"Комадан чиққанимдан сўнг айтганман, мақсадим - золимнинг зулмига қарши туриш!"

13 май куни Андижонда юз берган қонли воқеаларга олти йил тўлади.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, Андижонда бўлган мухбирлар ва воқеаларда иштирок этган инсонларнинг айтишича, ўзбек ҳукумати кучлари Андижон шаҳридаги Бобур майдонини ўраб олиб, қуролсиз одамларни ўққа тутиши оқибатида юзлаб инсонлар ҳалок бўлган.

Би-би-сининг бугунги меҳмони Ҳусанбой Рўзиев ана шу воқеаларнинг бевосита гувоҳи бўлган.

Ҳалқаро ташкилотлар қурбонлар сонини 500 атрофида деса, ўзбек ҳукумати бу сон 187 экани ва аксар инсонлар террорчилар ўқидан нобуд бўлганини айтган.

Хюман Райтс Вотч каби нуфузли инсон ҳақлари ташкилотлари Андижонда юз берган хунрезликни "қирғин" дея баҳолаган.

"Бу ўлдиришларнинг кўлами шунчалар йирик, ва у одам танламай, номутаносиб равишда амалга оширилганки, уни фақат қирғин дея тасвирлаш мумкин", дейилади Хюман Райтс Вотчнинг "Ўқлар ёмғирдек ёғди" номли ҳисоботида.

Ҳусанбой Рўзиев қонли кунгача "акромий" дея тамғаланган тадбиркорнинг ун ишлаб чиқариш корхонасида мутахассис эди.

Ўз раҳбарига қарши кўрсатмалар бериш йўлида даҳшатли қийноқларга тутилган ва кўп муддат касалхоналарда даволанган Ҳусанбой 13 май ўқлари ёмғиридан хорижга қочиб омон қолган қочқинлар орасида.

У бугунда оиласи билан Голландияда истиқомат қилади.

Лекин Ҳусанбой Рўзиевнинг хотирасида Андижон воқеалари шунчалар тамғаланиб қолганки, у ўша кунни кечагидек эслайди.

"Асаларининг иккита ящигининг орасидан ўтгандек ўтдик. Ўқ асалари тўзигандек чиқаяпти икки томондан. Асфальтлардан ўтлар учаяпти. Аёллар, болалар, ким тўғри келса ўлаяпти..."

Ҳусанбой тирик қолган одамлар билан қочиб Қирғизистон чегарасига яқин Тешиктош қишлоғига етиб келганида яна ўққа тутилганини айтади.

"Бир аёл қўлимда жон берди. Кўкрак қисмидан ўқ еганди, ёши тахминан 50 ёшларда эди... Кўтариб, ўтқизгандек, у "Мен ўлмаймана?" деди. Ҳаммаёғи қон, оёқларигача қон ивиб оққан. "Ўлмайсиз" дедик. Яхшироқ тияб ушлаш учун орқасига қўлимни қўйсам, орқасида ҳеч нарса йўқ эди. Қўлим ичига кириб кетди", дея тасвирлайди бу хунрезликларни Ҳусанбой.

Унинг Избосканда қолган рафиқаси Шаҳодат ва уч фарзанди Андижон воқеалари ортидан мунтазам равишда босимлар ва текширувлардан азоб чекишганини айтишади.

Шаҳодат 2007 йил июнида тазйиқлардан аввал Қирғизистонга, сўнгра Қозоғистонга қочиб, ва ниҳоят Голландияда турмуш ўртоғи билан дийдорлашишга муваффақ бўлди.

Меҳмон жавоблари

Ҳусанбой Рўзиев Би-би-си дастури тингловчилари ва веб саҳифамиз ўқувчилари саволларига жавоб берди.

Asalom alaykum HUSANBOY sizni andijondagi bulgan voqeaga nima etaklab chiqdi va nima sabab buldi? Umair, Ovrupo

Рўзиев: Ассалому-алайкум, авваламбор. Мени шу Андижон воқеасига асосан етаклаб чиққан нарса - мени Андижонда бўлган адолатсизлик, ноҳақлик, ва ноҳақликлар орқасидан мен мурожаат қилган судлар, яъни қўғирчоқ судларга мурожаатларим эътиборсиз қолгани натижасида, Андижонда бўлган намойишлар эшитиб, шунга етиб борганман.

