Жиззахлик фермерлар томорқасидан жудо қилинди

Image caption Томорқасиз фермерлар қандай кун кўриши ё ишчиларига нимадан пул тўлаши номаълум

Жиззах вилоятида фермерларга бу йил томорқа экиш учун ер ажратилмаган. Сўнгги йилларда умумий ер ҳажмининг 5 фоизи томорқага ажратиларди. Фермерлар ушбу ернинг бир қисмини ишчиларга бўлиб берар ва қолганига ўзи экин экиб фойдаланарди.

Сўнгги қарор фермерларни янада қийин аҳволга солиб қўйган. Айрим фермерлар томорқа учун ер берилишидан ҳали ҳам умидини узмаяпти.

Вилоят ҳокимиятидан масъуллар эса фақат ғалла ўриб олингач, ердан томорқа сифатида фойдаланиш мумкинлигини айтишмоқда.

Томорқа йўқлигидан баъзи фермер хўжаликларини ишчилар тарк этишмоқда. Вилоятда фермерлик қилиш йилдан йилга қийинлашиб бораётир. Фермер хўжалигини топширмоқчи бўлганларнинг сони ортган.

Томорқам қани?

Жиззах вилоятида айни дамларда чигит экиш ишлари қизғин паллага кирган. Бундай пайтда пахта учун ҳайдалган ернинг 5 фоизига фермер ва унинг ишчилари ўзлари учун томорқа экинлари экишарди.

Аммо, бу йил Вазирлар маҳкамасидан келган қарор бўйича томорқа учун бир фоиз ҳам ер берилмайди.

Ҳокимият фермерларга ғалладан бўшаган майдонга экин қилиш мумкинлигини айтган.

"Тошкент вилоятиники каби қилишмоқчи. Тошкентда ғалланинг ўрнига иккинчи экин экилади. Лекин бу бизнинг иқлимга тўғри келмайди. Айни пахта сув ичадиган вақтга тўғри келгани учун сув етишмай қолади", - дейди исмини ошкор қилишни истамаган бир аёл фермер.

Жиззах вилояти экин майдонларининг 25 фоизи - шўр ерлар. Яна Тошкент вилоятидан фарқли равишда ерларнинг ранги сариқ ва қаттиқ ҳисобланади. Айни ёзга келиб Тожикистон орқали келадиган Сирдарё сувлари тортилиб кетади. Бунгача айнан сув етишмаслиги сабаб иккинчи экинга руҳсат берилмай келинарди.

Томорқа учун ер ажратилмаслиги фермерларни ташвишга солиб қўйган. Ишчиларга ҳақ беришнинг ечимини топишолмаяпти. Уларнинг айримлари томорқа учун ҳеч бўлмаса ишчиларга 50 сотихдан ер ажратилишига умид қилиб туришибди.

Image caption Пахта - фермернинг пешонасига битгани

"Ишчилар нима қилишини билмай терибди. Лекин барибир, ишчиларга 40-50 сотихдан ер беради. Шундай деб тургани билан ер бермасликнинг иложи йўқ. Акс ҳолда ҳеч ким ишламайди. Томорқа бермаса ишчилар кетади. Ўзлари ишлаб пул топишга ҳаракат қилади. Шаҳарга кетиб мардикорлик қилади", - дейди аёл фермер.

Умидингизни узинг

Жиззах вилоят ҳокимиятидан исмини ошкор қилишни истамаган расмийнинг Би-би-сига айтишича, фермерларга экин учун ер берилмаслиги аниқ ва бунга умид қилмаслик керак.

"Ким кутаётган бўлса, фойдаси йўқ. Ер берилмайди. Бу амал ернинг ҳар бир қаричидан оқилона фойдаланиш учун қилинаяпти. Дала четларига, уватларигагина полиз экинлари экинглар деяпти", - дейди масъул шахс.

Айрим фермерлар ғалла ҳосилидан олинадиган улушни икки баробар кўпайтириш роқали ишчиларга ҳақ бермоқчи. Аммо ғалла ҳосилининг қандай бўлиши об ҳавога қаттиқ боғланган.

Ишчилар далани тарк этишмоқда

Асосан фермерларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи жиззахлик Саида Қурбонованинг айтишича, томорқа ери берилмаётгани сабаб ишчилар ерларни ташлаб кета бошлаган.

"Оқарсув фермер хўжалигининг ишчилари томорқа экилмаганлиги сабаб ишни ташлаб келиб қўйишди. Тракторчиси келиб "юринглар ишланглар, бирор нарса берса керак" деб ялинди. Кейин бориб гаплашса, йилига 500 минг сўмдан пул бераман дебди. 500 мингга ҳозир ҳаттоки 10 қоп ун ололмайди, қиши билан қандай яшасин", - дейди Саида Қурбонова.

Вилоятда фермерлик деярли даромад келтирмайдиган, машмашаларга бой касб бўлиб бораяпти. Сўнгги йилларда маҳаллий халқ фермерликни тарк этаётганларнинг сони ортганини айтади. Аммо фермерликни ҳам осонлик билан топшириб бўлмайди.

"Фермерликдан умуман фойда йўқ. Фермерликнинг ҳаммаси тамом бўлди. Топширамиз деб икки марта ариза бердик, олишмади. Энди ҳозир бу мавсум ҳаражат қилиб қўйдик. Ғаллани ўриб олсак барибир топширамиз. Қон босимимизни ошириб, фақат касал қилади бу. Ҳамма фермерлар ташлаб кетишга рози, аммо қаровчи бўлмагани учун олишмайди. Ташлаб кетмасин деб бирор камчилигини ушлаб туради", - дейди жиззахлик фермер аёл.

Саида Қурбонованинг айтишича, турли корхоналардан қарзга ботиб қолган фермерлар ҳар хил сиқувлар остида ерини топшира олмайди.

"Оламан деса 100 фоиз одам фермерликни топшириши мумкин. Аммо, уни ҳеч ким қабул қилмайди-да. Масалан бўйнида нефтдан, ҳосил етказиб беролмаганликдан, химия, Машина-трактор паркидан қарздор бўлиб қолган. Қарздор бўлмаган фермернинг ўзи деярли йўқ бўлса керак. Бир иккита бўлиши мумкин, аммо деярли ҳаммаси қарз. Уларнинг қарзини ким тўлайди", - деб сўрайди Саида Қурбонова.