'Марказий Осиё давлатлари иқтисодий ривожланишнинг бошқа манбаларини излашлари лозим'

Халқаро Валюта Жамғармаси Марказий Осиё ва Қафқоз давлатларига анъанавийларидан ташқари, иқтисодий ривожланишнинг бошқа манбаларини излашни тавсия этган.

Жамғарманинг расмий веб саҳифасида айтилишича, минтақадаги айрим давлатлар сўнгги глобал молиявий инқироздан жиддий зиён чеккан эсалар-да, ўтган йили минтақада ўсиш суръатлари анча ўнгланган ва ўртача 6.5 фоизни ташкил этган.

Катта миқдорда нефть ва газ сотиш билан шуғулланувчи уч Марказий Осиё давлати: Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистонда эса, бу кўрсаткич 7 фоиздан ҳам ортиб кетган, дейди жамғарманинг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё бўйича раҳбари муовини.

"2011 йил ва бирқадар секинлик билан бўлса-да, ундан кейин ҳам минтақа давлатлари иқтисоди жадал ўсишда давом этади. Аммо иқтисодий тараққиётни тутиб қолиш учун Қафқоз ва Марказий Осиё давлатларининг ривожланишнинг бошқа манбаларини ҳам излашларига тўғри келади," дейди Девид Оуэн жаноблари.

Мақолада, ўз ўрнида, уларга бу масалада кўмак бериши мумкин бўлган иқтисодий сиёсатнинг муҳим асослари ҳам санаб ўтилади.

Улар сирасида иқтисодда давлат ролини камайтириш, янги маҳаллий ва халқаро ширкатларга кенгроқ эшик очиш, банк тармоғи фаолиятини кучайтириш ва бизнес муҳитини яхшилашга оид бошқа чоралар тилга олинади.

Оуэн жанобларига кўра, минтақа давлатлари раҳбарлари сарф-харажатларни ошириш ва солиқларни камайтириш каби инқирозга қарши кескин чораларни кўришга имконли бир аҳволда бўҳрон билан юзма-юз келишган. Лекин иқтисодни жонлантиришга қаратилган бу каби чоралар ўз вазифасини бажариб бўлгандан сўнг, улар учун иқтисоднинг ўсишини таъминлаш учун бошқа омиллар лозим бўлади, дейди у.

"Афсуски, инқирозгача бўлган омиллар беқарор бўлиб чиқди, хом-ашё товарлари экспорти эса, нисбатан кам янги иш ўринларини яратади. Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон каби камбағаллик даражаси юқори бўлган давлатларда иқтисодий тараққиёт истиқболини яна шу инжиқ омилларга боғлаб қўйиш - таваккалчилик бўлади. Даромадларнинг нотенглиги, ишсизлик ёки тўлиқ иш билан банд бўлмаслик ҳоллари, айниқса, хавотирга лойиқ. Чунки айрим Марказий Осиё давлатларида бор-йўғи бир неча йилдан сўнг катта сондаги ёшлар меҳнат бозорига чиқишади," дейди жамғарма вакили.

Маҳаллий иқтисодий таҳлилчилар эса, Ўзбекистон иқтисодида кескин ўзгаришларга қўл урилса, унда хом-ашё базаси бўлишнинг ўрнига, ички ишлаб чиқаришни кучайтиришнинг олиймақом имкониятлари борлигини айтишади.

"Оёқ кийим саноати деймизми, мева-сабзавотларни қайта ишлаш саноати деймизми, кийим-кечак саноати деймизми, ҳозир Ўзбекистоннинг жуда улкан имкониятлари бор. Агар Ўзбекистондаги молия захираларими, меҳнат муҳожирлиги орқасидан келаётган даромадми, ҳамма маблағ шу соҳаларга йўналтирилса, ички ишлаб чиқариш 10 баробардан ошиб кетиши мумкин," дейди ўзбекистонлик мустақил иқтисодчи Жаҳонгир Шосалимов.

Иқтисодчи, ўз ўрнида, "Ўзбекистонда Шўро давридан қолган партия номенклатурасининг ҳамон амалда экани, бозор муносабатларига ўтишнинг катта имконияти бўлган бир ҳолда, яна ўша режали иқтисодиёт, ҳамма савдони ўз қўлига олиш, бутун ички, ташқи ресурсларни ўзлари сарфлаш" каби ҳолларни бунга тўсқинлик қилаётган омиллар сифатида тилга олиб ўтади.

Унга кўра, "Ўзбекистон ўзининг ички ишлаб чиқаришини чуқур режа ва ақл-идрок билан ривожлантирмас экан, хом-ашё экспортига қарам бўлиб қолаверади".

Маҳаллий таҳлилчи мавжуд имкониятларнинг оқилона йўналтирилмаётгани сабабини Ўзбекистон ҳукуматига фақат харажатларини қоплаш учун даромад кераклиги билан изоҳлайди.

Ўз навбатида, Халқаро Валюта Жамғармаси вакили минтақа давлатларининг иқтисодий ва молиявий алоқаларини мустаҳкамлашнинг муҳим эканлигини ҳам урғулайди.

"Иқтисодиётларининг кўлами ва жўғрофий яқинликлари назарда тутилса, бу давлатлар орасидаги умумий савдо ҳажми кутилганидан кўра анча пастдир: Умумий экспортларининг бор-йўғи 5 фоизчасини ташкил этади, холос. Яна бу ҳам камайиб бормоқда. Савдо-сотиқнинг асосий қисмини эса, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ташкил этади," дейди жамғарма вакили.

Девид Оуэн бу тўсиқлар асосан ташкилий экани ва минтақанинг аксарият давлатларидаги нисбатан нохуш бизнес муҳитини ўзида акс этдиришини айтади.

Унга кўра, минтақада бизнес фазосининг яхшиланиши ташқи сармояларни жалб этиши, бу эса, савдо-сотиқнинг кенгайиб, янги иш ўринларининг яратилишига замин яратиши мумкин.