Би-би-си меҳмони - Зоҳир Аълам

Image caption Зоҳир Аъламнинг асарлари мактаб дарсликларидан олиб ташланган

BBCUzbek.com ўқувчилари ва тингловчиларимизнинг саволларига таниқли адиб, "Бирлик" Халқ Ҳаракати асосчиларидан Зоҳир Аълам жавоб беради.

Зоҳир Аълам 1943 йилда Тошкентда таваллуд топган.

Тошкент Давлат Университетининг филология бўлимида таҳсил олган.

"Ўзбекистон" нашриёти ва "Шарқ юлдузи" журналида муҳаррир бўлиб ишлаган.

Биринчи китоби - "Бахтли билет" 1972 йилда чоп этилган.

"Муқаддима", "Кийик кўзлари" насрий тўпламлари ҳамда "Боёвут", "Майиз атрофидаги гаплар", "Жомбой ҳангомалари" сингари публицистик асарлар муаллифи.

Унинг "Афандининг қирқ бир пашшаси" пъесаси республика театрларида қайта ва қайта саҳналаштирилган ҳамда рус ва болгар тилларига таржима қилинган.

Зоҳир Аълам болгар мумтоз адабиёти намояндаси Павел Василевнинг "Тўсиқ", "Ўлчамлар" каби қиссалари, рус адиби Сергей Залигиннинг "Комиссия" романини ўзбек тилига ўгирган.

1980-йилларнинг иккинчи ярмидан ўзбек тилига давлат мақоми бериш, атроф-муҳит ҳимояси ва миллий мустақиллик ҳаракатларида фаол иштирок этади.

Ўзининг ҳикоя қилишича, у 1988 йилда Дўрмондаги Ёзувчилар боғига ташриф буюрган эстон шоираси Сирье Руутсоо билан танишади, у билан суҳбатлари таъсирида 1988 йилнинг августида "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" рўзномасида Эстония "Халқ Фронти" ҳақидаги биринчи мақолани чоп этади.

Унинг ортидан "Халқ Фронти" фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида Болтиқбўйига сафар қилган адиб Таллиннда "Халқ Фронти"нинг съездида қатнашади ва эстонларнинг мустақиллик учун курашини дастаклаб, нутқ сўзлайди.

1988 йилнинг ноябр ойи бошида Тошкентга қайтган Зоҳир Аълам Ўзбекистонда ҳам миллий мустақиллик учун курашувчи "Халқ Фронти" каби ташкилот тузиш фикрида бўлгани ва ҳамфикрларни излашга тушганини айтади.

У ва бошқа зиёлиларнинг ҳаракатлари самараси ўлароқ, шу йилнинг 11 ноябрида шоир ва ҳофиз Дадахон Ҳасаннинг уйида "Бирлик" Халқ Ҳаракатининг таъсис мажлиси бўлиб ўтади.

Зоҳир Аълам ҳаракатнинг раисдоши этиб сайланади.

1990 йилдаги бўлинишдан сўнг "Эрк" партиясига ўтган Зоҳир Аълам бир муддат партиянинг иккинчи котиби вазифасини бажарган.

"Мухолифатга босимлар кучайганидан сўнг нима билан машғул бўлдингиз?" деган саволга у "ўз миллатимдан кўнглим совиб, Рауф Парфи билан ароқбозлик қилиб юрдим" дея жавоб беради.

Ҳозирда эркин ижод билан машғул.

Зоҳир Аълам мустақилликдан сўнг биронта ҳам асари чоп этилмагани, мактаб дарсликларидан олиб ташлангани ва 2006 йилда унинг пъесаси асосида таниқли кинорежиссёр Шуҳрат Аббосов томонидан суратга олинган "Бир куни афанди" филми намойиши тақиқлаб қўйилганини айтади.

Би-би-си: Оврўподан нодир савол йўллабди: "Ассалому алайкум муҳтарам адибимиз, "миллатимдан кўнглим совуган", дебсиз, шуни изоҳлаб берсангиз. Ижодингизга ривож!".

