Арманистон болаларни шахматга ундамоқда, Ўзбекистон эса пахта даласига

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Арманистон жаҳон шатранж оламида ўз ўрнини топиш ва таълим сифатини кўтариш учун шатранжга эътибор қаратмоқда

Шахмат ёки шатранж Қофқоз ва, умуман, Осиёда фақат оддий ўйин ёхуд эрмак сифатида кўрилмайди. Гуржистонда, масалан, келиннинг сепига шатранж бериш урф бўлиб келган.

Арманистонда эса мана энди мактаб ўқувчилари олти ёшдан бошлаб мажбурий тарзда шатранж ўйнаш ҳадисини олишади.

Гуржистон пойтахти Тбилисидаги Би-би-си мухбири Дамиан Макгиннес "Шатранж Саройи"да ўтган болалар ўртасидаги мусобақани томоша қилиб, ҳайратини яширмайди.

"Бош залда ўн ёшга етмаган юзтача бола чемпионатда иштирок этишга чоғланишмоқда" - деб ёзади мухбиримиз -"Ташқарида эса ота-оналари сабрсизлик ва ҳаяжон билан кутиб туришибди".

Қўшни Арманистон мактабларида шатранж дарслари ўқитила бошланиши билан, Гуржистон ҳам орқада қолмаслик учун, ўз мактабларда шатранж мусобақалари ташкил эта бошлаган.

Шатранж - ақлнинг гимнастикаси иборасига ишонч кучли. Арманистоннинг умид қилишича, шатранж дарслари ўқитилиши ўқувчиларнинг умумий ўзлаштириши ва бошқа фанларни ўрганишларига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Шу боисми, собиқ Совет Иттифоқидаги энг камбағал мамлакатлардан бири бўлишига қарамай, Арманистон шахмат дарслари учун бир ярим миллион долларлик маблағ ажратмоқчи.

Ереван расмийлари шу асно биздан шахмат бўйича жаҳон чемпиони чиқар, деган умиддалар.

Ўзбекистондан эса аллақачон жаҳон чемпиони бўлган ва ёик дунёга танилган шатранжчилар бор. Ўзбеклар Рустам Қосимжонов каби шатранжчиларидан чин дилдан фахрланишади. Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон шаҳарларида шатранж клублари ишлайди.

Ўзбек халқ эртакларида шатранж ўйнаб шоҳларни мот қилган зукко инсонлар ҳақида ҳикоялар оз эмас.

Лекин бугунда Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида болаларни шатранжга жалб қилиш у ёқда турсин, балки ўқувчиларни мактабдаги ўқишидан ҳам узиб, баҳору кузда пахта далаларига ҳайдаш тажрибаси кўпроқ кўзга ташланади.

Баъзан Хоразмдан ёхуд Фарғонадан шатранжга ишқи тушган, зукко болалар чиқиб тураётгани Ўзбекистоннинг шатранж оламида муҳим ўрин тута олиш салоҳиятини кўрсатади.

Аммо фаолларга кўра, Ўзбекистон ўз болаларини ўқишдан узиб, мажбуран мавсумий дала ишларига жалб этиш ўрнига, кўпроқ шатранж ё илм-фанни ўрганишни ташвиқ қилса, бу энди шу эл-юртнинг ўз келажаги учун каттароқ фойда келтирган бўларди.

Халқаро таҳлилчиларга кўра, четга пахта, олтин ва газ сотадиган Ўзбекистондек мамлакатда болаларнинг арзон ва баъзан текин ишчи кучи сифатида дала ишларига чиқарилиши ҳайратланарли ҳолдир.

Сўнгги хабарларга кўра, Ўзбекистондаги қатор туманларда юқори синф ўқувчилари учун мактаблар ёпилган ва болалар мажбурий тарзда далада ўтоқ ҳамда чопиқ қилишмоқда.