Ривалдонинг ҳимоячиси: 'Бунёдкор'нинг ҳақиқий хўжайини Гулнора Каримова бўлган'

Image caption Ривалдо "Бунёдкор"ни минтақавий ўйинчига айлантирмоқчи бўлганини айтган

Ўзбекистоннинг энг донгдор футбол клуби-"Бунёдкор"нинг собиқ ўйинчиси Ривалдонинг ҳимоячисига кўра, клубнинг ҳақиқий хўжайини Президент Каримовнинг қизи Гулнора Каримова бўлган.

Интернет спорт нашри - "Спортингинтеллиженс" билан суҳбатда "Бунёдкор" ҳомийси "Зеромакс"га қарши маҳкама даъвосида бразилиялик футбол юлдузининг манфаатларини ҳимоя қилаётган Луис Перейра дунёнинг энг машҳур футболчи ва мураббийлари учун миллионлаб долларлар сарфлаган ўзбек клубининг Гулнора Каримовага тегишли экани ҳақида ҳозиргача тахмин қилиб келинган фаразларни тасдиқлаган.

"Биз "Бунёдкор"нинг ҳақиқий хўжайини Гулнора Каримова бўлганига ҳозир ишонаяпмиз", деб айтган Перейра.

"Спортингинтеллиженс" билан эксклюзив суҳбатда Ривалдо ўзининг "Бунёдкор" билан шартномасининг ҳозиргача маълум бўлмаган баъзи тафсилотларини ҳам ошкор этган.

Нашрнинг Ривалдонинг сўзларидан иқтибос келтиришича, 2008 йилда "Бунёдкор" билан шартнома имзолаган ўйинчи биринчи йил учун 6 миллион евро ҳамда реклама ҳақлари бўлиб, жаъми 7 миллион 100 минг евро даромад қилган.

Бир неча ой ичида 2 йил клубда қолиш таклифини олган ўйинчи 2011 йилга қадар шартнома имзолайди.

Ривалдо Ўзбекистоннинг маҳаллий клубини минтақавий ўйинчи ёки ундан ҳам каттароқ бир жамоага айлантириш ниятида бўлганини айтган.

"Спортингинтеллиженс" мухбирининг ёзишича, биринчи йили ҳаммаси кўнгилдагидек бўлган, чунки "Зеромакс"нинг пулдан муаммоси йўқ эди.

"Зеромакс" аввалига Зико, кейин эса Сколарини мураббийликка ёллаган.

"Улар Самуэл Этога бир мавсумга клубга ўйнаб бериш учун 25 миллион доллар таклиф қилишди ва испаниялик юлдуз ўйинчиларнинг Тошкентга бир марталик сафарлари учун 1 миллион доллардан тўлашди", деб ёзади нашр.

Аммо иккинчи йили, 2009 йилнинг ёзидан бошлаб, Ривалдога пул тўламай қўйишган.

"Унга ҳеч қандай катта муаммо йўқлиги, фақат нақд пул масаласи эканини айтишган, бунинг ноодатий кўринганига қарамай, Ривалдо хавотирга тушмаган",- дейди унинг ҳимоячиси.

Аммо нашрнинг ёзишича, кутишлар ойларга, кейин эса йилга чўзилади ва бир неча бразилиялик ёш ўйинчиларни жалб қилган Ривалдо улар учун ҳам масъуллигини ўйлаб клубда қолади ва уларнинг маошларини ўз ҳисобидан тўлайди.

"Зеромакс" бразилиялик футболчиларнинг меҳмонхона учун ҳақларини ҳам тўламай қўйди", -деган Ривалдо.

2010 йилнинг июлига келиб, тоқати тоқ бўлган Ривалдо ҳимоячиларни ишга солишга мажбур бўлади.

"Зеромакс" ҳам худди шу пайт касодга учраган.

"Мен Ўзбекистонни севаман ва у ерда жуда кўп дўстларим бор. Ҳаммаси шундай тугаганидан афсусдаман", деган Ривалдо.

Бразилиялик ўйинчи "Зеромакс"да 16 миллион доллар ҳаққи қолгани ва касодга учраган ширкатнинг Швейцарияда ўтиши кутилаётган маҳкамасида кўрсатма бериш ниятида эканини билдирган.

Швейцарияда рўйхатдан ўтган Зеромакс ширкати бир йил аввал ўзбек ҳукумати олдида 500 миллион доллар қарз билан касодга учрагани, унинг мол-мулки эса Узбекнефтегаз ва Россиянинг Лукойл ширкатлари ўртасида бўлиб олингани айтилганди.

Ривалдо ҳам Зеромакс кредиторлари рўйҳатига ўз исмини қўшган.

39 ёшли футболчи ўтган йили уч бразилиялик жамоадошлари ва клубнинг мураббийси Сколари билан Бунёдкорни тарк этган.

Ўн йил аввал барпо этилган Зеромакс ширкати бир вақтлар Ўзбекистонда ёқилғи шаҳобчаларини назорат қилган, нефть ва газ қазиб чиқарган ва қувурлари фаолиятини бошқарган, пахта, буғдой ва чорвачилик моллари, ҳамда тўқимачилик маҳсулотлари савдосидан миллионлаб доллар фойда олган.

Ғарбда ўзбек президентини бойитаётган манба дея кўрилган бу ширкат 2008 йилда ўз даромади 2,848 миллиард доллар бўлганини эълон қилганди.

Эгаси кимлиги борасида мубоҳасалар давом этар экан, ширкатнинг фаолияти ўтган йил 5 майида ўзбек маҳкамаси қарори билан тўхтатилган.