Маркус Лёнинг: маҳбуслар ҳақидаги гап Ўзбек ҳайъатининг ғашига тегди

Image caption Ўзбек ҳайъати билан учрашувни "ҳеч бўлмаганда суҳбат" деган бўлардим, дейди Маркус Лёнинг.

Берлинда Ўзбек мухолифати фаоллари қурултой ўтказиб, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати низоми ва мухолифат стратегиясини мубоҳиса этишар экан, Тошкент расмийлари ҳам Олмония пойтахтига борганлар.

Ўзбекистон ҳукумати ҳайъатига мамлакат Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Владимир Норов бошчилик қилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ва Олмония парламентининг баъзи аъзолари Олмон ҳукуматини Ўзбек томонига инсон ҳуқуқлари масаласида аниқ талабларни қўйишга чақирганлар.

Жаноб Норов билан учрашган Олмон расмийларидан бири Олмония ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Маркус Лёнингдир.

Жаноб Лёнинг Ўзбек мухолифати фаоллари билан ҳам учрашган.

Би-би-си ундан жаноб Норовга кўпчилик томонидан даҳшатли дея баҳоланадиган Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига оид хавотирларни изҳор этдингизми, деб сўради.

Маркус Лёнинг: Учрашув менинг Ўзбекистондаги матбуот ва сўз эркинлиги ҳақида, мамлакатдаги вазият юзасидан танқидий мақолалар ёзгани учун қамоқда ўтирган инсонлар ҳақидаги саволларимдан бошланди. Биз болалар меҳнати масаласини кўтардик ва мен нима учун Халқаро Меҳнат ташкилоти ҳалиям Ўзбекистонга текширув учун таклиф этилмаганини сўрадим. Мен, шунингдек, нима учун хорижий журналистларга мамлакатга киришга изн берилмаётганини сўрадим, чунки Ўзбек томони доимо "танқидлар тўғри эмас, ёвуз ниятли матбуот Ўзбекистон ҳақида ёмон нарсаларни ёзади", деб шикоят қилади. Мен уларга "шаффоф муҳитни яратинг, журналистларга изн беринг, ана шунда ҳамма нарса ойдинлашади", дедим. Аммо Ўзбекистон томонидан бу масалага розилик иштиёқини мен кўрмадим.

Би-би-си: Демак жаноб Норов бу хавотирларнинг "ҳаммаси нотўғри", деб жавоб қайтарипти-да?

Маркус Лёнинг: Ҳа, умумий қилиб айтганда, улар аслида журналистлар Ўзбекистон ҳақида ёмон нарсаларни ёзишаяпти, Ўзбекистон Совет тизимидан қутилиш учун узоқ йўлни босиб ўтди, ютуқларга эришди, аммо ҳамма жойда ҳам Ғарб даражасига етишиш имкони бўлмади, деб жавоб қайтаришди. Албатта, бу бир баҳона, чунки Советлар таъсирида бўлган бошқа мамлакатлар бутунлай нормал, демократик ва озод жамиятларга айланишди. Бунга мисол қилиб Полша, ёки Руминия ё бўлмаса Болтиқ давлатларини олишингиз мумкин.

Би-би-си: Суҳбат шу тарзда ўтган экан, буни сиз диалог деб айта оласизми ёки вақтингиз бекорга сарфландими?

Маркус Лёнинг: Буни ҳеч бўлмаганда суҳбат деган бўлардим. Мен ҳаттоки анча очиқ суҳбат деб атаган бўлардим. Жаноб Норов очиқ, юзма-юз диалогни исташини айтди. Мен юзма-юз диалог дегани бизнинг айтган гапларимизга қулоқ солишингизни англатади, дедим. Агар сиз тенг даражада мулоқот қилишни истасангиз, инсон ҳуқуқлари масаласида айни меъёрларни тан олишингиз керак. Жаноб Норовга бу гапларни эшитиш унчалик ёқмаганини кўриш мумкин эди.

Би-би-си: Суҳбат чоғида ўзбек шоири ва диссиденти Юсуф Жума иши ҳам кўтарилдими?

