АҚШ ҳукумати Ўзбекистондаги "ўта жиддий" инсон ҳақлари вазиятидан хавотирда

Image caption Ҳисоботда ўзбек қамоқхона ва ҳисбхоналарида давом этаётган қийноқлар батафсил тасвирланган

АҚШ Давлат Департаменти ўзининг инсон ҳуқуқлари борасидаги йиллик ҳисоботида Ўзбекистонни "инсон ҳуқуқлари ўта жиддий таҳқирланадиган" мамлакатлар сафига қўшган.

2010 йилда жаҳон бўйлаб инсон ҳақлари аҳволини баҳолайдиган ҳужжатда Ўзбекистон Фил Суяги Қирғоғи, Судан, Зимбабве, Бирма, Хитой, Шимолий Корея, Беларусь, Россия ва Афғонистон каби мамлакатлар билан бир бўлимга жойлаштирилган.

Ўзбекистон илк маротаба жаҳон ҳамжамияти томонидан ихоталаб қўйилган Зимбабве, Бирма ва Беларусь каби давлатлар ёнидан жой олаётгани йўқ.

Ҳисобот инсон ҳақлари билан боғлиқ вазият ўтган йил айниқса Баҳрайн, Ливия ва Сурияда ёмонлашганини таъкидлайди. Айни мамлакатлар ҳозирда аксил-ҳукумат намойишлари ичида қолган, бироқ ҳисобот бу ғалаёнлар ёрқинроқ келажакдан умидвор этишини айтади.

Ҳужжат тақдимоти маросимида нутқ сўзлаган АҚШ Давлат Котиби Хиллари Клинтон АҚШ расмийлари охирги бир неча ой давомида "Яқин Шарқ ва Шимолий Африка, ҳамда умуминсоний инсон ҳуқуқларига ҳурматни ва тинч йўлдаги демократик ўзгаришларни талаб қилган бошқа репрессив режимлардаги фаолларнинг жасоратидан илҳомланишган"ини айтган.

АҚШ Давлат Департаменти ҳисоботида айниқса январ ва феврал ойларида президентлари ағдарилган Тунис ва Мисрдаги воқеалар ёритилган. Унга кўра, мазкур воқеалар бутун минтақани яхши томонга ўзгартириши мумкин.

Ўзбекистондаги қийноқлар

Ҳисобот 2010 йилда Ўзбекистонда қийноқлар қўлланиши давом этганини айтади.

"Конституция ва қонунлар бу каби тажрибани ман этсада, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва хавфсизлик кучлари зобитлари маҳбуслардан иқрорномалар ёки маълумот олиш учун уларни мунтазам равишда дўппослашган ёки бошқа йўл билан таҳқирлашган", -дейилади ҳисоботда.

АҚШ ҳужжатининг манбалари қийноқлар ва таҳқирлашлар ўзбек қамоқхоналари ва ҳибсхоналарида оддий ҳолат эканини айтишган.

"Хабар қилинган қийноқ усуллари сирасига қаттиқ дўппослаш, овқатдан маҳрум қилиш, жинсий таҳқирлаш, қўлларини боғлаб осиб қўйиш ва электрошок киради. Маҳбусларнинг оила аъзолари бир неча бор тиббиёт ходимларининг таҳқирлашларидан шикоят қилишган. Бир киши руҳий муолажага мажбурланган", - дейди ҳисобот.

Ҳужжатга биноан ўзбек маҳкамалари судланувчиларнинг тергов вақтида қийноқларга тутилаётганлари борасидаги даъволарини рад этишда, ёки зобитларни жазосиз қолдиришда давом этмоқда.

"Март ойида диний экстремизмда айбланган 25 судланувчидан 12 нафари Жиззах маҳкамасига ҳибсхонада қийноқларга солинганларини хабар қилишган. Маҳкама тергов ўтказилишини буюрган, бироқ қийноқ аломатлари йўқ дея хулоса қилган", - дейилади ҳисоботда.

Инсон ҳақлари ҳисоботи қийноқ даъволари рад қилинган бир қатор маҳбусларнинг мисолини ҳам келтиради.

"29 мартда Бухоро маҳкамаси Қурбон Қодировни диний экстремист гуруҳ аъзоси сифатида аксил-конституциявий фаолиятда иштирок этганликда айблаган ва саккиз йиллик қамоқ жазосини берган. Маҳкама Қодировнинг ўзи тергов даврида қийноққа тутилгани учунгина иқрорномага имзо чеккани борасидаги шикоятларини ҳисобга олмаган", - дейди ҳисобот.