Президент Ислом Каримовга Президент Обаманинг шахсий мактуби топширилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Америкалик юқори мартабали мулозимлар ташрифи арафасида ўзбекистонлик диссидент шоир эркинликка чиқарилган

Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларига кўра, АҚШ Президенти Барак Обаманинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси ёрдамчиси Денис Макдона Тошкентда Президент Ислом Каримовга АҚШ президентининг шахсий мактубини топширган.

Учрашувда америкалик мулозим Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий тиклашдаги иштирокини юксак қадрлашини таъкидлагани хабар қилинган.

30 май куни АҚШ Давлат департаментининг ҳайъати Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида музокаралар ўтказган.

Ҳайъатга АҚШ Давлат котиби ёрдамчисининг ўринбосари Сюзан Эллиот раҳбарлик қилган.

Америкалик расмийларнинг Тошкентга сафари арафасида Ўзбекистоннинг "Жаслиқ" қамоқхонасида сақланган диссидент шоир Юсуф Жума озодликка чиқарилган ва Америка Қўшма Штатларига жўнаб кетишига имкон берилган.

Юсуф Жуманинг эркинликка чиқарилишини Америка томони олқишлаган, Ўзбекистондаги элчихона бу амални инсонпарварлик белгиси, деб таърифлаган.

Кузатувчиларга кўра, Президент Барак Обаманинг шахсий мактуби мазмуни Яқин Шарқдаги сўнгги воқеаларга боғлиқ бўлиши мумкин.

АҚШ Давлат департаментидаги маърузасида Президент Обама "Араб баҳори" "Америка дипломатиясида янги саҳифа очиши"ни айтган эди.

Президент Барак Обама Америка Араб давлатларидаги авторитар тузумларга қарши норозилик ҳаракатларига демократик ислоҳотларни дастаклаш ҳаракатларини кучайтириш билан жавоб беради, деган.