HRW: ' 6 йил ўтиб ҳам Андижон ҳодисалари юзасидан адолат қарор топмади'

"Хьюман Райтс Вотч" халқаро инсон ҳуқуқларини сақлаш ташкилотига кўра, Оврўпо Иттифоқи ва АҚШ инсон ҳуқуқларига оид ниҳоятда абгор вазият манзарасида Ўзбек ҳукумати билан алоқаларини қайта кўриб чиқиши лозим.

Бу ҳақда халқаро ташкилотнинг Андижон қирғинининг 6 йиллиги санаси арафасида эълон қилган янги ҳисоботида айтилади.

Оврўпо Иттифоқи ва Америка Қўшма Штатлари эса, сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати билан муносабатларини яхшилаш ҳаракатига тушиб қолишганди.

Халқаро ташкилотнинг Оврўпо ва Марказий Осиё бўйича раҳбари Рейчел Денбернинг айтишича, "икковлон Ўзбек ҳукуматига инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳвол амалда ўзгармас ва даҳшатли ёвузлик юзасидан адолат қарор топмас экан, ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмаслигини очиқ-ойдин билдириб қўйишлари лозим".

"Ҳам Оврўпо Иттифоқи ва ҳам АҚШ Ўзбек ҳукуматидан Андижон қирғини ва шу пайтгача давом этаётган тинимсиз қатағонлар юзасидан ҳисоб беришни сўрашлари лозим," дейди ташкилот вакиласи.

2005 йилнинг 13 май кунида ҳукумат аскарларининг ҳеч бир огоҳлантиришсиз ва пала-партиш ўт очишлари натижасида Андижонда аксарияти тинч намойишчилардан иборат юзлаб кишилар қурбон бўлишганди.

Орадан 6 йил ўтиб ҳам, содир этилган қотилликлар юзасидан ҳеч ким жавобгарликка тортилмади, Ўзбек ҳукумати ҳам ўша намойишларга алоқаси борликда гумон этилганлар, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва ўзининг танқидчиларига қарши давомий таъқибларини тўхтатганича йўқ, дейди "Хьюман Райтс Вотч".

Намойишларнинг куч билан бостирилиши ва Ўзбек ҳукуматининг юз берган қирғин юзасидан мустақил халқаро тергов олиб борилишига изн бермаслиги ортидан 2005 йилнинг октябр ойида Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистонга жазо чораларини киритган ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилашга оид муайян мезонларни белгилаб берганди.

Халқаро ташкилотга кўра, Ўзбек ҳукумати ўша мезон даражасида иш олиб бормаган бўлса ҳам, Оврўпо Иттифоқи босқичма-босқич ўз санкцияларини бекор қилиб боради ва 2009 йилда уларни буткул олиб ташлайди.

Ўзбекистон ва Ғарблик иттифоқчилари орасидаги муносабатлар ўз измига тушган эса-да, мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятнинг яхшилангани далолати ёки тинимсиз инсон ҳақларининг топталиши ҳолларига эътибор қаратишга бўлган сиёсий хоҳиш-ироданинг нишонаси йўқ, дейди "Хьюман Райтс Вотч".

Ўзбекистон Афғонистондаги хорижий иттифоқ кучларига 2009 йилдан буён ноҳарбий юклар етказиб беришда фойдаланиб келинаётган Шимолий Таъминот Тармоғида муҳим ўрин тутади.

Биз Рейчел Денбер хонимни суҳбатга тортиб, энг аввало Оврўпо Иттифоқининг Ўзбекистонга нисбатан сўнгги мавқеи борасидаги фикрини сўрадик:

Рейчел Денбер: Энг аввало бир нарсани очиқ-ойдин қилиб олсак: Биз Оврўпо Иттифоқи ва АҚШ Ўзбекистон билан муносабатга киришмасин, демоқчи эмасмиз. Икки ўртада ўзаро мулоқотлар бўлиши лозим. Чунки Оврўпо Иттифоқи, АҚШ ва бошқа давлатлар шу йўл билан Ўзбекистонни инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни ўнглашга ундашлари мумкин. Бизнинг айтмоқчи бўлган гапимиз шуки, ўзаро муносабатлар чуқурлашмасидан аввал, Ўзбекистон ҳукумати Оврўпо Иттифоқи ва АҚШ томонидан илгари сурилган мезонлар даражасида инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳволни яхшилаши лозим. Ана шу нарса таъминланиши керак.

Би-би-си: Лекин Афғонистондаги хорижий иттифоқ кучлари учун ниҳоятда муҳим бўлган Шимолий Таъминот Тармоғи, олмон ҳарбийлари фойдаланиб келаётган Термиз ҳарбий базаси каби масалалар бор. Сиз вазиятни орқага қайтариб, ҳаммасини ибтидодан бошлай олмайсиз-ку, тўғрими? Яъни, худди шундай бир ҳолатда иш олиб боришингиз лозим бўлади...

