Тожикистон: Мулло Абдулло "махсус амалиёт чоғида ҳалок этилди".

Рашт водийси Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Рашт водийси Тожикистоннинг нисбатан нотинч минтақаларидан биридир

"Тожик Авеста" хусусий веб саҳифаси тарқатган хабарга кўра, Тожикистон шарқидаги Нуробод туманида ҳукумат кучлари томонидан ўтказилган махсус амалиёт чоғида тожик мухолифатининг собиқ дала қўмондони Абдулло Раҳимов ва унинг 10 нафар қуролли тарафдори ҳалок этилган.

Бу ҳақда агентликка Тожикистон ҳуқуқ-тартибот органларидаги манба маълум қилган.

Ушбу манбанинг айтишича, Мулло Абдулло номи билан машҳур Абдулло Раҳимов Нуробод туманининг Самсолик қишлоғида ўтказилган амалиёт пайтида ўлдирилган.

Ушбу хабар ҳозирча мустақил манбалардан тасдиқланмади.

Аввалроқ Тожикистон Ички ишлар вазирлигидаги ўз исмини ошкор бўлишини истамаган манба Би-би-сига пайшанба куни Рашт тумани Болошаҳри қишлоғида ҳукумат кучлари ва номаълум қуролли гуруҳ ўртасида тўқнашув юз берганини айтганди.

Қуролли тўқнашув натижасида, унинг маълум қилишича, Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг уч нафар ва Давлат миллий хавфсизлик хизматининг бир ходими, қуролли гуруҳнинг эса олти аъзоси ҳалок бўлган.

Тожикистон ҳукумати Мулло Абдулло ва Али Бедакий тахаллуси билан машҳур Аловуддин Давлатов қўмондонлиги остидаги гуруҳларни ўтган йили мамлакат шарқида жойлашган Камароб дарасида ҳарбий автомашинага қуролли ҳужум қилишда айблайди.

Мазкур қуролли ҳужумда Тожикистон Мудофаа вазирлигининг камида 26 аскари ҳалок бўлганди.

Аловуддин Давлатов жорий йил бошида Тожикистон куч тизимлари томонидан ҳалок этилганди.

Тожикистонда фуқаролар уруши йилларида мухолифатнинг энг таниқли қўмондонларидан бири бўлган Абдулло Раҳимов ҳукумат ва бирлашган мухолифат ўртасида 1997 йил июн ойида имзоланган миллий тинчлик шартномасига қўшилишдан бош тортганди.

Мулло Абдулло тинчлик битими имзоланишидан кўп ўтмай ўз тарафдорлари билан Афғонистон ҳудудига ўтиб кетди.

Икки йил муқаддам унинг ўз қуролли гуруҳи билан Тожикистон шарқига қайтгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Тожикистон ҳукумати Мулло Абдуллонинг Рашт минтақасида халқаро террорчилар жамлоғини қуриш ниятида эканини иддао қилганди.