Пойтахт Тошкент метро тармоқларида яна хавфсизлик чоралари кучайтирилган

Ўзбекистондан олинган хабарларга кўра, 11 апрел куни Беларус пойтахти Минскда содир этилган теракт ортидан пойтахт Тошкентдаги метро тармоқларида яна хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Минскдаги метро бекатларининг бирида юз берган портлашда камида 12 инсон нобуд бўлган ва жами 126 киши яраланганди.

Gazeta.uz веб саҳифасининг ёзишича, Тошкентнинг йўловчилар билан гавжум метро бекатларига алоҳида эътибор берилиб, у ерларда металларни аниқловчи махсус детекторлар ўрнатилган.

Бундан ташқари, вагонларда ҳам йўловчиларни ҳушёрликка чақирувчи, шубҳали буюмларга кўзлари тушган тақдирда, метро тармоғи ходимларини огоҳлантиришлари сўралган эълонлар ҳам янграй бошлагани хабар берилади.

Маҳаллий кузатувчилар эса, МДҲ давлатлари, айниқса, Россия ҳудудида юз берган бирор бир портлаш ёки ҳужум ортидан Ўзбекистондаги йирик нақлиёт тизимларида хавфсизлик чораларининг кучайтирилиши одатий тус олганини айтишади.

Улар бу каби ҳолатларга аҳолининг ҳам кўникиб қолгани, лекин нима бўлган тақдирда ҳам, кўрилаётган ёки кучайтирилаётган хавфсизлик чоралари одамларнинг кундалик ишларига ҳалақит бермайдиган тарзда амалга оширилиши муҳимлигини урғулашади.

Яқинда Москванинг "Домодедово" аэропортида амалга оширилган худкушлик ҳужуми ҳам Тошкент метро тизимида хавфсизлик чораларининг кучайтирилишига сабаб бўлган ва бекатларда металл аниқловчи жиҳозлари бўлган милиция ходимларининг сони кўпайтирилганди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон аэропортларида ҳам назорат кучайтирилиб, йўловчиларнинг учоққа гугурт ва зажигалка олиб чиқишлари тақиқлаб қўйилганди. Термийўл вокзалларининг хавфсизлигига ҳам эътибор кучайтирилганди.

Ўзбекистон метро тармоғига эга Марказий Осиё минтақасидаги ягона давлат ҳисобланади ва у мамлакат аҳолиси учун қулай, нисбатан арзон ҳамда кўпчилик фойдаланувчи нақлиёт воситаларидан бири ҳисобланади.

Пойтахт Тошкентда 1999 йилда юз берган портлашлар эса, ўндан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлган ва Ўзбек ҳукумати юз берган ҳодисада "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати" ҳамда "Эрк" демократик партияси аъзоларини асосий айбдорлар қилиб кўрсатганди.

Орадан 10 йил кечса-да, илк Тошкент портлашлари ҳақида турли хил мулоҳазалар тингани йўқ. Ўзбек ҳукумати ҳам бу борадаги мавқеини ўзгартирмаган.

16 феврал воқеалари ортидан ҳам Тошкентда милиция назорати кучайган, фуқароларнинг эркин ҳаракатланишлари ва Тошкентда доимий яшаш учун қайддан ўтиш жараёнлари мураккаблашганди.