Тожикистон фуқароси Ўзбекистон қамоқхонасида вафот этди

маҳбуслар
Image caption Ўзбекистон ҳукумати мамлакат қамоқхоналарида қийноқлар қўлланишини ҳеч қачон эътироф этмаган

Тожикистон хабар агентликларига кўра, Ўзбекистонда қамоқда бўлган Тожикистон фуқароси, 36 ёшли Шерали Азизов ҳаётдан кўз юмган.

"Азиа Плюс" хабар агентлиги марҳумнинг отаси Ҳайитали Азизовга иқтибосан ёзишича, ота ўз фарзандини кўргани Ўзбекистонга борганида қамоқхона нозирлари унга ўғлининг қабрини кўрсатганлар.

Қамоқхона тиббий экспертиза хулосасига кўра, Шерали Азизивнинг "юраги тўхтаб қолган".

Аммо Шералининг яқинлари унинг ҳеч қачон юрагидан шикоят қилмаганини айтишади.

Асли Тожикистон жанубидаги Ёвон тумани Бешкапа қишлоғидан бўлган Шерали Азизов, яқинларига кўра, 2004 йилда Эронга таълим олгани йўл олади ва кўп ўтмай ғойиб бўлади.

Шерали Азизовнинг Ўзбекистонда террорчилик айблари билан қамоқда бўлгани ҳақида ўтган йил даниялик журналист Майкл Андерсен ўзининг "Норозиликни урчитиш" филмида ҳикоя қилган эди.

Бу филмда Шералининг яқинлари унинг террорчиликка алоқаси йўқлиги, фақат диний илм олиш илинжида хорижга чиққанини айтишган эди.

"Шерали жуда ақлли ва келишган йигит. У Эронда ўқишни истарди. Кейин Покистонда ҳам ўқиди... у фақат билим олишни истарди. Биз камбағал деҳқонлармиз. Бошқа ҳеч бир ниятимиз йўқ. У ҳеч қачон давлатга қарши, ҳукуматга қарши бирор амалга қўл урмаган. Бу ҳақда гапирмас эди. У айбсиз, бизга ҳам бегуноҳман, деб айтарди," деган эди Шерали Азизовнинг акаси Майкл Андерсен билан суҳбатда.

Ўзбекистонда мулозимларга кўра, Шерали Азизов 2006 йилда Олмониянинг Термездаги ҳарбий базасида террорчилик амалини содир этишга уринган.

Ўзбекистон расмийларининг таъкидлашича, у шунингдек ал-Қоидага аъзолик айбига ҳам иқрор бўлган.

Кузатувчилар эса бу иқрорларнинг қийноқлар остида олинганини эҳтимолдан ҳоли эмас дейишади.

Ўзбекистонда қийноқ кенг ва систематик қўлланишини маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳам ўз ҳисоботларида кўп йиллардан бери урғулаб келишади.

Тожикистон ахборот агентликларига кўра, Шерали Азизов ўлимидан аввал Навоийдаги қамоқхонада бўлган.

Ўзбекистонда маҳбусларнинг қамоқда ўлим топишлари билан боғлиқ бошқа ўнлаб ҳолатларда бўлгани каби, Шералининг ўлими тафсилоти ҳам ошкор этилгани йўқ.

Уни кўргани борган отасига эса ўғлининг қабри кўрсатилган.

Шерали Азизовнинг ўлим гувоҳномасида "юраги тўхтаб қолган"и ёзилган, аммо унинг отаси "Азия Плюс" билан суҳбатда ўз ўғли ҳеч қачон юрагидан шикоят қилмаганини айтган.

Ўтган йил октябр ойида у отаси билан учрашувда ўзининг айбсизлигини такрорлаган.

Ўзбекистон мулозимлари мамлакатда қийноқлар қўлланиши ҳақидаги айбловларни рад этиб келишади.

Зотан, ҳозирга қадар ҳеч бир Ўзбекистон мулозими қийноқ қўлланиши ҳақидаги айбловларни алоҳида жонбозлик кўрсатиб инкор этгани йўқ.

Шерали Азизовнинг ўлими ҳақидаги хабар Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Тошкентда жойлашган "Эксперт ишчи гуруҳи" Қашқадарё вилоятида "жиҳодчи" дея тамғаланган 13 кишининг маҳкама иши ва тергов даврида юз тутган қийноқлари борасида ҳисоботини эълон қилган бир пайтга тўғри келмоқда.