Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Гагариннинг одамларга, ишига ва дунёга муносабати бошқача бўлган" - фазогир Солижон Шарипов

Қирғизистонлик асли ўзбек фазогир Солижон Шарипов Юрий Гагариннинг илк марта фазога учишининг 50 йиллиги муносабати билан космонавтиканинг бугуни ва келажаги, ҳамда Гагариннинг қандай инсон бўлгани ҳақида Би-би-си билан суҳбатлашди.

"Гагарин билан яқин ишлаганлар айтишади, унинг одамгарчилиги жуда бошқача, одамларга муомаласи жуда бошқача, ишга муомаласи, дунёга муомаласи бошқача бўлган. Ҳамманинг ичидан бекорга Юрий Алексеевич чиқмаган, уни Худо танлаганди, деган гап-сўзлар юради", - дейди асли ўзбек фазогир.

Солижон Шарипов ҳар бир космонавт фазога сафаридан олдин Юрий Гагариннинг "поехали!" деган чақириғини хитоб қилишини айтади.

"Ердан бир миллиметр кўтарилиши билан ҳамма бақириб айтади "Поехали!". Мен ҳам икки марта фазога учган бўлсам, икки марта ҳам ана шу сўзни такрорлаганман", - дейди жаноб Шарипов.

Би-би-си суҳбат бошида Солижон Шариповни космонавтика куни билан табриклади.