Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Тожикистон шимолида ЎИҲга аъзоликда гумон қилинган шахс ҳибсга олинди

Image caption Cуғд вилоятида сўнгги йилларда "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати"нинг фаоллашгани кузатилади

Тожикистон шимолидаги Исфара туманида "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати"га аъзоликда гумон қилинган шахс ҳибсга олинган.

Бу ҳақда "Озодагон" мустақил интернет саҳифаси Суғд вилояти Ички ишлар идорасидаги манбага таянган ҳолда маълум қилган.

32 ёшли Мансур Собитов "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати"га аъзоликда гумон қилинган икки шахсга кўмаклашишда айбланмоқда.

Мансур Собитов ўтган йил кузида қидирувда бўлган Абдунаим Ҳасанов ва Суҳроб Ваҳҳобовга озиқ-овқат ва зарурий маҳсулотлар етказиб турган.

Ўтган йил октябрида Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган махсус амалиёт чоғида Абдунаим Ҳасанов ҳибсга олинган, Суҳроб Ваҳҳобов эса отиб ўлдирилган эди.

Мазкур амалиётда ҳаммаси бўлиб, "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати" аъзолари дея кўрилган тўрт шахс ҳалок этилган эди.

Суғд вилоятида "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати" фаолларини тутиш амалиёти Хўжанд шаҳри Ички ишлар идорасига уюштирилган интиҳорий ҳужум ортидан бошлатилган эди.

Кўп ўтмай ҳуқуқ-тартибот идоралари маҳаллий аҳолидан яна бир неча кишини ҳибсга олди.

Улар орасида ҳали балоғатга ўрта мактаб ўқувчиси ҳам бўлгани хабар қилинди.

Ўтган йилнинг ўзида Суғд вилоятининг ўзида 40 дан ортиқ шахсга нисбатан қидирув эълон қилди.

Сўнгги йилларда Суғд вилоятида "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати"нинг фаоллашгани кузатилган.

Хўш, бунга сабаб нима? Би-би-си айни савол билан "Озодагон" веб саҳифасининг муҳаррири Зафар Сўфийга мурожаат қилди.