар икки давлат ва халқ қўшничилик ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилишини ҳам айтган.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ўтган якшанба куни бўлиб ўтган сайловларда расман 95 фоиздан ортиқроқ овозларни қўлга киритиб, яна беш йиллик муддатга мамлакат президенти этиб сайланганди.

Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоев Марказий Осиё давлатларида раҳбарликлари энг узоққа чўзилган давлат раҳбарлари саналишади.

Ҳам Ўзбекистон ва ҳам Қозоғистон президентлари ўз мамлакатларини Шўролар Иттифоқининг сўнгги йилларидан буён бошқариб келишади. Ва орада бўлиб ўтган барча президентлик сайловларида ҳам йирик ҳисоб билан ғалаба қозонганликлари эълон қилинган.

Марказий Осиёдаги энг бой ва қудратлиларидан деб саналган бу икки давлат йилларки минтақада таъсир ва мавқеъ жиҳатдан биринчи бўлишга уриниб келишади.

Шу боис, маҳаллий кузатувчилар ҳам икки президент орасидаги муносабатлар ҳеч қачон илиқ бўлмаганини урғулашади.

Икковлоннинг раҳбарлик моделлари ва минтақани ривожлантиришга оид стратегиялари-да бир-биридан фарқ қилади.

Таҳлилчилар Ўзбекистондан фарқли тарзда "кўп қутбли" ташқи сиёсат олиб бораётган президент Назарбоевнинг ўтган 19 йил бадалида Қозоғистонга 120 миллиард доллар ҳажмида хорижий сармоя киритишга муваффақ бўлганига эътибор қаратишади.

Лекин ҳар икки давлат ҳам Россия бошчилигидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ва Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотларига аъзо. Бироқ Ўзбекистон расмий Кремлдан муайян масофа сақлаган ҳолда, КХШТининг барча ташаббусларига ҳам қўшилавермайди.

Аммо минтақанинг хавфсизлиги ҳар икки давлатни бирдек ўйлантириб келаётган муаммолардан бири саналади. Ўзбекистон ҳам, Қозоғистон ҳам исломий экстремизм ва Толибон хавфининг олдини олиш учун халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистондаги амалиётларини дастаклаб келишади.

Минтақавий иқтисодий таҳлилчилар эса, Ўзбекистон ва Қозоғистон бир-бирларининг иқтисодларини тўлдиришлари мумкинлиги омилига эътибор қаратишади.

Улар минтақада аҳолиси энг катта сонда бўлган Ўзбекистон иқтисоди анча илғор бўлган Қозоғистонни ёш, арзон ва ортиб бораётган ишчи кучи билан таъминлаши мумкинлигига ҳам диққат қилишади.

Бироқ, кузатувчиларга кўра, бу икки давлат орасидаги дипломатик ва иқтисодий алоқалар бу яқин орада гуллаб-яшнайдигандек кўринмайди.

Ўз бошқарувини деярли ўттиз йилга етказган сайловлардаги ғалабаси ортидан Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоевни яна Россия президенти ва Бош вазири, Беларус, Тожикистон ва Франция президентлари ҳам қутлашган.

Нурсултон Назарбоев эртага - 8 аперл куни Қозоғистоннинг янги президенти этиб қасамёдга келтирилади.