Сўнгги янгиланиш 23 май 2011 - 16:47 GMT

Берлинда Ўзбекистон мухолифат гуруҳларининг қурултойи бошланмоқда

Берлинда Ўзбекистон Халқ Ҳаракати аталмиш асосан Андижон қирғинидан кейин ватанни тарк этишга мажбур бўлган ўзбекистонликлар ва яна бир гуруҳ мухолифат вакиллари мустақилликнинг йигирма йили давомида илк бор йирик бир қурултой ўтказишга тайёргарлик кўрмоқдалар.

Анжуманга йиғилганлар ўз олдиларига, баъзи кузатувчиларга кўра, жуда ҳам катта мақсадларни қўйишган.

"...мавжуд сиёсий тузумнинг ўз-ўзини ислоҳ қилишга бўлган бутун имкониятлари узил-кесил тугаб битгани ва бу тузум қон тўкишларсиз, тинч йўллар билан алмашитилиши кераклиги борасидаги фикрда якдилдирлар," - дейилади Ўзбекистон Халқ Ҳаракати чиқарган баёнотда.

Аммо айни "якдил"ликни Ўзбекистоннинг ҳамон кучсиз қолаётган тарқоқ мухолифатидаги барча гуруҳлар ҳам дастаклашаётгани йўқ.

"Бирлик" Халқ Ҳаракати раҳбари Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига бош қўшаётган асосан Андижон қирғинидан кейин ватанни ташлаб чиқишга мажбур бўлган ўзбекистонликлар ва "Эрк" демократик партиясини "Исломчи ақидапарастлар" дея огоҳлантирмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати ҳам янги Халқ Ҳаракати ташкилотчилари Андижонлик муҳожирлар ва "Эрк" партиясини "Исломий экстремистлар" қаторига қўшиб келади.

Инқилоб орзуси...

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ташкилотчилари араб давлатларида рўй берган инқилоблар ва халқнинг ислоҳот талаблари билан кўчаларга чиқаётганидан илҳомланганларини яширишмайди.

Ўзбекистон сиёсий саҳнаси ўтган йигирма йил давомида "томошаларсиз" ўтаётгани айрим кузатувчиларга кўра, ҳар қандай инқилоблар эҳтимолини йўққа чиқаради.

Ўзбекистонда мустақиллик йилларида матбуот эркин бўлмади.

Мамлакатда кечган бир неча сайловнинг бирортаси ҳам халқаро ҳамжамият томонидан адолатли дея тан олингани йўқ.

Кузатувчилар, мана шундай бир вазиятда бутун бир янги авлод вояга етганига ишора қилишар экан, инқилоб орзуси ҳали бери амалга ошмаслигини тахмин қилишади.

Мухолифат сафида бўлган айрим фаоллар бу яқин келажакда, айниқса, Андижонда юзлаб бегуноҳ инсонлар ҳукумат кучлари томонидан ўққа тутилгани манзарасида ўзбекистонликларни ислоҳот талаблари билан кўчаларга чиқишига умид қилишаётгани йўқ.

Аммо Ўзбекистон Халқ Ҳаракати қурултойи фаолларидан бирига кўра, ҳеч ким нисбатан ободроқ ва озодроқ Мисрда ҳам халқ ўз ҳуқуқларини талаб қилиб чиқишини кутмаган эди.

"Ҳамма гап қандай қилиб халққа ўз ҳуқуқи учун курашиш имкониятлари мавжудлигини етказишдадир," - деди қурултой фаолларидан бири.

Инқилоб қироли учта ҳарф – www!

Ўзбекистон халқ ҳаракати ўзини илк бор интернетда кўрсатди: Facebook ижтимоий тармоғида очилган саҳифа бир неча кун ичида юзлаб ўзбекистонликлар назарига тушди.

Деярли барча мустақил хабар агентликлари, мухолифат сайтларига тўсиқ ўрната олган Ўзбекистон ҳукумати ҳалича Facebook-ни ёпиб қўйишга журъат қила олгани йўқ.

Бир ойда бир неча минг ўзбекистонликлар Facebook, Twitter каби тармоқларга аъзо бўлишмоқда.

Уларнинг аксарияти мустақиллик даврида вояга етган ёш йигит-қизлар экани айтилади.

Ўзбекистон ҳукуматининг тўла назорати остида бўлган мамлакатдаги барча матбуот нашрлари, радио ва телевизион ўтган бир неча йил ичида "яккаҳокимлигини" айнан интернетга қўлдан бой берди.

Хабарларга кўра, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ва бошқа мухолиф гуруҳларнинг интернетдаги анчайин жиддий ҳаракатлари ҳукуматни ташвишга солиб қўйган.

Маҳалла фаоллари компютерга эга хонадонлар рўйхатини туза бошлаганлар.

Олий ўқув юртларида эса имтиҳонлар санаси ҳам ўзгартирилган ва талабалар эртароқ таътилга чиқарилган.

Ҳукуматнинг бу каби "чоралари" Ўзбекистон Халқ Ҳаракати қаторида бошқа мухолиф гуруҳларни ҳам илҳомлантираётгани аниқ.

Қолаверса, бугун мамлакатдан ташқарида қолаётган юзлаб мухолифатчилар учун ўз мақсадлари йўлида курашишнинг энг ишончли ва эҳтимолки, ягона "қуроли" ҳам интернетдир.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

(Кўпи билан 500 белги)

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.