Президент Ислом Каримов Хитойга давлат ташрифини бошлади

Каримов ва Ху Жинтао
Image caption Ислом Каримов шарафига Хитой ҳарбийлари саф тортилди

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Хитойга икки кунлик давлат ташрифини бошлади.

Ўзбекистон президенти Хитой раҳбари Ху Жинтао ва бош вазири Вен Жиабао билан учрашади.

Ташриф сўнгида томонлар ўртасида ҳамкорликка оид қатор ҳужжатларнинг имзоланиши кутилмоқда.

Бу Ислом Каримовнинг охирги олти йилда Хитойга иккинчи давлат сафаридир.

Хитой ҳукумати Андижон ҳодисаларидан икки ҳафта ўтмасдан Пекинга сафар қилган Ислом Каримовни унинг қадамига поёндоз тўшаб кутиб олганди.

Диний ва миллий бўлгинчиликка қарши курашишини айтиб келадиган Хитой учун Ислом Каримов ҳукумати муҳим шерикдир.

Хитой ўз ичкарисида мустақиллик учун курашаётган уйғур бўлгинчилари ҳудудларига Ўзбекистоннинг нақадар яқинлигини билади.

Бошқа тарафдан Шинжон-Уйғур бўлгаси ва Фарғона водийси ўртасидаги ришталар азалдан кучлидир.

"Силлиқ муносабатлар”

Хитой расмий матбуотига кўра, Пекин ва Тошкент ўртасидаги муносабатлар "силлиқ" ривожланмоқда.

Синхуа Ахборот Агентлигининг ёзишича, Президент Ислом Каримовнинг Хитойга сафари ушбу муносабатларнинг "янги босқичга кўтарилаётганини кўрсатади".

Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи муовини Рустам Азимовнинг айтишича, Президент Ислом Каримовнинг Хитойга сафари "бу йил икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда йирик ҳодисага айланади".

"Ўзбекистон Хитойни яқин дўст ва шерик ҳисоблайди ва икки томонлама савдо, сармоя, энергия, транспорт ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштиришга умид қилади," деб айтган.

Доллар ўрнига юанми?

Хитой Марказий Банкининг маълум қилишича, икки мамлакат ўртасидаги савдо ва сармоянинг бир қисми Хитой пул бирлиги- юанда амалга оширилади.

Марказий Банк чиқарган баёнотда таъкидланишича, Хитой ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида 700 миллион юан (108 миллион АҚШ доллари) алмашинуви ҳақидаги битим имзоланган.

Бир кун муқаддам Хитой ҳукумати 25 миллиард юан алмашинуви ҳақидаги битимни Янги Зеландия ҳукумати билан имзолаган эди. Ўзбекистон билан имзоланган шартнома келгуси уч йилга мўлжалланган.

2008 йилдан буён Хитой Жанубий Корея ва Беларус дохил дунёнинг тўққиз мамлакати билан ўзаро савдо-сотиқ ва сармоя киритишни юанда амалда оширишга келишиб олган. Расмий Пекин бундай тадбир билан ўз пул бирлиги таъсирини кучайтиришга уринмоқда.

Шу йил бошида Жаҳон банки қимматбаҳо қоғозлар тури бўлмиш - ярим миллиард хитой юани бондини чиқарган эди.

Кузатувчиларга кўра, Хитойнинг дунё бозорида молиявий қудрати мустаҳкамланиши баробарида дунёнинг Хитой молиясига бўлган эҳтиёжи ҳам ортмоқда.