Зоҳир Аълам: Энди бу гапни мен ўзимнинг узлатга чекинишим сабабини тушунтирмоқчи бўлиб айтганман. Ўшанда мен бир чеккага сурилиб қолдим-да. "Фаолроқ талаб қўяйлик ҳукуматга" деган гапни мажлисларда ўртоқларга айтдим. Лекин ҳеч ким қўшилмади, ишонмади, шунда бироз кўнглим совуди. Ундан кейин тарихни титкилаб, ўзимга - ўзим битта савол топдим-да. Нима учун икки ярим минг йилдан бери дунё юзида ҳукмрон миллат сифатида юрган туркийлар бундай забун бўлди, деган саволга тарихдан излаб-излаб жавоб топдим. Жавоб шуки, ҳар бир миллат ўзгариб турар экан. Бугунги шер миллат эртага сичқон бўлиб қолар экан. Бунинг сабабларидан бири тепадан, ҳокимият тарафидан берилаётган тарбия. Мен миллатимни атайлаб шундай тарбиялашди, деган хулосага келдим.

Би-би-си: Тарбия эмас-да, босим, деб айтса, тўғрироқ бўлмайдими?

Зоҳир Аълам: Босим тўғридан-тўғри бўлади, лекин масалан, оқни қора, қорани оқ, деб ҳамма нарса юқоридан белгиланган, деб масмалан, динга бурадиган бўлсак, ёки "ундай нарсаларни ўқиш ёмон, у файласуфни ўқимаслик керак, мана буни ўқиш керак, деб тарбияласа ҳам миллат ўзгариб кетаверади.

Би-би-си: Яъни мафкурага боғлиқ, демоқчисиз?

Зоҳир Аълам: Мафкурага. Қуллик, тобеълик, масалан, ҳозир роса тарғиб қилишаяпти, кашта тикиш, ганч ўйиш, ганчкорлик, дўппи тикиш, мана шунақа нарсаларга бизнинг телевидение роса кўп вақт ажратади. Яхши керакли, жанговар файласуфларни ўқиш ман қилинади, тўғридан-тўғри эмас, ёмонлаб. Ана шу йўл билан халқ ўзгариб кетар экан. Нотўғри мафкура сингдирилиши орқали. Мао Цзедун бир авлод ичида тамом бўлган халқни юқори савияга олиб чиқди. Фақат тўғри тарбия, тўғри мафкура билан. Бунинг учун хатто диннинг хусусиятини ўзгартириб юборишади. Динни ҳам айбдор қилишади. Мисол учун, бизнинг имомлар фақат ароқни ёмонлайди. Бошқа нарсага аралашма, сиёсатга аралашма, фалон,фистон, лекин порахўрликни, коррупцияни ҳеч қайсиниси ёмонламайди. Ана шунинг учун мен миллатим шундай тарбияланди, унда айб йўқ, деган фикрга келдим.

Би-би-си: Аҳмадбек исмли тингловчимиз "Бирлик" Халқ Ҳаракатининг фаолияти ҳақида сўрабди. "Бирлик ҳаракатига 20 йилдан ошди, лекин бирлаша олмади, нега?. "Бирлик" нега жуда ҳам пассив ҳозирда? "Бирлик" араб воқеаларидан нега руҳланмайди?" деган саволларни қўяяпти. Марҳамат.

Зоҳир Аълам: Бунга биринчидан, "Бирлик"ни ўзи нима туғдирди, деган масалани мен айтардим. Фақат Горбачевнинг ошкоралиги ва демократия "Бирлик"нинг туғилишига имкон берди. Бу бир. Иккинчидан, "Бирлик"нинг йўқолишига, қисқа қилиб айтганда, демократия ва ошкораликнинг йўқ қилиниши, ўрнига диктаторлик, тоталитар режимнинг ўрнатилиши сабаб бўлди. Тоталитар режимда ҳеч қачон, ҳеч қаерда қарши ҳаракат туғилмаган. Ҳеч қачон. Мисол учун, тўртта одам йиғилиб, ҳаракат тузиш, партия тузиш имкони бор жойда бир нарса бўлиши мумкин. Тўртта одам бир жойда йиғилса-ю, унинг атрофига саккизта милиция келиб турса, ҳеч қанақа ҳаракат ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Урди-урди, қама-қамаларда ҳеч қанақа ҳаракат чидаш беролмайди. Фалсафада ҳам, жамиятшуносликда ҳам, "тирания, тоталитар тузум вақтида бирон-бир ғояни кўтариб чиқиш, бу - юқорисига чиққан аҳмоқлик, ижтимоий аҳмоқлик", деган гап бор. Тираниянинг битта-ю битта жавоби бор, у ҳам бўлса- куч. Нима дейилишидан қатъий назар.

