Франсуз маҳкамаси Президент Каримовнинг 'диктатор' ёки йўқлиги борасида қарор беради

Келаси ҳафта Париж маҳкамаси Президент Каримовнинг кенжа қизи Лола Тиллаева-Каримованинг франсуз нашри Rue89 га қарши даъвосини кўриб чиқади.

Британияда чиқадиган The Telegraph рўзномасининг ёзишича, маҳкама марказида Rue89 янгиликлар сайтининг Каримова-Тиллаева хоним Париждаги дабдабали зиёфатда қатнашиш учун машҳур актрисага катта миқдорда пул тўлагани ҳақидаги даъво туради.

"Телеграф" га кўра, даъвонинг бошқа бир бандида Лола Каримовани "диктаторнинг қизи" деб тасвирланиши "туҳмат" экани айтилган.

Франсуз маҳкамасидан амалда Ўзбекистон президентини "диктатор" деб аташ мумкинми ёки йўқлиги сўралаётгани маҳкама ишига қизиқишни кучайтирган.

Парижда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик таҳлилчи Камолиддин Раббимовга кўра, ҳозирга қадар биронта маҳкама у ёки бу давлат раҳбарининг диктатор ёки йўқлиги борасида ажрим чиқармаган.

"Диктатор атамаси сиёсий атамадир, унинг аниқ-таниқ ҳуқуқий таърифи йўқ", дейди таҳлилчи.

У Париж маҳкамасидаги даъвода кўпроқ Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг аҳволига эътибор қаратилишини кутаётганини айтади.

The Telegraph даги мақолада ёзилишича, 19 май куни бошланиши кутилаётган маҳкамада Ўзбекистон қамоқхонасида қийноқлардан азоб чеккан мухолифат фаоли ҳамда ўзбек ҳуқуқ-тартибот идораларининг собиқ зобити гувоҳлик беришлари кутилмоқда.