Тошкентда ШҲТ ва МДҲ махсус хизматлари вакиллари учрашмоқда

Image caption Россия ва Хитой етакчилигидаги Шанҳай ташкилоти АҚШнинг минтақадаги таъсирини мувозанатлашга қаратилгани айтилади

Тошкентда учрашаётган Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилоти ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги махсус хизматлари раҳбарлари терроризмга қарши кураш масаласини мубоҳаса этмоқда.

МДҲ аксилтеррор маркази тарқатган хабарда айтилишича, илмий-амалий анжуман чоғида махсус хизматлар вакиллари "Исломий Жиҳод", "Туркистон Ислом Партияси", "Ҳизбу Таҳрир" ва "Шарқий Туркистон Исломий Ҳаракати" сингари террорчи гуруҳларнинг фаолиятидаги янги тенденциялар ва уларга қарши курашнинг замонавий концепциялари" мубоҳаса этилади.

Ташкилотчиларга кўра, Беларус пойтахти Минск метросидаги юз берган портлаш манзарасида анжуман кун тартибидаги масала янада долзарблик касб этган.

Расмий хабарда айтилишича, анжуманда БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси мутахассислари ҳам иштирок этмоқда.

"Жаҳонда юз бераётган жараёнлар, шунингдек, МДҲ ва ШҲТ нинг бир қатор давлатларидаги ички ижтимоий-иқтисодий муаммолар террорчи ва экстремистик ташкилотлар фаолиятининг жонланиши учун яхши замин ҳозирлайди", дейилади расмий хабарда.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти 1990-чи йиллар бошида Хитой ва у билан чегарадош собиқ Совет Иттифоқи республикалари ўртасида баҳсли ҳудудларни ҳал этиш ниятида тузилган эди.

Ҳозирда у иқтисодий, сиёсий, хавфсизлик ва ҳарбий соҳалардаги ҳамкорликни ҳам ўз ичига қамраб олган минтақавий ташкилотга айланган.

Аксар кузатувчилар назарида, Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти фаолияти АҚШ ва НАТОнинг минтақада таъсири кенгайишининг олдини олишга қаратилган.

Охирги йилларда ташкилот саммитларида Эрон раҳбарларининг иштирок этиши Ғарб, хусусан, Америка Қўшма Штатлари норозилигига сабаб бўлган.

2005 йилда Шанхай ташкилотига Эрон билан бирга Ҳиндистон, Покистон ва Мўғулистон ҳам кузатувчи сифатида қабул қилинган эди.

Эрон 2007 йилдаги саммитда ташкилотга аъзо бўлиш истагини билдирган.