Odamlarni icida pistolet yoki avtomat ushlabolganaar bor deyilgandi. Siz shunaqalarni ko'rganmisiz? rahmat Sarvar, London

Рўзиев: Албатта. Мен у ерда қанчадир қуролли кишиларни кўрганман. Лекин, улар қандай у қуролга эришганлигини мен билмайман. Улар шу ердаги намойишдаги инсонларни давлатни ёмонликларидан, яъни ҳужумларидан ҳимоя қилиб турганлигини кўрганман.

Би-би-си: Қанча эди у қуролли одамлар сони?

Рўзиев: Мен кўрганим, тахминан, бешта-ўнтадир кўпи билан.

Би-би-си: Улар оддий халққа ё сизга тажовуз қилишмаганми?

Рўзиев: Йўқ, улар ҳеч қандай тажовуз қилишмаган. Яна шундай нарсаларга гувоҳ бўлганманки, ҳарбий машиналарда, ҳарбий Виллисларда келиб отишган пайтда халқ ўлганига қарамасдан, оломон югуриб, шуларни ушлаб, қўлидаги қуролларни олганлигини ҳам кўрганман.

Би-би-си: У қурол ушлаган оломон орасидаги кишилар кимгадир ўқ отганми, ҳарбийларгами ё оддий одамларга қарата? Биринчи бўлиб ёки жавобан ўқ отганми?

Рўзиев: Мен у ерда ҳимоя қилиб турганларни халққа қараб ёки бошқа инсонларга қараб ўқ узганини кўрмаганман.

Аmerikadan pul olmagamisizmilar? Ayni paytda sarik revolyutsyalar uyushtirilayotgandi. Magzimbaev Alisher, Osh

Рўзиев: Мисол учун мен ўзимни оладиган бўлсам, мен у намойишга ўзимга келган ноҳақлик учун чиққанман. Бировдан бир нарса, моддий нарсага умидвор бўлиб чиққан эмасман.

Би-би-си: Андижондаги намойишларни кимдир ташқаридан пул билан дастаклаган деган қарашларга сиз қўшилмайсизми?

Рўзиев: Йўқ, ундан иддаоларни мен рад этаман. Чунки у ердаги халқ зулм кўрган халқ эди, шуни кўрганман. Улар қатори мен ҳам зулм кўрганман... 2003 йилдан мени Миллий Хавфсизлик Хизматига чақиришиб, ноҳақ айбловларни бўйнимга қўйишиб, шуни эвазига пул ишлашмоқчи эди. Шундан бошланди. Мен уларнинг талабини рад этганман. Кейин руҳий, жисмоний тазйиқлар, калтаклашлар бошланган.

Nima deb o'ylaysiz, tankka otiladigan o'q orqasini o'pirib yuborgan ayolni va bolalarni otishga buyruq bergan odamning boshidan nimalar o'tgan? Men senlarga rangli inqilobni ko'rsatib qo'yaman degan fikrmi yoki 10-15 yildan buyon sodir etgan qotilliklar kabi buni ham yashirish qo'limdan keladi degan fikrlmi? Оqibatni О'ylovchi

Рўзиев: Буйруқ берган одам, албатта разил одам буйруқ беради ўз халқини отишликка. У инсоннинг бошидан қандай фикр ўтишини мен айтолмайман, лекин у разиллигича қолади. Мен шуни аниқ айта оламанки, буйруқ берганлар маҳаллий ҳоким ё раҳбарлар бўлмаган, бу буйруқ фақат юқоридан келган деб тушунаман. Ўзбекистон ҳукуматидан келадиган буйруқ деб тушунаман. Чунки менга бўлган тазйиқлар ортидан жуда кўп давлатдаги ишлайдиган инсонлар билан суҳбатимда улар "юқорининг буйруғи эди" деб менга айтишган.

Karimov buyrugi bilan maydondagi xalq o'qqa tutilgan o'sha 13 may - juma kuni edi. U kun haqidagi rasm, videolardan bilyapmizki, juda ham ko'p odam (erkak-ayol - aralash yigilgan). 1. Sizlar musulmonmidingizlar? 2. Agar musulmon bo'lsalaringiz, nima uchun o'sha kuni Juma namozini qoim etmasdan, erkak-ayol - garblik mushriklar qiligini qilib, aralash yigilgandinglar? 3. sizlarni bir bosh qilib tayin etgan IMOMlaringiz bormidi ozi? Aaaba

