Ўзбекистондаги руслар аҳволини кўрсатган дастур баҳсларга сабаб бўлмоқда

Image caption Кўрсатувда Тошкентда яшаётган нафақахўр русларнинг аҳволидан маҳаллий маъмурият хабар олмаслиги айтилади

Россия 1 телеканалининг "Махсус мухбир" дастурида намойиш этилган кўрсатувда иштирок этган тошкентлик инсон ҳақлари фаоллари уйларига ҳужумлар уюштирилган.

Фаол Елена Урлаеванинг Би-би-сига билдиришича, кўрсатув ортидан унинг ўзи, сафдошлари Татьяна Давлатова ва Виктория Баженовалар уйига бир гуруҳ аёллар бостириб киришган ва уларни кўчага олиб чиқиб дўппослашга уринишган.

Ҳужумчилар фаолларга "Россиянгга йўқол, бўлмаса ўлдирамиз" дея таҳдидлар қилишган.

Россия телевидениеси орқали 24 апрел куни намойиш этилган кўрсатувда нафақат Ўзбекистон, балки қўшни Қирғизистонда этник рус миллатига мансуб кишилар қандай кун кечираётгани ҳақида ҳикоя қилинади.

Унда, хусусан, Қирғизистон жанубида ўтган йил ёзида юз берган этник зўравонлик ортидан рус миллатига мансуб фуқаролар дўппослангани ё қирғиз тилини билмагани учун таҳқирлангани айтилади.

"Мени дўппослаб, ариққа ташлаб юборишди. Ҳушимдан кетиб қолдим, уйғонганимда ёмғир ёғаётганди. Миллатчилик жуда қўрқинчли даражада. Жуда қийин", - дейди рус аёли.

Унинг ортидан Бишкекда ёнғиндан жабр чеккан бир қатор рус ва украин ошхона ва майхоналари эгалари ўсиб бораётган миллатчилик ҳақида ҳикоя қилишади.

Image caption Тошкентлик Валентина Зинкевич ўз қизига айнан рус бўлгани учун ҳужум бўлгани ва у сўнгра касалхонадан кўчага улоқтирилганини даъво қилади

Кўрсатувда ўз муносабатини билдирган Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоева ўз халқи доно халқ эканини айтиб, ҳужумлар жиноий гуруҳларнинг ўзаро келишмаслиги ортидан чиққан муаммо эканини урғулайди.

Ёқилган адабиёт ва дўппосланган қизлар

Кўрсатувга жалб қилинган ўзбекистонлик руслар эса рус адабиётига бўлаётган ҳурматсизлик, кўчалардан рус арбобларининг номлари олиб ташланаётгани, рус адабиёти китоблари ёқиб юборилаётгани ҳақида сўз юритишади.

"Рус ёзувчиларининг китоблари ёқиб юборилган, йўқотилган. Тошкентда, вилоятларда бу юз берди. Билмайман қаердан, лекин буйруқ бўлди, таълим вазирлигидан ҳамма шўро ёзувчиларининг китобларини йўқ қилиш буйруғи бўлган", - дейди Елена Урлаева.

Яна бир фаол Тошкент мавзеларида рус тилидан таълим берадиган мактаблар ва боғчалар йўқолиб бораётганидан шикоят қилади.

"Руслар бу мамлакатдан аста-секин йўқолиб бормоқда. Руслар, Совет Иттифоқи, бир вақтлар умумий бўлган тарих ҳақидаги хотиралар ўчирилмоқда", - дейди мухбир.

Тошкент марказидан шаҳар чеккасига кўчирилган Иккинчи Жаҳон Уруши аскари ва уруш даврида етим болаларни асраб олган Шомаҳмудовлар оиласига қўйилган ёдгорликларнинг кўчириши ҳам танқид остига олинади.

"Замонавий ёшларга анъанавий шарқона меҳмондўстлик ва халқлар дўстлиги ҳақидаги хотирани сақлашга зарурат йўқ", - дейилади кўрсатувда.

Россиялик мухбир ўзбек йигитлари томонидан рус қизларига қилинаётган ҳужумларни бир мисол билан ёритишга уринади.

"Энг қийини қизларга. Юбкасини ҳам кесишлари мумкин, бурнини ҳам синдиришлари мумкин", - дейди у.

Муносабат

Image caption Россиялик мухбир шўро даврида ўрнатилган ёдгорликларнинг кўчирилиши руслар сиқиштируви билан боғлайди

Кўрсатув намойиши ортидан Ўзбекистонда узметроном.ком веб саҳифасини юритадиган асли рус журналист Сергей Ежков мазкур дастурда иштирок этган ўзбекистонлик фаолларни қоралаб чиққан.

Унинг ўз саҳифасида ёзишича, Ўзбекистонда русларга бўлаётган тазйиқ ҳақидаги баёнотлар "мутлақо ўйлаб чиқилган, ҳақиқатдан йироқ".

"Ҳеч ким Ўзбекистонда маиший миллатчилик йўқ деб айтаётгани йўқ. Ахлоқсиз аблаҳлар ҳар бир халқда бор. Лекин, яна бир нарсани билиш муҳим, Ўзбекистондаги ҳозирги ҳукумат бошқа миллат вакилларини мамлакатдан сиқиб чиқариш ҳаракатларини ҳар доим кескин бартараф қилган. Ўзбекистонда ўзбекча гапирмаган ё Исломни қабул қилмаганларни қувиб чиқаришга чақирадиган митингларни ҳатто тасаввур қила олмайсиз", - дейди Ежков.

Елена Урлаева Би-би-си билан суҳбатда рус миллатига мансуб Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқлари топталишда давом этаётганини айтди.

"Шўро қулашидан бери бу сезилаяпти. Заводлар ёпилган ва у ерларда ишлаган асосан русийзабон халқ ишсиз қолган. Ҳукумат ишларига, масалан ҳакам ё прокурор лавозимига руслар чиқа олмайди. Қамоқларда русларни ўзбек тилини билмагани учун дўппослаб, қийнашади", - дейди Урлаева хоним.

Бироқ, унинг айтишича, у Ўзбекистонда нафақат рус озчилиги, балки барча фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади.

"Россия 1 телеканали дастури рус томошабинларига қаратилгани учун, руслар ҳақидаги сўзларимни ажратиб кўрсатишган", - дейди фаол.