Би-би-си: Саволнинг иккинчи қисми, араб дунёсидаги инқилоблар ҳақида нима дейсиз?

Зоҳир Аълам: Саволнинг иккинчи қисмига ҳам аслида биринчи қисмдан жавоб топиш мумкин. Қандай қилиб кўчада милиция ёки формасиз милиция кўп бўлган пайтда кўчага чиқиш мумкин?. Максимал "калпак" остига олинган ҳар бир ҳаракат. Арабларга ўхшаб чиқиши учун халқнинг ҳеч бўлмаса озгина, арабларчалик ери бўлиши керак, моли бўлиши керак. Арабларда ов қилиш учун милтиқ олишга рухсати бор. Икки-уч кунга, бир ойга оиласини боқиш учун бойлиги бор. Бизнинг халқ даҳшатли даражада қашшоқ, ерсиз. Қишлоқда одамларнинг ери йўқ. Шунинг учун ватан туйғуси ҳам анча сустлашиб қолган. Ҳар-хил рақам айтишади, икки ярим, уч ярим миллион ўзбек Россияда, Қозоғистонда юрибди, деб. Улар кетди, тамом. Қолганлар ёшлар, чолу кампирлар.

Би-би-си:Тоҳир исмли тингловчимиз ҳам "сиз араб дунёсидаги инқилоблар Ўзбекистонда бўлишига ишонасизми?", деб сўраган. Демак, ишонмайсиз?

Зоҳир Аълам: Ҳеч ишонмайман. Мумкин эмас. Ҳаммасига битта жавоб-диктатурада инқилоб бўлиши мумкин эмас. Бунга Россиядаги подшо давридан мисол келтириш мумкин. Подшо ҳам озгина бўш қўйиб, газеталар очишга, фирқалар тузишга рухсат берганидан кейин сиёсий партиялар тузилган, инқилоб бўлган. Мен Россия тарихидаги инқилобларни ўрганганман. Қачон халқнинг ери тортиб олинган бўлса, ўшанда қўзғолонлар бўлган. Саратовда, бошқа жойларда. Пугачев қўзғолони ва бошқа қўзғолонлар. Бизда ҳам ерлар тортиб олинаяпти, дўконлар бузилаяпти. Тадбиркорлар "илойим, бошқа табдиркорлар йили бўлмасин, бизни қириб ташлади", деб дод солишаяпти. Лекин буни спецслужбалар қилаяпти. Халқни кўчага чиқаришдан манфаатдор кучлар бор. Аммо уларнинг дарди демократия эмас.

Би-би-си: Айни тингловчимиз яна бир савол сўраган, мамлакат ичкариси ва ташқарисида мухолифат борми ўзи, деган мазмунда. Марҳамат.

Зоҳир Аълам: Ташқаридаги мухолифат бор-йўқлигини сиз яхши билишингиз керак. Улар ичкаридаги аҳволни билиб, халқаро ташкилотларга мурожаат қилаяптими, бошқа давлатлардан ёрдам сўраяптими? Агар ёрдам сўраётган, ёрдам уюштираётган бўлса, улар бор. Агарда фақат чақириқлар бўлса, унда йўқ. Мамлакат ичидагиларга келсак, яна ўша диктатура. Масалан, мен 2000 йил арафаларида ўзиб кўриб келган қишлоқ ҳақида гапирувдим. Ўша қишлоқда декабрдан мартгача камбағал аҳоли нон ўрнига лавлаги пишириб еди. Мен буни кўрганим учун айтдим. Зомин райони, Туркман қишлоғида шу воқеа бўлган. Мен чет эл радиосидан гапирганман. Ҳеч ким индамади. Ташқаридаги мухолифат нима қилаяпти, билмадим. Қайтага ичкаридаги ҳукумат мен меҳмонга борган оиланинг бошлиғини Тошкентга оп келтириб, Тошкентда, бозорда иш берди. Арава бериб, ҳаммоллик қилди у бола. Ундан кейин мен билан гаплашмай ҳам кетди, қўрқдими, қўрқитишдими, билмадим.