Рейчел Денбер: Гапингиз тўғри, лекин Оврўпо Иттифоқи ва АҚШ Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилаш йўлида қўлларидан келганча ҳаракат қилаётганликларига ишонтиришлари лозим. Лекин ўтган бир неча йилни мисол тариқасида олиб қарайдиган бўлсак, Оврўпо Иттифоқи яққол бу масалада тинч дипломатия йўли маъқул, деган мавқеъни тутмоқда. Бундан ташқари, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммоларни кўтариш бу борада мулоқотлар олиб борилди, деган гап билан чекланиб қолмаслиги керак. Ана шу икки нарса ўзгартирилмоғи лозим. Бошқа бир масала шундаки, Термиздаги ҳарбий базадан фойдаланаётгани учун Олмония Ўзбекистонга жуда катта миқдорда ижара ҳақи тўлаб келаяпти. Олмония Афғонистондаги ҳарбийларини таъминлашнинг бошқа йўлларини излаши лозим. Олмония ҳукумати бошқа имкониятларни қидириб кўрганми ёки йўқлиги, нима учун алал-оқибат шафқатсиз бир тузумни дастаклашига олиб келаётган Термиз ҳарбий базасига тақалиб қолгани, шу танловда тўхтагани биз учун ҳам мавҳум қолмоқда.

Би-би-си: Аммо Афғонистонга таъминот етказиш мумкин бўлган бошқа давлатларда ҳам муаммолар тиқилиб ётибди. Дейлик, асосий таъминот йўли ўтувчи Покистонни олиб қарайдиган бўлсак, у ердаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳвол ҳам кўнгилдагидек эмас-ку, тўғрими?

Рейчел Денбер: Ҳа, гапингиз тўғри. Буни рад этолмайман. Аммо бу ерда сўз Олмония ҳукуматининг қандай мантиқ ёки келишувлар асосида Термиз ҳарбий базасидан фойдаланиш ва у ерда қолишга қарор қилганлиги ҳақида кетаяпти. Менимча, бизнинг буни билишга ҳаққимиз бор.

Би-би-си: Сиз Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилашда мулоқотлар йўли иш беришини инкор этмадингиз. Лекин Ўзбекистондаги тузум назарда тутилганда, бу нарса иш берармикан? Мисол учун, Ўзбекистон Бирлашган Миллатларнинг Инсон ҳуқуқлари идоралари билан олиб борган мулоқотларига қарайдиган бўлсак, қанчадан-қанча ҳужжатлар имзоланган, ваъдалар берилган, лекин амалдаги вазият деярли ўзгармаган, тўғрими?

Рейчел Денбер: Алал-оқибат буларнинг барчаси Ўзбекистон ҳукуматининг сиёсий хоҳиш-иродасига бориб тақалади. Сиз йиллаб музокаралар олиб боришингиз, аммо улар ҳеч бир самара бермаслиги мумкин. Шу сабабдан ҳам, Ўзбекистоннинг хорижий иттифоқчилари бу каби шафқатсиз тузум билан мулоқотларини давом этдириш қанчалик виждоний экани борасида бир қарорга келишлари лозим бўлади. Мана, Оврўпо Иттифоқини олиб қарайлик: Андижон воқеалари пайтида ва ундан кейинги хатти-ҳаракатларининг қанчалик шафқатсиз эканидан келиб чиқиб, Ўзбекистонга жазо чораларини киритганди. Лекин муаммо шундаки, ўша пайтда Оврўпо Иттифоқига раислик қилган Олмония жазо чоралари ҳали тўлиқ кучга кирмай туриб, уларни буза бошлади. Энди эса, Оврўпо Иттифоқида Ўзбекистонга қарши санкциялар иш бермади, бошқа йўлларни излашимиз керак, деган ишонч ҳукмрон. Лекин, яна қайтариб ўтаман, жазо чоралари ҳали иш бермай туриб, уларни назар-писанд қилмаслик бошланганди. Ўша пайтда Ўзбекистон Ички ишлар вазири бўлган ва саёҳат чеклови киритилганлар рўйхатини бошлаб берган Зокиржон Алматовнинг даволаниш учун Олмонияга борганини олайлик. Буларнинг барчаси, ўз ўрнида, Ўзбекистон ҳукуматига ҳам санкцияларнинг қанчалик жиддий экани борасида яхшигина сигнал берган. Кейин эса, Ўзбекистон иттифоқнинг талабларини тузук-қуруқ бажармаган эса-да, йилма-йил жазо чоралари бекор қилиб борилди. Шундан сўнг, уларнинг самараси ҳақида яна қандай гап ҳам бўлиши мумкин!

Би-би-си: Бироқ қизиғи шундаки, жазо воситаси сифатида санкциялар танловидан ҳали ҳам воз кечилмаган. Дейлик, кечаётган ғалаёнлар манзарасида Яқин Шарқдаги айрим давлатларга нисбатан санкциялар жорий этилди. Яқин Шарқ ва Шимолий Африка давлатларида кечаётган воқеалар манзарасида Ўзбекистон билан алоқаларнинг истиқболига қандай қарайсиз?

Рейчел Денбер: Агар хабарларга қаралса, Оврўпо Иттифоқи мулозимларининг минтақада барқарорликнинг кафолати бўлганликлари ва шу сабабдан ҳам, бирламчи манфаатларига жавоб беришини назарда тутиб, ўта репрессив давлатлар билан ҳамкорлик қилишнинг калтафаҳмлик экани, узоқни кўзлаган стратегия бўлолмаслигини англаб етишмоқда. Чунки олиб борилган қатағонлар ҳам ўша давлатлардаги ғалаёнларда озмунча роль ўйнамаган. Шунинг учун ҳам Оврўпо Иттифоқи ва АҚШ Яқин Шарқда юз бераётган ҳодисалардан сабоқ чиқариб, Марказий Осиё давлатларига нисбатан сиёсат юритишлари лозим. Ва ўта репрессив тузумлар ҳақиқатда ҳам барқарорлик кафолати бўлишармикан, деган саволни ҳам ўзларидан сўраб кўришнинг вақти етди, деб ўйлайман.