Москвада “ер остида жойлашган муҳожирлар шаҳарчаси” топилди

Марказий Осиёлик муҳожир
Image caption Расмий маълумотларга кўра, Москва шаҳрида камида 250 минг меҳнат муҳожири яшайди

Москвада "ер остида жойлашган муҳожирлар шаҳарчаси" топилган.

Полиция ва миграция хизмати ходимларига кўра, улар Москва ғарбидаги "ер ости шаҳарчасида" 150 нафарга яқин ноқонуний меҳнат муҳожирини қўлга туширганлар.

Меҳнат муҳожирлари Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари экани айтилади.

Полиция расмийларига кўра, муҳожирлар тикувчи машиналари учун игна ва тўғноғич ишлаб чиқарувчи корхонада ишлашган.

Ушланганларнинг ватанларига депортация этилиши кутилмоқда. Муҳожирлар "ер ости ётоқхонаси" тўрт метрлик бетон девори билан ўраб олинган бўлиб, тикувчилик машиналари учун игна ва тўғноғич ишлаб чиқарадиган корхона ҳудудида жойлашган.

Москва миграция хизматининг матбуот котиби Залиниа Корнилованинг айтишича, ушланган муҳожирларнинг аксари аёллардан иборат ва уларнинг кўпчилиги йил давомида бирор маротиба ҳам "ер ости шаҳарчаси" ҳудудидан ташқарига чиқмаган. Марказий Осиёлик муҳожирлар ушланган корхона ёнида С-300 ва С-400 русумидаги ракета комплекслари ишлаб чиқарадиган Москва радиотехника заводи жойлашган.

Қўлга олинган муҳожирларнинг аксари ватанларига депортация этилиши кутилмоқда.

Миграция расмийларига кўра, хорижийларни ишга ёллаган корхона амалдорларига нисбатан жиноий иш қўзғатилиши мумкин.

Россия қонунларига мувофиқ, ноқонуний ишлаган муҳожирга 5000 рубл, яъни тахминан 175 доллар жарима солинади.

Иш берувчи корхона эса ҳар бир ноқонуний меҳнат муҳожирини ишга ёллагани учун 800 000 рублгача (29000 доллар) жарима тўлаши лозим бўлади.

Москвада ноқонуний муҳожирлар яширин яшаб ишлаётган "ер ости ётоқхонаси" илк маротиба топилаётгани йўқ.

Жорий йилнинг феврал ойида Москванинг Киев вокзали бинолари ертўласида полиция ўнларча Марказий Осиёлик муҳожирни қўлга олганди.

Ушланганлар Киев вокзалида фаррош ва юк тушувчилик қилганлар.

Муҳожирларнинг кўпчилигига жарима солиниб, депортация этилган.

2010 йил охирида Москва ҳокими Сергей Собянин ўз чиқишида Россия пойтахтида 250 минг меҳнат муҳожири расман қайтдан ўтгани, бироқ муҳожирлар сони бир миллиондан кўпроқ бўлиши мумкинлигини айтганди.

Шу кунларда Россия Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш федерал хизмати ҳамда Федерал Миграция хизмати вакиллари қуйи парламент - Дума мажлисидаги чиқишларида Марказий Осиёлик муҳожирларга нисбатан назоратни кучайтириш лозимлигини таклиф этишган.