Алишер Усмонов Арсенал футбол клубидаги 27% ҳиссасини Стан Крёнкега сотмоқчи

Image caption Шу давргача Алишер Усмонов Арсенал клубидаги ҳиссаларини ошириш ниятида экани айтиб келинарди

Ўзбекистонда туғилиб ўсган миллиардер Алишер Усмонов Лондоннинг Арсенал клубидаги 27 фоиз ҳиссасини клубнинг энг йирик ҳиссадори Стан Крёнкега сотишни ҳисобга олаётганини билдирган.

Бу ҳақида Британияда чоп этилувчи Goal.com веб саҳифаси хабар қилган.

Усмонов жаноблари ва унинг бизнес шериги Фарҳод Моширий Арсеналнинг иккинчи энг йирик ҳиссадорлари ҳисобланади. Уларнинг ҳиссаси Крёнкенинг клуб устидан буткул назоратни олиши учун ўта муҳимдир.

Бир кун аввал британ матбуотида чоп этилган хабарларда америкалик миллиардер Стан Крёнке Арсеналдаги ҳиссалари миқдорини 62 фоизга етказгани ва клуб устидан буткул назоратни қўлга киритишга уринаётгани ёзилганди.

Goal.comнинг Усмоновга яқин манбаларда иқтибос келтириб ёзишича, Алишер Усмонов Крёнкенинг савдо амалларидан умуман бехабар бўлган.

Усмоновга тегишли Red and White Holdings ширкатига Крёнке ҳар бир ҳисса учун 11,750 фунт (19,096 доллар) таклиф этган. Усмонов ўтмишда ўз ҳиссаларини сотиш нияти йўқлигини айтган эсада, Крёнке таклифини рад этиш қийин бўлиши мумкин.

Усмоновнинг ўзи Арсеналдаги ҳиссаларини турли манбалардан анча арзонроққа сотиб олган ва Крёнке таклифига кўнса, яхши даромад кўриши мумкин.

"Биз таклифни кўриб чиқаяпмиз. Аммо, ҳозирча аниқ бир муддатни белгиламадик", - деб айтган Усмоновнинг Red and White ширкати вакили Goal.com нашрига.

Усмонов Арсеналнинг йирик ҳиссадорларидан саналсада, у клубнинг кундалик фаолиятига таъсир эта олмайди.

Унга Лондон шимолидаги Emirates стадионининг директорлар айвонида тўртта жой ажратилган, аммо у Арсенал директорлар кенгашига таклиф этилмаган.