Би-би-си: Бек деб исм қўйган тингловчимиз ёзибди: "Сизлар ўзи давлатни ўйлайсизларми?. Сизлар ўзи ватанпарвармисиз?. Ватанпарварлигингизни қанақа қилиб исботлайсиз?".

Зоҳир Аълам: "Давлат" деганда бу одам мамлакатни назарда тутаяптими ёки ҳокимиятда ўтирган беш-ўн минг одамни айтаяптими?. Агарда ҳокимиятни айтаётган бўлса, унда биз улар ҳақда ўйлолмаймиз, чунки ўзимизнинг муаммоларимиз тўлиб ётибди. Ейиш керак, ичиш керак, болани ўқишга киритиш кеарк, ишга жойлаш керак, ҳамма нарса - пора. Бу порани топа олмаётган одамлар ҳукумат тепасида ўтирганларни ўйлолмаймиз. Мен пичинг билан гапиряпман, албатта. Мамлакат маъносида сўраётган бўлса, ўйлаяпмиз. Мамлакатда аҳволни яхшилаш учун демократик тузум яратиш керак, оппозицияни давлат ҳурмат қилиши керак, ўзига тенг кўриши керак.

Би-би-си: Жулқунбой деган тингловчимиз қамоқдаги адиблар Мамадали Маҳмудов ва Юсуф Жума ҳақидаги фикрларингизни сўрабди.

Зоҳир Аълам: Мамадалининг туҳмат билан қамалганини мен 2003 йилда айтгандим. Фикрим шу. Мамадали туҳмат билан қамалди. Энди бухоролик шоир, дунёдаги энг покиза одам Юсуф Жумаев. Дунёдаги энг покиза одам, халқпарвар, шеърлари ўткир, зулмга қарши қаратилганди. Унга ҳам туҳмат уюштириб, қамаворишди. Мен бир-икки марта Мамадалининг олдига бориб келмоқчи бўлдим. Лекин биринчидан менга рухсат йўқ экан боришга, қариндоши эмассиз, сизга мумкинмас, дейишди. Иккинчидан, бир-икки билган дўстлар "сиз борманг, борсангиз Мамадалига ёмон бўлади", деб маслаҳат беришди.

Би-би-си: Лондондан ёзган Ойбек бугунги адабиёт, ёшлар прозаси ҳақидаги фикрларингизни билмоқчи экан.

Зоҳир Аълам: Ёшларнинг асарларини мен, тўғриси, журналми, газетами, очаман, агарда севги-муҳаббат, ўлдим-куйдим бўладиган бўлса, ўқиёлмайман. Чунки бундай асарларни ёзиш ҳозирги кунда, бу "пир во время чумы" деб ўйлайман. Бу ёқда халқ қийналиб ётибди, ишқ-муҳаббат, тўқиб чиқарилган вазиятларни топиб, яхшилик қилиш ҳақида асарлар ёзиш, "биров ўлай деяпти-ю, сен кулай дейсан", деган гапга тўғри келади. Шунинг учун халқ дардини ёзмаган асарни ўқимайман. Ёшларга шуни маслаҳат бераманки, ёлғон нарса ҳеч кимга керак бўлмайди, оладиган бир-икки сўм гонорардан ташқари. Минглаб лауреатлар чиқди, қани ҳозир, ким ўқилаяпти? Агар халқнинг дардини ёзса ўқилади, қолади.

Электрон почтамиз:uzbek@bbc.co.uk

SMS рақамимиз:+44 (0) 207 5571709