Маркус Лёнинг: Бу масала кўтарилди, аммо мен қамоқларда қолаётган бошқа яна кўплаб инсонлар ишини ҳам кўтардим. Лекин бу уларнинг ғашига тегди ва муҳокамадан олиб ташлашди. Менга мактаб директори эмаслигимни ва ўзбек томонига бу ҳақда маълумот бериш шарт эмаслигини айтишди. Хуллас, аниқ ишлар ҳақида гапирсак, бу уларга умуман ёқмади.

Би-би-си: Турли инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва Олмония парламенти аъзолари инсон ҳуқуқлари соҳасидаги камчиликлар бўйича очиқ-ойдин диалог ўтказиш баробарида аниқ амалий қадамлар ташланиши кераклигини айтишди. Акс ҳолда, уларга кўра, Термиз базасига Олмониянинг йирик миқдорда пул тўлаши ёки Олмон ширкатларининг Ўзбекистонда даромад кўришлари ўзини оқлаймади. Агар биргина мулоқот шундай ўтган бўлса, биз Олмония ҳукуматининг Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиши адолатдан эмас, деб хулоса қилишимиз керак эмасми?

Маркус Лёнинг: Келинг, Ўзбекистон ва Олмония ўртасидаги иқтисодий алоқалардан бошлайлик. Улар жуда ҳам кўримсиз. Ҳозирда савдо ёки сармоя ётқизиш йўқ ҳисоби. Олмония ва Ўзбекистон ўртасида савдо ва тижорат палатаси бор эди, бу палата кўп йиллар олдин ёпилиб кетди. Чунки Ўзбекистон оддий сармоя ётқизиш жараёнини ҳам қийинлаштириб ташлаган. Мамлакатга пул ётқизишни ҳам, уни олиб чиқишни ҳам, жуда мураккаблаштириб ташлашган. Ўртада кўплаб соҳаларда яққол келишмовчиликлар бор. Ўзбекистон, қисқа қилиб айтганда, савдо ва сармоя учун жуда ҳам ёқимсиз мамлакатга айланган. Шунинг учун сармоя ётқизиш деярли йўқ десак бўлади. Энди Термиз ҳаво базаси масаласига келсак, ҳозирги Олмон ҳукумати ушбу базани олдинги ҳукуматдан олди. Аввал бошдан "молиявий хизматга-хизмат" битими имзоланганди ва битимга Олмония ҳукуматига ким келмасин, риоя қилинди. Ҳозирги ҳукуматга ҳам Афғонистондаги қўшинларини таъминлаб туриши учун Термиз базаси керак. Чунки Олмон аскарлари ўнгида ҳукумат масъулияти бор. Бу ҳолат ҳозирги ҳукуматни ўта қийин аҳволга солиб қўйган.

Би-би-си: Сиз ўзбек мухолифати аъзолари билан, жумладан Андижондан чиқиб кетганлар билан учрашдингиз... Қандай таассурот қолди?

Маркус Лёнинг: Энг аввало бу учрашув менинг Ўзбекистон дунёнинг энг репрессив режимларидан бири деган хулосаларимни тасдиқлади. Менинг учун муҳим бўлгани, улар Ўзбекистон ҳукумати билан инсон ҳуқуқлари масаласини муҳокама этишни такрор ва такрор сўрашди. Ўзбекистон ҳукуматига биз вазиятнинг қанчалар ёмонлигини билдириб қўйишимиз кераклиги, бунга биз жим қараб тура олмаслигимизни ва қамоқларда қолаётган маълум шахсларнинг аҳволини сўрашимиз кераклигини айтишди. Мен мухолифат кучини баҳолай олмайман, аммо улар етказмоқчи бўлган муждани тушунаман.

Би-би-си: Олмон ҳукумати фақат гап билан чекланиб қолмасдан, мухолифатга амалий ёрдам бера оладими, Олмонияда ташкил бўлаётган ташкилотни муҳожиротдаги мухолифат дея жиддийроқ қабул қила оладими?

Маркус Лёнинг: Биз яқин алоқада бўлиб туришга, маълумот алмашиб туришга келишиб олдик. Бизда умумий мақсад бор: Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинсин, бу умумий сиёсий мақсаддир, биз айни масалада яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олдик.