'Лукойл' Ўзбекистонда газ қазиб чиқаришни оширишини маълум қилди

"Лукойл"га кўра, Ўзбекистонда газ қазиб чиқариш йилига 30 фоизга кўпайтирилади. Россиянинг ушбу энг йирик хусусий нефт ширкати 2017 йилга қадар Ўзбекистонда газ қазиб чиқаришни 6 бараварга оширмоқчи.

Бу ҳақда "Лукойл Оверсиз" ширкати раҳбари Андрей Кузяев Тошкентдаги (Oil Gas Uzbekistan -2011) Халқаро анжуманда маълум қилган.

Ширкат қазиб чиқарган газнинг катта қисми қўшни Хитойга етказиб берилиши кўзда тутилган.

Андрей Кузяевга кўра, 2017 йилга бориб, "Лукойл" ширкати Ўзбекистонда қазиб чиқараётган газ миқдорини 18 миллиард куб метрга оширишни режалаган.

Ширкат кўзда тутган сармоя ҳажмини эса, тўрт бараварга, яъни 5 миллиард долларга етказилиши керак.

Бугунги кунда "Лукойл" Ўзбекистонда йилига 3 миллиард куб метр газ ишлаб чиқаради. Ширкатнинг республика нефт ва газ тизимига ётқизган сармояси 1,5 миллиард долларни ташкил этади.

"Лукойл" қазиб чиқарган газнинг асосий қисми Хитойга экспорт қилинади.

Андрей Кузяевнинг айтишича, яқин йилларда Хитой ўзбек гази учун истеъмолчи стратегик бозорига айланади.

Ва ушбу ҳол "Лукойл" юқори мартабали мулозимининг фикрича, газ экспорт этувчи Каспий ва Шимолий йўналишга жиддий муқобил вариант бўлиши мумкин.

Москвалик газ ва нефт таҳлилчиси Юрий Бялийнинг фикрича, "Лукойл" белгилаган режаларнинг амалга оширилишига, ширкат етарли имониятга эга.

"Лукойл" Ўзбекистондаги қатор газ конлари тадқиқот ва разведка ишлари учун катта маблағ сарфлаган. Бундан ташқари, "Лукойл" ширкати Ўзбекистон раҳбарияти ва маҳаллий газ операторлари билан яхши муносабатга эга. Хитой бозори, ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон учун жуда муҳим саналади. Умуман, Хитой стратегик нуқтаи назардан қаралганда, узоқни ўйлаб иш тутади. Пекин ўзидаги йирик газ конларини ҳозирча ўзлаштирмай келади. Пекин газга бўлган талабини асосан Марказий Осиё ва Россия ҳисобида қондиришга ва имкон қадар арзонроқ сотиб олишга ҳаракат қилади", дейди таҳлилчи Юрий Бялий.

Ўтган йилнинг кузида "Лукойл" Ўзбекистон газини Хитойга етказиб бериш бўйича Хитойнинг CNPC ширкати билан келишув имзолади. Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу лойиҳа 2014 йилдан амалга оширилиши мумкин.

Экспертлар газ сотувчи Марказий Осиё давлатларининг Хитойга газ экспорти кўламни ошириши, Москванинг минтақадаги мавқеини заифлаштиришга шароит яратиши мумкин.

Бундан бир ой олдин, Президент Ислом Каримовнинг Хитой сафари чоғида Ўзбекистон-Хитой газ қувури учинчи тармоғини қуришга оид битим имзоланди. Ушбу газ қувури Хитойга йилига 25 миллиард куб метр газ экспорт қилиш имконини беради.