Рўзиев: Бу тингловчимизнинг саволлари баъзи меъёрлардан чиқиб кетганга ўхшайди. Аммо, имконим қадар жавоб бераман. Алҳамдулиллоҳ, мусулмонман. Мен ўйлайманки, мусулмончилик амаллари ҳам ўз навбати билан амалга оширилади. Адолатсизлик, зулм ҳукмрон давлатда масжидга эмас, кўпроқ адолат ва ҳақиқат ўрнатишга эҳтиёж сезилади. Бу саволни йўллаган тингловчини саволи мисоли ёнаётган уйга мени меҳмонга таклиф қилаётганга ўхшайди... Энди ғарблик мушриклар деб баҳо бериш ўзи яхши нарса эмас. Биз майдонга имом тайинлаш учун чиқмаганмиз, биз фақат адолат истаб чиққанмиз у ерга. Бошқа ҳеч қандай мақсад бўлмаган. Биров бировни мажбурламаган. Ўзи ихтиёри билан келган. Мисол учун мен ўз ихтиёрим билан, икки йил азоб чекканимнинг оқибатида чиққан инсонман.

Би-би-си: Сиз қанчалар вақтли хабардор бўлгансиз Андижонда шундай намойиш бўлишидан?

Рўзиев: Мен 13 май куни эрталаб Андижон вилоят клиникасига тиббий кўрик учун келгандим. Шунда эшитдим. Тахминан соат 10:30ларда майдонга етиб бордим.

Би-би-си: Яъни бир ҳафта ё ўн кун аввал одамлар орасида хабар тарқатилмаганми шундай тадбир бўлади деб?

Рўзиев: Йўқ, ундай тадбир бўлишини мен эшитмаганман. Мен ҳар ойда уч марта тиббий кўрикдан ўтардим, жисмоний тазйиқлар оқибатида ойига уч марта кўрикдан ўтиб турардим. Шу кўрикдан ўтиш учун борганман. Одамлар йиғилибди ҳақ-ҳуқуқини талаб қилишга, президент келар экан, деган нарсани эшитганим учун, шу ерда ҳеч бўлмаса ичимдаги айта оларман деб борганман.

Andijonlik qochqinlarni orasiga Karimovni rejimiga xizmat qiluvchi josuslar ham qo'shilib chet elga ketgan, bu josuslar qochqinlarni orasida nafaqat ayg'oqchilik faoliyati, balki ularning tarqoq bo'lishligi uchun jon kuydirishadi degan gaplar bor. Husanboy aka, shu gaplarni tasdiqlash yoki inkor qilish uchun sizda yoki safdoshlaringizda qanaqadir ma'lumotlar bormi? Agar ma'lumot bo'lsa ochiq ayta olasizmi? Alisher, Moskva

Рўзиев: Биз қочиб чиққан қочқинларнинг ичида ундай жосуслар борми-йўқми, мен унисини билмайман. Лекин, қандай десангиз, ўзаро қанчалардир келишмовчиликлар бўлган бу имтиҳонли кунларда. Лекин, бу арзимаган нарсалар. Лекин, ундай жосуслар бор-йўқлиги ҳақида менда маълумот йўқ, ва дўстларим ҳам бундай маълумотга эга эмас деб биламан. Эга бўлганда менга айтган бўлишарди.

Muhtaram Husanboy aka! Bobur maydonidagi mudxish kunda haqiqatdan ham Qirg'izistonlik o'zbek fuqarolari bu jarayonlarga qatnashgan edimi? Odiljon Maxdumiy, O'sh

Рўзиев: Биз 14 май куни Қирғизистонга қочиб ўтганимизда қочқинлар лагерида бир неча Қирғизистон фуқаролари борлигини ҳам билганмиз. Улар ҳам тақдир тақозоси билан 13 май куни Андижон шаҳрига бориб қолган. Мана шу ишларга гувоҳ бўлиб қолишган экан.

Би-би-си: Уларни биров чақирганми айнан мана шу намойишда иштирок этиш учун?

Рўзиев: Лагерда 15-20тача қирғиз фуқаросини кўрдик. Шу ерда эшитишимизга қараганда, улар савдогарчилик учун боришган ва божхоналарга жуда кўп тазйиқларга учрагани учун, президент келади деб эшитгани учун келиб туришган бўлишса керак деб ўйлайман.

