Дунё бўйлаб озиқ-овқат нархларининг кўтарилиши Осиёга қандай таҳдид солмоқда?

Осиё Тараққиёт Банки ўзининг янги ҳисоботида дунё бўйлаб озиқ-овқат нархларининг ошиб бораётгани ўн миллионлаб осиёликларни қашшоқлик гирдобига ташлаши мумкинлиги билан огоҳлантирган.

Ҳисоботга кўра, сўнгги йилларда кузатилаётган бу каби ҳолат жорий йилда Осиё давлатларининг иқтисодий тараққиётига ҳам салбий таъсир қилиши мумкин.

Банк бош иқтисодчиси Ри Чангёнгнинг айтишича, "агар эътиборсиз қолдирилса, озиқ-овқат инқирози Осиё қитъасида камбағалликни камайтириш йўлида яқинда қўлга киритилган муваффақиятларни ҳам чиппакка чиқариши эҳтимоли йўқ эмас".

"Буғдой, макка, шакар, ўсимлик ёғи, сут маҳсулотлари ва гўшт нархининг кескин сакраб кетиши билан жорий йил бошида ривожланаётган Осиё давлатларида инфляция даражаси 10 фоизга етган," дейилади ҳисоботда.

Банкнинг огоҳлантиришича, "агар вазият шу аҳволда давом этадиган бўлса, 64 миллион киши ночорликка юз тутиши ва иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари ҳам 1.5 фоизга камайиши мумкин".

Минтақа давлатларидан, айниқса, Қирғизистонда буғдойнинг баҳоси ўтган июн ойидан буён 67 фоизга ошиб кетган. Тожикистон, Шри Ланка ва Мўғулистонда ҳам буғдой нархи қарийб 30 фоизга кўтарилган.

Банкка кўра, озиқ-овқат қийматининг кескин ортиб кетишига ўтган йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб Осиё, Америка ва Оврўпода кузатилган ёмон об-ҳаво ва табиий офатлар сабаб бўлган.

Бундан ташқари, Осиё Тараққиёт Банки тўрт йил бурун кузатилган озиқ-овқат инқирозида муҳим ўрин тутган омиллар ҳам бугун бўй кўрсатаётганлигини урғулаган.

Булар қаторида ривожланган бой давлатларда озиқ-овқатга талабнинг кучайиши, экин майдонларининг қисқариши ва ғалла ҳосилининг кам бўлиши каби омиллар тилга олинади.

Ўз ўрнида банк минтақа давлатлари озиқ-овқат инфляцияси оқибатларини юмшатиш йўлида уларга қўйилган солиқ миқдорини камайтириш, нарх-навони назорат этиш ва субсидиялар беришга ҳаракат қилаётганликларини ҳам билдирган.

Ҳисоботда бу саъй-ҳаракатларнинг янада кучайтирилиши лозимлиги айтиларкан, ҳукуматлар ўзлари ишлаб чиқараётган озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини камайтирмасликка ҳам ундалган.

Банкка кўра, бу мавжуд муаммони янада кучайтириб юбориши мумкин.

Бунинг ўрнига, ҳукуматлар озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга асосий эътибор қаратиб, қишлоқ хўжалигига кўпроқ сармоя киритишлари, ғалла омборларини кенгайтиришлари ва буғдой ҳосили исроф этилишининг олдини олишлари лозим, дейилади ҳисоботда.

Куни-кеча Жаҳон Банки ҳам шундай огоҳлик билан чиқиб, озиқ-овқат ва энергия маҳсулотлари нархининг ошиб бораётгани ривожланаётган Оврўпо ва Марказий Осиё давлатларида 5 миллиондан ортиқ инсонни қашшоқлик гирдобига ташлаши мумкинлиги билан огоҳлантирганди.

Банк мазкур ҳолат фақат четдан маҳсулот сотиб олишга мажбур бўлган кўплаб давлатлар, айниқса, Қирғизистон, Тожикистон, Арманистон, Гуржистон ва Молдовани қийин аҳволда қолдириши, ушбу давлатларда камбағаллик янада кучайишини ҳам алоҳида таъкидлаганди.