Ривалдо ўз даъвоси билан Зеромакс маҳкама ишида қатнашмоқчи

Image caption Ривалдо Бунёдкор жамоасининг нуфузини оширган юлдузлардан бири бўлди

Олмонияда чоп этилувчи Билд газетаси хабар қилишича, бразилиялик футболчи Ривалдо Зеромакс ширкатининг касодга учраши борасида Швейцарида бўлиб ўтадиган маҳкамада қатнашади.

Швейцарияда рўйхатдан ўтган Зеромакс ширкати Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага алоқадор экани айтиб келинган.

Ширкат бир йил аввал ўзбек ҳукумати олдида 500 миллион доллар қарз билан касодга учрагани, унинг мол-мулки эса Узбекнефтегаз ва Россиянинг Лукойл ширкатлари ўртасида бўлиб олингани айтилганди.

Билдда ёзилишича, Зеромакс Ривалдога Ўзбекистоннинг Бунёдкор футбол клубида ўйнагани учун 16 миллион еврони тўламаган. Мақолага биноан, ширкат Ривалдога 2008 йилда пул тўлаган, аммо сўнг 2010 йилгача умуман тўламаган.

"Биринчи йили менга тўлашди, кейин ҳеч нима олганим йўқ. Мен ҳали ҳам клубнинг сармоядорларидан ҳисобланаман, лекин бари охир-оқибат бузилган ваъдалар билан якун топди. Мен жуда алданган ҳис қилаяпман ўзимни", - деб айтган Ривалдо олмон нашрига.

2008 йилда Бунёдкор билан уч-йиллик шартномага имзо чеккан Ривалдо бир кун келиб айни клубнинг президенти этиб тайинланишига умид қилган.

"Менга ўз карьерам охирида ажойиб шерикликни таклиф қилишди, президент бўлишим керак эди", дея иқтибос келтиради Билд Ривалдодан.

Зеромакс ширкатининг йирик сармоялари ва ҳомийлиги билан дастакланган Бунёдкорни Марказий Осиёнинг "Челси"сига айлантириш режалари бўлган.

Янги футбол майдони ва Луиз Фелипе Сколаридек юлдуз мураббийлар ана шу режанинг бир қисми эди.

Зеромакс ҳозирда Швейцарияда касодга учраганини эълон қилган. Ривалдо ҳам Зеромакс кредиторлари рўйҳатига ўз исмини қўшган.

39 ёшли футболчи ўтган йили уч бразилиялик жамоадошлари ва клубнинг мураббийси Сколари билан Бунёдкорни тарк этган.

Ўн йил аввал барпо этилган Зеромакс ширкати бир вақтлар Ўзбекистонда ёқилғи шаҳобчаларини назорат қилган, нефть ва газ қазиб чиқарган ва қувурлари фаолиятини бошқарган, пахта, буғдой ва чорвачилик моллари, ҳамда тўқимачилик маҳсулотлари савдосидан миллионлаб доллар фойда олган.

Ғарбда ўзбек президентини бойитаётган манба дея кўрилган бу ширкат 2008 йилда ўз даромади 2,848 миллиард доллар бўлганини эълон қилганди.

Эгаси кимлиги борасида мубоҳасалар давом этар экан, ширкатнинг фаолияти ўтган йил 5 майида ўзбек маҳкамаси қарори билан тўхтатилган.