Ўзбекистон ва Оврўпо Иттифоқи мулоқоти яширин тус олмоқдами?

Фото муаллифлик ҳуқуқи EU
Image caption Андижон хунрезлиги ортидан киритган жазо чоралари иш бермаган Оврўпо Иттифоқи энди Ўзбекистон билан мулоқот йўлини танлаган.

Оврўпо Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги мулоқотларнинг ёпиқ эшиклар ортида ўтаётгани Тошкентдаги инсон ҳуқуқлари фаолларини хавотирга сола бошлаган.

"Эксперт" Ишчи Гуруҳи бу борада махсус баёнот билан чиқиб, Брюссел ва Тошкент ўртасидаги мулоқот тафсилотларидан Ўзбекистонда фуқаролик жамияти яратиш тарафдорлари бехабар қолишмоқда, дея қайд этган.

2005 йилги Андижон хунрезлиги ортидан Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистонга қарши қўллаган жазо чоралари иш бермаган. Сўнгги йиллари эса Брюссел вакиллари Марказий Осиё бўйича янги стратегия ишлаб чиқиб, яккаҳоким бошқарув амал қилаётган, аммо нефт-газга бой ҳамда тобора геостратегик жиҳатдан муҳимлиги ошиб бораётган бу минтақа билан мулоқот ўтказиш йўлини танлашган.

Лекин Ўзбекистондаги фаоллар мамлакатда ҳамон инсон ҳақ-ҳуқуқлари топталаётгани ва аҳволни ўнглаш борасида ҳукумат етарлича иш қилмаётганини айтишади. Уларнинг фиркича, Ғарб ўзининг геосиёсий ва иқтисодий манфаатларини ўйлаб, абгор ҳолатга кўз юмаяпти.

Аммо бугун Ғарбда яшаётган асли ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевга кўра, Оврўпо Иттифоқи бугун Тошкентда ўз ваколатхонасини очмоқчи ва Халқаро Меҳнат Ташкилоти мутахассисларини Ўзбекистонга жўнатиб, бу мамлакатдаги болалар меҳнатига оид аҳволни ўрганмоқчи.

"Тўғри, Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистондаги вазият ва интернетга кўрсатилаётган босимларга кўз юмаяпти" - деб давом этади Тошпўлат Йўлдошев -"Чунки Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва у ерда муайян инфратузилмани ривожлантириш учун Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистоннинг иштирокини кучайтирмоқчи".

"Бироқ Оврўпо Иттифоқи ўзининг Афғонистон ва Марказий Осиёдаги манфаатларини ҳисобга олиб, Андижон хунрезлиги, инсон ҳуқуқлари аҳволи каби масалаларни кўтармаяпти" - дейди сиёсатшунос -"Ёки кўтарганда ҳам уларни иккинчи ўринга қўймоқда".

Дарҳақиқат, Покистон орқали Афғонистон жанубига борадиган таъминот йўли сўнгги йиллари тез-тез исёнкорлар ҳужумларига тутилмоқда. Бу манзарада эса Ўзбекистон орқали ўтадиган шимолий таъминоти йўли аҳамияти ошаётир.

Ҳозир Ўзбекистон Термездан Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрига темир йўл қурмоқда. Ёқилғи ва бошқа стратегик ашёлар ўтиши нуқтаи назаридан Термез-Ҳайратон чегара маскани аллақачон Афғонистон учун энг муҳим нуқта саналади.

Бир неча йил олдин Ислом Каримов Брюсселга ташриф буюрган ва бу воқелик халқаро инсон ҳуқуқлари доираларида кенг танқид қилинганди.

Аммо кузатувчиларга кўра, аслида, ана шу сафар ҳам етарлича самара бермаган ва Ўзбекистон оврўполик сармоячиларни ўзи истаган даражада жалб эта билмаган.

"Президент Каримов шу сафардан қайтиши биланоқ, транзит нархларини кескин оширди ва Ўзбекистондаги Оврўпо ширкатларига маълум даражада босимлар ўтказилди" - дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Унинг айтишича, Оврўпо Иттифоқи дипломатик йўлларни ишга солиб, шу орқали келажакда Тошкентга таъсир ўтказиш воситаларини қўлга киритишга уринаётган бўлиши мумкин.