Тўйтепада юз берган портлашда инсонлар ҳалок бўлган

Тошкент вилояти харитаси(Wikipedia.ru сайтидан олинган сурат)

Ўзбекистондан олинаётган хабарларга кўра, 11 апрел куни Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани Тўйтепада юз берган портлашда олти инсон ҳалок бўлган, бир неча киши жароҳатланиб шифохонага ётқизилган.

Тошкент вилоят Ички ишлар бошқармасининг ўз исмини ошкор қилмаган ходими портлашнинг 11 апрел куни рўй бергани, оқибатда олти инсон ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарни тасдиқлади.

Аммо милиция ходими ҳодисанинг бошқа тафсилотидан бехабарлигини билдирди.

Ўрта Чирчиқ тумани ҳокимлиги, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари "бу ҳақда хабардор эмас"ликларини айтдилар.

Ўзбекистонлик маҳаллий журналистларга кўра, республика Бош прокуратураси ҳодиса юз берганини тасдиқлаган, бироқ портлашга нима сабаб бўлгани ўрганилаётгани билдирилган.

Айрим хабарларга кўра, портлаш Тўйтепадаги ишлаб чиқариш корхоналаридан бирида рўй берган.

Бошқа бир хабарларда кўп қаватли турар-жой биноларидан бири портлагани ва бино вайрон бўлгани маълум қилинган.

Мухолифатдаги "Ҳаракат" веб-саҳифасининг ахборотича, Тўйтепага Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев борган.

Портлашга газ баллонидан нотўғри фойдаланиш сабаб бўлган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахмин илгари сурилган.

Аммо ўзбекистонлик журналистлар портлашга газ сабаб бўлгани эҳтимоли ҳамон ўрганилаётганини айтишган.

Портлаш сабабини Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, прокуратура ходимларидан иборат гуруҳ ўрганишга киришилгани хабар қилинган.

Матбуот қаттиқ назорат қилинадиган Ўзбекистонда ҳар қандай нохуш хабарни кенг жамоатчиликдан сир тутишга ҳаракат қилинади, натижада бу баъзи ҳодисалар ҳақида одамлар орасида турли миш-миш ва овозалар тарқалиб кетишига сабаб бўлади.