Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Президент Каримовнинг Ҳиндистонга икки кунлик давлат ташрифи бошланди

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов икки кунлик давлат ташрифи билан Ҳиндистонга йўл олди.

Ташриф жараёнида икки мамлакат ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари ҳамда минтақавий ва халқаро муаммолар муҳокама қилинади.

Ислом Каримовнинг Ҳиндистонга сафари арафасида Деҳлида икки мамлакат ўртасида сайёҳлик соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича ҳаракат дастури имзоланган.

Ушбу ҳужжат Ҳиндистон томонидан Туризм ва ҳамкорликни ривожлантириш департаменти директори Лалит Панвар ва Ўзбекистон томонидан "Ўзбектуризм" Миллий компанияси раиси Рустам Мирзаев имзолаган.

Икки давлат раҳбарлари музокараларида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳамкорликларнинг янги йўналишлари, жумладан энергетика соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласи муҳокама этилиши кутилмоқда.

Сўнгги йилларда Ҳиндистон Ўзбекистон ҳудудидаги табиий бойликларни, хусусан газни ишлаб чиқиш лойиҳаларида иштирок этишга катта қизиқиш кўрсатиб келади.

Газ масалаларида мутахассис Анвар Ҳусаиновнинг айтишича, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган табиий газ 2009 йилга қадар фақат Россияга сотилар эди.

Бироқ, Анвар Ҳусаиновнинг айтишича, охирги икки йилда Россия газ сотиб олиш бўйича Ўзбекистонга "ишончли ҳамкор бўлмай қолди".

"Ўзбекистон ҳам ўз табиий бойликларини сотиш учун янги бозорларни қидиришга тушган," дейди Анвар Ҳусаинов.