Ўзбекистон ва Ҳиндистон қиймати 2 млрд доллардан зиёд шартномаларни имзолашди

Ҳиндистон ва Ўзбекистон раҳбарлари Фото муаллифлик ҳуқуқи AFPGetty

Ўзбекистон Миллий Ахборот Агентлиги -ЎзАнинг хабар беришича, Президент Каримовнинг Ҳиндистонга икки кунлик давлат ташрифи чоғида икки мамлакат ўртасида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга доир қиймати 2,2 млрд доллардан зиёд шартномалар имзоланган.

Президент Каримовнинг "давлат ташрифи асносида имзоланган иқтисодий соҳага оид ҳужжатларнинг умумий қиймати 2,2 миллиард АҚШ долларидан ошади," деб хабар беради ЎзА.

Имзоланган 30 дан зиёд шартномалар ёқилғи энергетикаси, ахборот технологиялари, тўқимачилик, фарматсевтика, банк ва савдо сотиқ соҳаларини қамраб олган.

Ҳиндистоннинг етакчи "Oil and natural gas corporation" нефт-газ компанияси билан ҳамкорликда углеводород заҳираларини излаш, разведка қилиш ва ўзгартиришга, "Навоий" эркин индустриал-иқтисодий зонасида оптик толали кабел ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳаларни, субстансиялар ва турли тиббий дори воситалари ишлаб чиқариш бўйича қатор лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда," деб таъкидланади Ўзбекистон Миллий Ахборот Агентлиги хабарида.

Хабарда шунингдек Ўзбекистон раҳбарининг юқори ҳинд мулозимлари билан минтақавий ва халқаро масалаларни муҳокам этгани таъкидланган.

"Томонлар қўшни Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилиб, ушбу мамлакатда тезроқ тинчлик ва барқарорлик қарор топиши муҳим аҳаммиятга эга эканини таъкидладилар," дейилади ЎзА хабарида.