'Ишқибоз' Алишер Усмонов ҳиссаларини умуман сотмоқчи эмас

Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов Лондоннинг пешқадам футбол жамоаларидан бири бўлган "Арсенал" клубидаги 27 фоиз ҳиссасини сотмаслик аҳдида қатъий эканини билдирган.

Ўтган ҳафта бошида клубнинг яна бир ҳиссадори бўлган Стан Кроёнке ҳиссалари миқдорини қарийб 63 фоизга етказиб, жаноб Усмоновга акцияларини сотиш таклифи билан чиққанди.

Мавжуд қонун-қоидаларга мувофиқ, энг кўп фоиздаги ҳиссага эга бўлган ҳиссадор қолган акцияларни сотиб олиш учун бошқа акционерларга нақд пул таклиф этиб кўриши лозим кўрилади.

Бироқ Алишер Усмонов, "Арсенал"га ишқибозлик қилиши, шу боис, унинг ҳиссадори экани ва ўз улушини ҳеч кимга сотиш нияти йўқ"лигини баён қилган.

Arsenal Supporters' Trust ҳам миллиардер Алишер Усмоновнинг мавқеини хуш қаршилаган.

Ташкилот воизига кўра, "ҳиссадорларнинг бирламчи вазифалари "Арсенал"ни муваффақиятли жамоага айлантириш, фойданинг кетидан қувиб, клубни қарздор қилмаслик ва ишқибозларнинг ҳам бевосита клубнинг ҳиссаларига эга бўлишларига кўмак беришдир".

Америкалик бизнесмен Стан Кроёнке ўтган ҳафта Денни Физман (16ю1%) ва Леди Нина Брейсвелл-Смит (15.9%)нинг "Арсенал"даги ҳиссаларини 230 миллион фунтдан ортиқроққа сотиб олишга рози бўлганди.

Алишер Усмонов эса, илк бор 2007 йилда қарийб 75 миллион фунт стерлинг эвазига "Арсенал"нинг 14.65 фоиз ҳиссаларини қўлга киритганди.

Аммо 2009 йилнинг декабр ойига келиб, жаноб Усмонов клубдаги ҳиссалари миқдори 26 фоиздан ортиқроққа етказишга муваффақ бўлади.

Denver Nuggets баскетбол клуби, Colorado Avalanche хоккей жамоаси, St Louis Rams ва Colorado Rapids футбол клублари соҳиби Стан Кроёнке ҳам 2007 йилда "Арсенал"нинг ҳиссаларини қўлга киритган ва ўшандан буён ўз улушини имкон бўлди дегунча, ошириб келади.

Arsenal Supporters' Trust эса, аллақачон, "клуб ўзлари учун ниҳоятда қадрли экани боис, уни ёлғиз бир кишининг ихтиёрига ўтмаслиги учун ўз ҳиссаларини сотиш хаёлларида ҳам йўқлигини билдирган.