Tuyachilik Husanboy, sizni Izboskan MHH (Миллий Хавфсизлик Хизмати) ichiida kaltaklashib tergovdan sung mhh hovlisi orqasidan tikonli sim ostidan emaklab ketganingiz va kelganingiz tugrimi? Sudda siz va onangiz bilan bergan guvohligingizga sizni qattiq qiynoqqa solinganingizga sudyani javobi qanday bulgan edi? Alihodja

Рўзиев: Ҳақиқатан, манзилимни қисман тўғри келтиргансиз. Асосан бу тазйиқлар мен учун 2003 йил бошланган. Миллий Хавфсизлик, Ички Ишлар бўлими (билан ҳамкорлик қилган) мен билан бирга ишлаган одам пул ундириш учун мени ўртага қўйган ва терговга чақиришган. Қанчадир пул сўрашган, менда ундай пул йўқ деганман. Шуни эвазига улар бошлашган, менга ҳар хил шартлар қўйишган. Калтаклашган. Ўзим яшайдиган нафақат қишлоқлар, балки маҳаллий жойлар (ширкатларнинг) ҳисобларини олиб, уларга етказишимни талаб қилишган: омборчилар, раислар нима иш қилади, шу маълумотларни етказишимни, ва мен орқали улардан пул ундиришни исташган. Бу менинг касбим эмас, мен бу ишни ўзимга эп кўрмаганман. Шунинг учун уларнинг талабини рад қилганман. Шундан менга тазйиқлар бошланган. Мени ҳафтада икки марта, уч марта терговга чақиришар эди. Шу орқа тарафдан, тиконли симларни остидан киргизиб, шу ердан эмаклатиб чиқарарди. Шундай менга условия қўйганки, бировга айтадиган бўлсанг, оилангга ё танишингга айтадиган бўлсанг бу гапларни, сени албатта жиноий жавобгарликка тортамиз. Ва қийноқлар билан, агар бировга айтсам, менга "159 ва 244-моддалар билан айблашларига розиман" деган ҳужжатга қўл қўйдирган.

Xusanboy sir bolmasa аgar kelajak rejalaringiz bilan ortoqlashsangiz. 2 Ruminiyada ortirgan dostlaringiz bilan aloqadamisiz? Uzb Xalq Harakati haqida nimalar deya olasiz? Raxmat. Ansor Andijon, Canada

Рўзиев: Руминияда (БМТ қочқинлар лагерида) ўтирган дўстлар билан биз албатта алоқадамиз. Ҳозирда улар билан қанчалардир гаплашамиз, бир-биримиз билан борди-келди қиламиз ва бир-биримизни яхши тушунамиз деб ўйлайман... Бугунги кунда Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига қўшилишлик истагимни билдирганман. Энди қийинчилик кунлар ортда қолди ва ёруғ кунларга қараб интилиш бизда янада ортди. Ҳозирда биз тенг имкониятлар бор диёрларда турибмиз. Дўстлар орттираяпмиз, Худога шукур. Яқинда шундай дўстларимиз билан биргаликда Ўзбекистон Халқ Ҳаракати номли бир ҳаракатга бирлашдик. Мақсадимиз Ўзбекистон келажагининг порлоқ бўлиши йўлида турган ҳар қандай тўсиқни олиб ташлаш. Ҳаттоки у президент бўлса ҳам, биз мақсадимизни амалга оширишга иродамиз ҳам, имкониятларимиз ҳам етарли.

Би-би-си: Қандай қилиб амалга оширмоқчисизлар бу мақсадни?

Рўзиев: Тинч, намойиш йўли билан амалга оширмоқчимиз.

Би-би-си: Қаерда бўлади бу намойиш? Қандай шаклда?

Рўзиев: Бу намойишлар, албатта, Ўзбекистоннинг ичида бўлади. Бу бугунги кунда зулм қилаётган ҳокимиятнинг истеъфоси учун.

Би-би-си: Сиз Ўзбекистонда намойиш қилинганда нималар бўлишини ўз бошингиздан кечиргансиз. Яна шундай бўлади деб қўрқмайсизми? Яна одамлар ўлади деб ўйламайсизми?

Рўзиев: Мен шуни айтмоқчиманки, 2004 йил мен Миллий Хавфсизлик Хизмати томонидан жуда қаттиқ калтакланганман ва жуда узоқ вақт кома ҳолатида ётганман. Ўзимга келиб, оёққа турганимда айтганман, ҳозир ҳам айтаман - мақсадим - золимнинг зулмига қарши туришлик! Мен ўзимга шуни шиор қилганман. Бугундан кейинги ҳаётим қандай бўлишидан қатъий назар, мен озодлик учун, халқнинг, ватанимнинг озодлиги учун, фарзандларим, яқинларим ва ота-энамнинг озодлиги учун шу нарсага бел боғлаганман.