Лола Каримова-Тиллаеванинг маҳкама иши Британия матбуотида

Image caption The Telegraph Л.Каримова-Тиллаева ҳақида

Британияда нашр этилувчи нуфузли The Telegraph газетаси "Оврўпо Иттифоқи Ўзбек диктаторининг қизига 3.5 миллион фунт грант бергани учун танқидлар остида " сарлавҳали мақолани нашр қилган.

Газетанинг Марказий Осиё бўйича мухбири Ричард Оранжнинг ёзишича, айни грант Болаларни ижтимоий мослаштириш Республика марказига берилган.

Би-би-си билан суҳбатда газета мухбири Ричард Оранжнинг айтишича, Лола Каримова адвокатлари маҳкама ишида ўз мижозларининг Ўзбекистонда қанчалар яхши хайрия амалларига тасдиқ ўлароқ бу хатни тақдим қилишган.

“ Бизга маълумки, грант ажратилган, аммо ҳали хайрия ташкилотига ҳали берилгани йўқ “, дейди журналист.

Ўтган ой охирларида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг қизи Лола Каримова-Тиллаеванинг Rue89 Интернет нашрига қарши даъвоси бўйича ишни кўриб чиққан Париж маҳкамаси ўз қарорини 1 июлда эълон қилиши ҳақида маълум этган эди.

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги элчиси Лола Каримова-Тиллаева француз веб-сайтини ўзини "диктаторнинг қизи" деб атагани учун судга берган.

“ Қош қўяман деб...”

Image caption Лола Каримова-Тиллаева отасини ҳимоя қилмоқда

The Telegraph мухбири Ричард Оранжнинг айтишича, “бу маҳкама ишидан аввал бошида кўзланган мақсад, Франсанинг интернет нашрининг Лола Каримова таниқли шахсиятларга маълум бир зиёфатларга қатнашиши учун пул берган деган даъволарини чиппакка чиқаришдан иборат бўлган. Яна бир томони, бу нашр Лола Каримованинг диктаторнинг қизи деб таърифлагани билан боғлиқ “.

Аммо журналистга кўра, маҳкамага тортилган томон маҳкама иши айни муддаодир. Яъни, улар буни сиёсий театрга айлантиришлари ва Ўзбекистондаги режимнинг камчиликларига эътибор жалб қилишга эришишлари мумкин.

Маҳкамада иштирок этган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳам Президент Каримовнинг қизининг айни амалини олқишлаганлар.

Уларнинг назарида дунёдаги энг репрессив режимлар қаторидан жой олиб келаётган Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан бўлган абгор ҳолатга эътибор кучайиши мумкин.

Лола Каримова – Тиллаеванинг Париж маҳкамасига мурожаат қилиши ростдан ҳам қатор халқаро нуфузли матбуот нашрларининг эътиборини қозонди.

Президент Каримовнинг йигирма йилдан ортиқ қудратда қолиб келаётгани, Ўзбекистонда матбуот эркинлиги йўқлиги, инсон ҳуқуқлари билан бўлган абгор вазият ва Андижон қирғини Париж маҳкамаси билан боғлиқ деярли барча мақола ва изоҳларда урғуланмоқда.