'Асосий мақсад - Ўзбекистондаги мавжуд тузумни тинч йўл билан алмаштириш'

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати аталмиш асосан Андижон қирғинидан кейин ватанни тарк этишга мажбур бўлган ўзбекистонликлар ва яна бир гуруҳ мухолифат вакилларининг Олмония пойтахти Берлинда бошланган қурултойида Ўзбекистондаги мавжуд сиёсий тузумни тинч йўл билан алмаштириш иштирокчилар томонидан асосий мақсад сифатида белгилаб олинди.

13 май Иттифоқи платформасида ташкил этилган Ўзбекистон Халқ Ҳаракати бир қатор сиёсий ва жамоат ташкилотлари, шунингдек, фуқаролардан иборатдир.

Ҳаракат таъсисчилари "Ўзбекистонда узоқ йиллардан бери мамлакатни давлат террори йўли билан бошқариб келган мавжуд сиёсий тузумнинг ўз-ўзини ислоҳ этишга бўлган бутун имкониятлари узил-кесил тугаб битгани ва тузум қон тўкишларсиз, тинч йўллар билан алмаштирилиши кераклиги борасидаги фикрда якдил" эканликларини айтишади.

Ҳаракат кенг халқ оммасининг протест потенциалини тузумга қарши тинч шаклдаги бўйсунмаслик акцияларига йўналтириш, тузум раҳбари ва унинг ҳукуматини тинч йўллар билан истеъфога чиқаришга эришиш, ҳокимият тизимларига эркин ва адолатли сайловлар ўтказиш жараёнини тайёрлаш ва уни амалга ошириш, барча сиёсий маҳбусларнинг озод этилиши ва тўлиқ оқланиши, мухолифат раҳбарларининг мамлакатга қайтишларига эришиш ўзининг асосий вазифалари эканини айтади.

Қурултойнинг биринчи кунида яна Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг низоми ва дастури ҳам тасдиқланди.

Сиёсий ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ("Эрк", Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти, Ўзбекистон Демократик форуми, Андижон Адолат ва Тикланиш, Таянч ташкилоти, Ёшлар ҳаракати) муассислар бўлишди.

"Эрк" демократик партияси раиси Муҳаммад Солиҳ эса, Муассислар Мажлиси раиси этиб сайланди.

Бу Ўзбек мухолифати вакилларининг хорижда, эҳтимолки, мустақилликнинг йигирма йили давомида илк бор йирик бир қурултойга йиғилишларидир.

Элликдан ортиқ вакиллар иштирок этаётган илк йиғин баҳсу мунозараларга бой бўлди.

Эртага Андижон Адолат ва Тикланиш ташкилоти Олмония парламентининг айрим вакиллари билан ҳам учрашишади.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг қурултойида минтақа масалаларида мутахассис америкалик олим Питер Синнет ҳам кузатувчи мақомида иштирок этмоқда. Ўзининг Mарказий Осиёга қизиқишини урғулар экан, Синнет жаноблари Ўзбекистондаги сўнгги вазиятдан хавотирда эканини айтади:

Image caption Питер Синнет Ўзбекистондаги сўнгги вазиятдан хавотирда эканини айтади

Питер Синнет – Марказий Осиё, айниқса, Ўзбекистонда Андижон воқеаларидан кейин вазият ўта абгорлашди деб ўйлайман. Ўзбекистон ҳукумати ўз халқига хизмат қилаётгани йўқ. Мамлакат расмийлари барча ўзбекистонларни иш билан таъминладик, халқнинг ҳаёти фаровон деган эртак айтиб келишмоқда. Бир неча миллионлаб Ўзбекистонликлар ватандан ташқарига иш қидириб кетишган. Менимча, Ўзбекистон ҳукумати ҳам ортиқ бу каби йўллар билан мамлакатни идора қила олишга қурби етмайди. Ҳукумат қулаши мумкин деган фикрдаман...

Нимага ишониб бундай демоқдасиз? Мамлакатда кучли мухолиф гуруҳлар йўқ, ҳукумат барча куч тизимларини назорат қилади...

Питер Синнет – Рост, ҳукумат мамлакат ичкарисида мухолифат фаолиятига изн бермайди. Аммо мамлакат ташқарисида, менинг назаримда, анчайин кучли ва кучайиб бораётган мухолифат мавжуд. Аммо миллионлаб одамлар рўзғор тебратиш учун ватанни тарк этиб мардикорликка кетишар ва улар уйга жўнатаётган пуллар мамлакат иқтисодининг каттагина қисмини ташкил этар экан, халқ ҳукуматни дастаклаши ва ҳаётидан мамнун бўлишини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Албатта, Ўзбекистонни миршаблар мамлакати ўлароқ бошқариш, мухолифатни йўқ қилиш ва хавфсизлик тизимларини кучайтириш билан қудратда қолиш мумкин,.. аммо бу йўлда ҳукуматда узоқ қолишнинг имкони йўқ, деб ўйлайман....Каримов айни шу йўллар билан қудратда қолишга қаттиқ ҳаракат қилди ва шу пайтга қадар бунинг уддасидан чиқди ҳам... Аммо Президентнинг ёши ўтиб бормоқда, кексаймоқда ва айни йўлда мамлакатни бошқариш тобора мушкуллашиб бораётир. Мамлакатни фақат қўрқув билан идора қилишнинг имкони йўқ.