'Нажот': Хоразм вилояти жиддий экологик муаммолар қаршисида қолган

Ўзбекистондаги "Нажот" мустақил инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш ташкилотининг айтишича, сўнгги йилларда пайдо бўлган қатор экологик муаммолар шимолий Хоразм вилоятининг келажагини туман остида қолдирган.

Хоразм вилоятидаги экологик вазиятни мунтазам назорат этиб борувчи ташкилот бу каби хулосага ўзининг сўнгги ҳисоботида келган.

Ҳисоботда айтилишича, Хоразм вилоятида чучук сувга бўлган эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам ошиб кетган.

"Вилоят шаҳарлари, айниқса, Хивада асрлар давомида халқни тоза ичимлик суви билан таъминлаб турган қудуқлар қуриб қолган, қуримаганларининг эса, суви ичишга яроқсиз," дейди ташкилот.

"Нажот" ташкилотига кўра, Орол денгизининг қуриши, ерлар мелиоратив ҳолатининг бузилиши, сувдаги туз миқдорининг кўпайиши, тўқайзорларнинг пайҳон қилиниши натижасида вилоят аҳолисининг саломатлиги ёмонлашган, юрак қон-томир, ошқозон-ичак, нафас йўллари ва тери касалликлари кўпайган.

Хоразм вилоятининг Оролбўйи экологик оғир муҳитида жойлашганлигини назарда тутаркан, ташкилот 1998 ва 2008 йиллар оралиғида ногирон аёллар ва болаларнинг сони ҳам олти баробар ортганлигини айтади. Болалар ва хотин-қизлар орасида камқонлик ҳолларининг авж олганлигини ҳам урғулайди.

Вилоят тўқнаш келиб турган қатор экологик муаммоларга тўхталаркан, "Нажот" ўзининг янги ҳисоботида термитлар муаммосига ҳам алоҳида эътибор қаратади.

Ташкилотга кўра, бугунги кунда термитлар нафақат Хива обидаларини, балки шу ҳудудда яшаётган аҳоли турар-жойларини ҳам тагидан емириб, қулаб тушиш даражасига олиб келмоқда. Ҳисоботда айтилишича, Хива шаҳридаги 400 га яқин уй термитлар туфайли яшаб бўлмайдиган аҳволга келиб қолган.

"Нажот", ўз ўрнида, атроф-муҳитда шўрланиш даражасининг кескин ортиши ҳам вилоятдаги меъморий обидаларни емираётгани, бу ҳолат деярли барча тарихий ёдгорликларда яққол кўзга ташланишини урғулайди.

Ташкилот мамлакатдаги бюджет камомади, аҳолининг саломатлигини яхшилаш ва экология масалалари билан шуғулланиши керак бўлган қатор муассасаларнинг коррупциялашгани, бу соҳаларга ажратилган маблағ, инсонпарварлик ёрдамлари мақсадли равишда сарф этилмаётгани сабабли мавжуд муаммоларнинг ўз ечимини тополмаётгани кўпчиликка аён эканини айтади.

"Нажот" мустақил инсон ҳуқуқларини сақлаш ташкилотига кўра, Хоразм вилоятида вужудга келган экологик аҳволни яхшилаш учун давлат ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги сув ва ҳаводек зарурдир.

Биз ташкилот раҳбари Ҳайитбой Ёқубов билан боғланиб, энг аввало бу каби ҳисоботни эълон қилишдан мақсадлари нима экани ҳақида сўрадик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди