Facebook ижтимоий тармоғида Каримовга бўйсунмаслик чақириғи эълон қилинди

Facebook тармоғида "Ўзбекистон халқ ҳаракати" номи билан мурожаат эълон қилинган, унда Ўзбекистон ҳукуматига бўйсунмасликка чақирилган.

Мурожаат Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг "инсон ҳуқуқлари шунинг учун ҳам Қонун ҳукми билан ҳимоя қилиниши керакки, токи инсон зулм ва истибдодга қарши сўнгги чора сифатида қўзғолонга бош урмасин" деган бандидан иқтибос билан бошланган.

"Азиз ва муҳтарам ватандошлар" дея ўзбекистонликларга мурожаат қилиниб, "Ўзбекистон халқ ҳаракати" мамлакатдаги мустақиллик йилларидаги аҳволга баҳо беради.

"Бу йиллар давомида Каримов ҳукумати халқимизга мислсиз азоблар чектирди, уни ақл бовар қилмас усуллар билан қийнади, хўрлади, ҳақоратлади", дейилади мурожаатда.

"Каримов 21 йил давомида ўзи қабул қилган Конституцияни сурункасига бузди ва бу хизматлари учун ўзига ўзи "халқ қаҳромони" унвонини тақди. Биз Қонуннинг бузилганига қарши чиқсaк, бизни аксилконституцион жиноят содир қилди деб, Жиноят Кодексининг 159 моддаси билан жазолади", дейилади чақириқда.

"Бугунги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган қонун йўқ, қонун бўлса ҳам унга риоя қиладиган ҳукумат йўқ, ҳамма ерда зўравонлик ва адолатсизлик ҳоким, шу боис ҳам одамларнинг мавжуд истибдодга қарши бош кўтаришдан ўзга чораси йўқ", деб ёзади "Ўзбекистон халқ ҳаракати".

Facebookдаги матнга кўра, "Каримов зулмидан қутилишнинг ягона йўли - унга бўйсунмасликдир, бутун ўлкада бўйсунмаслик ва Ўзбекистонда диктаторлик режимини йўқолишини талаб қилиш ҳаракатини бошлашдир".

Ташкилотчиларга кўра, Facebookдаги "Ўзбекистон халқ ҳаракати"нинг асосчилари "13 май иттифоқи" ташкилотидир.

"13 май иттифоқи" ташкилотига 2005 йил 13 майда Андижонда рўй берган қонли ҳодисалардан кейин Ўзбекистонни тарк этган ва хорижда истиқомат қилаётган инсонлар томонидан тузилган "Андижон - Адолат ва тикланиш" ташкилоти, мухолифатдаги "Эрк" демократик партияси ва "Таянч" инсон ҳақлари гуруҳи аъзолари асос солганлар.

Шу йил бошидан Араб дунёсида кузатилаётган аксилҳукумат чиқишларида Интернет, хусусан Facebook ижтимоий тармоғидан кенг фойдаланилди, бу эса дунёнинг қатор мамлакатларида ҳукуматларга қарши чиқишларга одамларни илҳомлантирди.

Ўз навбатида ҳукуматларнинг Интернет устидан назоратни кучайтириш ҳаракатлари кузатилди.

Ўзбекистонда Arbuz Интернет форуми иштирокчилари сўроққа чақирилганлари маълум бўлди.

Мамлакатдаги масъул тизимлар Интернет хизмати кўрсатувчи операторларга ижтимоий тармоқларни мунтазам кузатиб бориш топшириғини берган, уяли телефон ширкатларидан "шубҳали" кўрилган sms ёзишмалар ҳақида хабар бериш сўралган.

Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги республикадаги операторларни ҳукуматнинг биринчи талаби билан уяли алоқа хизматини ўчиришни талаб қилган, деб ёзган Россиянинг "РБК daily" нашри.

Ўзбекистондан олинган сўнгги хабарларга кўра, расмийлар қайси хонадонда компютер борлигини қайдга олиш ҳаракатлари бошланган.

.