Ўзбекистон ҳукумати болалар меҳнатига оид даъволарни инкор этди

мактаб ўқувчилари

Ўзбекистон ҳукумати мамлакат пахта етиштиришда ҳалиям болалар меҳнатидан фойдаланаётгани ҳақидаги даъволарни "уйдирма" дея инкор этди.

Расмий Тошкентга кўра, бундай уйдирмалар ортида "мамлакатни ёмонотлиқ қилиш ва унинг иқтисодиётига зарар етказиш" мақсади ётибди.

Дунёда пахта экспорти бўйича учинчи ўринда турадиган Ўзбекистон, Қўшма Штатлар ва Оврўпо Иттифоқидаги пахта импортчилари босимлари остида қолгач, 2008 йилда пахта далаларида болалар меҳнатидан фойдаланишни таъқиқлаган эди.

Бироқ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва маҳаллий ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматини ўзи чиқарган қонунларни поймол этишда айблашди.

Уларга кўра, Ўзбекистонда болалар меҳнатидан ҳалиям кенг фойдаланилмоқда.

"Алоҳида хорижий ширкатлар, ташкилотлар ва матбуотнинг турли уйдирма ва бўҳтонлари.... Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қадрини туширишга қаратилган," дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги jahonnews.uz веб саҳифасида.

Бу ҳақда Ўзбекистон касаба иттифоқлари Федерация Кенгаши, Фермер хўжаликлари ассоциацияси ва Меҳнат вазирлиги қўшма баёнотида айтилган.

Ўзбекистон касаба иттифоқлари Федарацияси Кенгаши ва Ўзбекистон Фермер хўжаликлари ассоциацияси шунингдек болаларни меҳнатга мажбурлашга йўл қўймаслик учун "махсус ишчи гуруҳлари"ни тузишга келишиб олганлар.

Қўшма баёнотда таъкидланишича, Ўзбекистон пахтасининг деярли барчаси фермерлар томонидан териб олинади.

Фермерлар эса "болаларни оммавий равишда пахта теримига жалб қилишдан иқтисодий жиҳатдан манфаатдор" эмас.

Ўзбекистон пахта йиғим-теримида болалар меҳнатидан фойдаланаётгани ҳақидаги даъволарни давомли инкор этиб келади.

Wal-Mart, Marks&Spencer ва Gap сингари кийим-кечак билан савдо қилувчи дунёдаги етакчи ширкатлар Ўзбекистонда етиштирилган пахтани бойкот қилганлар.