Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбек қамоқхонасидан яна бир маҳкум жасади чиқарилди

29 яшар Муҳиддин Абдуллаев Тошкентдаги марказий қамоқхона - "Тоштурма"дан Қашқадарё вилояти Шайхали қўрғонидаги жазони ўташ муассасасига кўчирилишидан 17 кун ўтиб вафот этган.

Бу ҳақда Тошкентдаги "Эзгулик" инсон ҳақлари жамияти хабар тарқатди.

Марҳумнинг оиласига кўра, Муҳиддин Абдуллаев жасадини хуқуқ-тартибот органлари ходимлари келтирганлар ва яқинларидан уни зудлик билан кўмишни талаб қилганлар.

Бироқ, марҳумнинг оиласи унинг танасида қийноқ аломатлари бўлганини кўришганини айтишмоқда.

Расмий тиббий комиссия Муҳиддин Абдуллаев "жигар циррозидан ўлди," дея хулоса чиқарган.

Би-би-си бу ҳақда "Эзгулик" фаоли Абдураҳмон Ташановнинг марҳум яқинларига таяниб айтишича, жасадни келтирган ҳуқуқ-тартибот идоралари қийноқ аломатларини улардан "яширишга ҳаракат қилишган".

Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, кейинги пайтларда Ўзбекистон қамоқхоналарида диндор маҳкумларга нисбатан қийноқ қўллаш "жудаям кучайган".