'Олмония ҳукумати Ўзбек мухолифатини қўллаб-қувватлаши керак'

Image caption Вайола Ван Крамон: "Олмон ҳукумат расмийлари мухолифат вакиллари билан албатта учрашишлари керак"

Келаси ҳафта Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Владимир Норов Олмонияга сафар қилади. Жаноб Норов олмон канцлеридан тортиб, ҳукуматнинг Инсон Ҳуқуқлари Комиссаригача кенг доирадаги расмийлар билан мулоқотлар олиб бориши кутилмоқда. Берлин ва Тошкент яқин алоқаларга эга, Олмония шимолий Афғонистондаги аскарларига таъминот етказишда Термез аэропортидан фойдаланади. Аммо иқтисодий алоқалар ҳам муҳим. Бу алоқалар инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг ғашига тегиб келади. Шу ҳафта "Ҳюман Райтс Вотч" ташкилоти Олмония жаноб Норовнинг ташрифи чоғида инсон ҳуқуқларининг аҳволини яхшилаш борасида аниқ талаблар қўйиши кераклигини айтган. Ташкилотга кўра, ўзаро муносабатларнинг ривожланиши инсон ҳуқуқлари аҳволининг яхшиланишига боғланиши керак. "Ҳюман Райтс Вотч" расмий Берлинни Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистонга нисбатан киритилган ва 2009 йилда бекор қилинган Оврўпо Иттифоқи жазо чораларига путур етказишда айблаган. Олмония парламентидаги Яшиллар партияси вакили Виола Ван Крамон расмий Тошкент билан инсон ҳуқуқлари борасида давомли ва очиқ мулоқот олиб боришни талаб қилган. Биз Крамон хонимдан олмон расмийлари жаноб Норовга бу борада босим тказишларига ишонасизми, деб сўрадик:

Виола Ван Крамон: Мен олмон ҳукумати, ё канцлер ёки Ташқи ишлар вазири жаноб Норовга инсон ҳуқуқлари масаласида босим ўтказади, деб чин дилдан умид қиламан. Аммо бунга ишончим комил эмас. Чунки ҳукумат бизга берган рақамлардан маълум бўлишича, Олмония Термездаги аэропорт учун ҳамон катта миқдорда ижара пули тўлаяпти. Аммо Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг аҳволига қарасангиз, репрессиялар камаяётгани йўқ, аксинча кучайиб бораяпти. Фақат инсон ҳуқуқлари фаолларига эмас, балки бутун фуқаролик жамиятига қарши. Биз олмон ҳукумати Термездаги аэропортга қарам бўлиб қолмаслиги, унга муқобилини қидириши, бу борада бошқа Марказий Осиё давлатлари, масалан, Қирғизистон билан музокараларни бошлаши ва шу йўл билан ўзбек ҳукуматига "қаранг, сизлар яккаю ягона эмассиз, биз Термездаги аэропортга қарам бўлиб қолмаганмиз," деган муждани беришини хоҳлаймиз.

Би-би-си: Сиз Қирғизистонни тилга олдингиз, аммо Қирғизистоннинг Афғонистон билан муштарак чегараси йўқ ва ягона йўл бу ҳаво йўлидир. Шу маънода қирғиз йўли Ўзбекистон йўлидан кўра мушкулроқ бўлиши мумкин, деб ўйламайсизми?

Виола Ван Крамон: Мен бундай деб ўйламайман. Америкаликлар Афғонистондаги амалиётлар бошидан буён Бишкекда. Мен қирғиз томони билан музокара олиб боришнинг осон эмаслигини тушунуман. Аммо, иккинчи томондан, ўзбек томони йилдан-йилга ижара пулини ошириб бораяпти. Биз Термезда бутунбошли инфратузилма, хизмат, ишчилар, ёқилғи ва яна биз нимагалигини билмайдиган қандайдир товон пули ҳам тўлаймиз. Мен Термез аэропортига муқобил борлигига ишонаман. Фақат Термез эмас, бошқа алоқалар, жумладан, бизнес алоқалари ҳам бор. Бутун бу алоқаларда олмон тарафининг ўзбеклардан тортиниб туриши биз учун тушунарсиз. Президент Каримов ўзбек иқтисодини замонавийлаштирмоқчи экан, кимга мурожаат қилади, Россиягами? Албатта йўқ. У янги технологиялар учун Оврўпо Иттифоқи билан ҳамкорликка маҳкум. Ва бу ҳамкорликда у Олмонияни танлаган. Яъни, бу ерда қарс икки қўлдан. Фақат биз Ўзбекистонга эмас, балки Ўзбекистон ҳам бизга муҳтож. Шундай экан, нима учун биз Каримовнинг қўйнини шиширишимиз керак?

Би-би-си: Фалакнинг гардиши билан келаси ҳафта, айнан жаноб Норов ташриф буюраётган кун Олмонияда ўзбек мухолифатининг йирик анжумани бўлиб ўтмоқда. Унда Муҳаммад Солиҳ каби таниқли мухолифат арбоблари, шунингдек, сиёсий ташкилотга бирлаша бошлаган андижонлик қочқинлар янги халқ ҳаракати тузилганини эълон қилишлари кутилмоқда. Сизнингча,Олмония ҳукумати бу мухолифат ҳаракати билан ҳам мулоқот қилиши керакми?

Виола Ван Крамон: Мутлақо. Мутлақо. Биз турли давлатларнинг мухолифат гуруҳлари билан учрашамиз. Сурия, Ливия, Тунис ва Мисрнинг мухолифат гуруҳлари билан бу каби мулоқотлар аллақачон йўлга қўйилган. Мухолифат билан мулоқот шарт. Айниқса, Ўзбекистонга ўхшаган давлатда сиз иккинчи томоннинг фикрини эшитишингиз керак. Ўзбек мухолифатига ҳар томонлама ёрдам бериш керак. Уларга сиёсий дастак бериш, инфратузилмадан фойдаланишларига шароит яратиш, маблағ ажратиш, барча-барча соҳаларда қўллаб-қувватлаш керак. Олмон ҳукумат расмийлари бу мухолифат вакиллари билан албатта учрашишлари керак.