Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Олмония Термездаги база учун Тошкентга нега келишилганидан кўп пул тўлаяпти?

Image caption Олмония Термездаги базани муҳим стратегик нуқта деб кўради

Олмонияда ошкор бўлган маълумотга кўра, олмон ҳукумати Ўзбекистондаги ҳарбий базадан фойдаланиш учун Тошкентга йилига тўланадиган ўртача 16 миллион доллардан ташқари, ўтган йилнинг ўзида қўшимча 23 миллион доллар тўлаган.

Мазкур маълумот Олмон парламентининг Яшил партия номидан аъзоси Виола Фон Крамон қатор саволлар билан мудофаа вазирлигига мурожаат қилганидан сўнг аён бўлган.

Баъзи халқаро таҳлилчилар бу олмон ҳукумати Термездаги мавқеини сақлаб қолиш учун ўта юқори нархларга ҳам рози эканига ишора дея ёзишмоқда.

Виола Фон Крамон бу тўловлар яна чуқурроқ текширилиб, оммага ошкор қилинишини сўраган.

Фон Крамон хонимга кўра, "Ислом Каримов жаҳондаги энг бешафқат режимлардан бирига бошчилик қилади ва олмон ҳукумати бу каби йирик тўловлар билан унинг режимини дастаклаётгани ўта номақбул ҳол".

Термез ҳарбий базаси олмон ва бошқа халқаро қўшинлар учун Афғонистонга қўшинларни ташишдаги қулай транзит йўлидир.

Image caption Умида Ниёзовага кўра, Олмония учун ўзбек инсон ҳуқуқлари вазияти аҳамиятли эмас.

2005 йил Андижон воқеалари ортидан Ўзбекистондан чиқариб юборилган америкалик аскарларга 2008 йилда Термездаги базадан фойдаланишга рухсат берилди.

Олмон мудофаа вазирлигига кўра, ўтган йилнинг ўзида мазкур базага 77 минг НАТО аскарлари қўниб ўтган.

Eurasia.net веб саҳифасига кўра, 2002 ва 2010 йиллар орасида расмий Берлин ўзбек ҳукуматига Афғонистон чегараси яқинидаги база истеъмоли учун 128 миллион доллар тўлаган.

Бироқ, мухолифатдаги партиялар, хусусан чап қанот партияларни Ўзбекистон Андижон воқеалари ортидан Оврўпо Иттифоқи санкциялари остида бўлган вақтнинг ўзида, аниқроғи 2008 йилда Олмониядан 22 миллион доллардан кўп пул қабул қилиб олганидан ғазабдалар.

Олмонияда яшовчи ўзбекистонлик инсон ҳақлари фаоли Умида Ниёзованинг айтишича , Ўзбекистондаги "абгор" инсон ҳуқуқлари вазияти, қийноқлар ва Андижон воқеалари каби хунрезликлар Олмониянинг прагматик сиёсатига таъсир қилмаган.

Би-би-си расмий Берлин учун Ўзбекистон нақадар аҳамиятли экани ҳақида Умида Ниёзова билан суҳбатлашди.